Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

23.03.2021


Бу гал 10 ходимга маош тўланмаган...

Кейинги вақтларда “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси фаолияти билан боғлиқ кўплаб салбий хабарлар янграмоқда. Жумладан, бир муддат илгари Президент раҳбарлигидаги йиғилишда “Тоза ҳудуд” корхоналарининг дебитор қарздорлиги юқори экани, Қашқадарёда бюджет ҳисобидан олинган 23 та махсус техника талон-торож қилингани ҳақида айтилган бўлса, корхона тизимида ишловчи кўплаб ходимларга ойлик иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилмаётгани ҳақида ҳам бот-бот чиқишлар қилинаётир.

Жумладан, ўтган йили вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ходимларига  20 миллион 611 минг сўмлик ойлик иш ҳақлари тегишли органлар аралашуви билан тўлаб берилган бўлса, маълум фурсатдан сўнг корхонанинг яна бир ишчиси, Қарши тумани Қоратепа маҳалласида яшовчи Н.Й.га ўз вақтида тўланмаган 4 миллион 732 минг сўм иш ҳақи ундириб берилиши таъминланган эди.

Бу гал вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасида ишловчи бир гуруҳ ходимлар Деҳқонобод тумани адлия бўлимига мурожаат қилиб, корхона томонидан иш ҳақлари ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли амалий ёрдам беришни сўраган.

Адлиячилар томонидан мурожаат атрофлича ўрганиб чиқилиб, корхонанинг 10 нафар ходими манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига даъво аризалари киритилди.

Суд томонидан даъво аризалари қаноатлантирилиб, ходимларга жами 22 миллион 650 минг сўм миқдорида ойлик иш ҳақларини ундириб бериш тўғрисида суд буйруғи чиқарилди.

Умуман, “Тоза ҳудуд” корхонаси билан боғлиқ кейинги хабарлар, аҳоли нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтиш мумкинки, соҳа жиддий ўзгаришларга, ислоҳотларга муҳтож...

Report typo