Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • БУ ЙИЛ ЁЗГИ СУҒОРИШ МАВСУМИДА ВИЛОЯТИМИЗДА 760 МИЛЛИОН КУБ МЕТР СУВ ЕТИШМАЙДИ

Ўз мухбиримиз

05.06.2020


БУ ЙИЛ ЁЗГИ СУҒОРИШ МАВСУМИДА ВИЛОЯТИМИЗДА 760 МИЛЛИОН КУБ МЕТР СУВ ЕТИШМАЙДИ

Бу дефицит қайси манбалар ҳисобидан қопланади?

Долзарб мавзу

Шу йил ёзги мавсумда вилоятимизда экин майдонларини суғориш учун 3 миллиард 772 миллион куб метр миқдорида сув талаб этилиб, ажратилган лимит 3 миллиард 12 миллион куб метрни ташкил қилади. Етишмайдиган оби ҳаёт миқдори 760 миллион куб метрга тенг ва бу Чимқўрғон сув омборининг фойдали ҳажмидан икки баравар кўпдир.

Республика ҳукуматининг жорий йил 1 июндаги қарорида юртимизда 2020 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигига доир рақамлар келтирилар экан, етишмайдиган сув миқдорини қоплаш манбалари ҳам кўрсатилган. Хусусан, вилоятимизда кутилаётган 760 миллион куб метр миқдоридаги сув дефицитининг қарийб 42 фоизи экинларни тўғри жойлаштириш ва сув тежовчи агротехнологияларни қўллаш, яна 40 фоизидан ортиғи ирригация тадбирларини амалга ошириш, тахминан 8 фоизи коллектор-дренаж тармоғига қўшимча насос ўрнатиш, салкам 7 фоизи сув тежовчи технологияларни қўллаш ва 3 фоизи янги суғориш қудуқларини бурғулаш ҳисобидан қопланиши назарда тутилган.

Шу йилнинг июнь ойида сув хўжалиги ташкилотларининг эксплуатация маблағлари ҳисобидан вилоятимиз бўйича 127,6 километр узунликдаги ирригация тизимларида тозалаш ишлари бажарилиб, 198 та гидротехник иншоот ва 121 та гидропост таъмирланади. Бу тадбирлар учун 960 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, 22 минг гектар майдонда сув таъминоти яхшиланади. Худди шу манба ҳисобидан ойнинг охиригача 41 та суғориш ва 6 та вертикал дренаж қудуқларини таъмирлаш-тиклаш, фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари ҳисобидан эса 35 та насос агрегатини таъмирдан чиқариш режалаштирилган.

Вилоятдаги 17 минг 448 гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, шундан 10 минг гектарда кўчма эгилувчан қувурлар ётқизиш, қолган қисмида эса томчилатиб ва плёнка тўшаб суғоришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Қарорда, шунингдек, кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича кўплаб бошқа чора-тадбирлар ҳам белгиланган.

Гидрометеорология хизмати марказининг маълумотига кўра, 2020 йилда Қашқадарё дарёси ҳавзасида кутилаётган сув миқдори меъёрга нисбатан 70 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Бугунги кунда юртимиздаги бир қатор йирик сув иншоотлари қатори Талимаржон сув омборида ҳам оби ҳаёт захираси олдинги йилларга нисбатан 20-30 фоизга кам.

Ўз мухбиримиз

Report typo