Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

12.11.2019


Бу не юз қаролиғ бўлди...

Мутолаа учун тавсия

 Туркистон заминини босиб олишда фаол иштирок этган чор Россияси қўшинлари генерали Михаил Дмитриевич Скобелев айтган экан: "Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданиятини, тилини, санъатини йўқ қилсанг бас, ўзи тез орада таназзулга учрайди". Босқинчиларнинг бунга бўлган уринишини эса ўша даврларда халқимиз ўз бошидан кечирган. Қайсидир маънода руслар бу борадаги муайян мақсадларига эришганини ҳам инкор этолмаймиз. Уларнинг тилимиз, миллий менталитетимизга таъсири нуқси ҳамон айрим жабҳаларда учраётгани бунга яққол далил бўла олади.

 

Бундан англанадики, таназзулга учрашни истамаган элу халқ ўз юрти, тарихи, дини, тили ва маданиятини асраш учун курашиши, севиши, ўрганиши ҳамда тараққий эттириши шарт. Шу маънода  юртимиз тарихига оид айрим китоблар билан танишиб чиқсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Буюк аллома, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530)нинг "Бобурнома" асарида  муҳим воқеа-ҳодисалар билан бир қаторда, табиат, география, тарих, адабиёт ва бошқа соҳаларга оид маълумотлар кенг ёритиб берилган. Хусусан, манбада Ўрта Осиё, Хуросон ва Афғонистон тўғрисидаги маълумотлар, ҳарбий юришлар, шу ҳудудларда яшовчи халқларнинг турмуш тарзи ва маданияти ишончли, ихчам ва тушунарли тарзда тасвирланган. Шунингдек, асарда адибнинг шахси, унинг таржимаи ҳоли, оиласи, авлодлари, ўзига замондош бўлган инсонлар ва кишиларга муносабати борасидаги қарашлари ўз аксини топган.  "Бобурнома" адабий ва тарихий аҳамиятга молик мемуар   ҳисобланади.

Бобур Андижонда Фарғона улуси ҳокими Умаршайх Мирзо оиласида дунёга келган. Онаси Қутлуғнигор хоним бўлган. У ота тарафдан Амир Темурнинг ўғли  Мироншоҳга, она тарафдан Чингизхоннинг ўғли Чиғатойга бориб тақалади.

Бобур 12 ёшида отадан етим қолгач, Фарғона улуси ҳукмронлиги учун амакилари ва тоғалари билан кураш олиб боради. Туркистон тахти учун курашда эса Шайбонийхондан енгилиб, Ҳиндистон тарафларга ўз бахтини излаб кетади. Бу ҳақда ўзи битган "...Ўз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим, Ё раб, нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди", деган жумлалар юртдан узоқ кетишга мажбур бўлган ўғлон ҳайқириғи эди.

1526 йилнинг апрелида Деҳлини эгаллаган Бобур Ҳиндистонда бобурийлар сулоласига асос солди ва бу сулола Ҳинд диёрида уч юз йилдан ортиқ вақт ҳукмронлик қилган.

Асарда Бобур ўзи забт этган ҳудудлардаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, деҳқончилик ва суғориш тизимларини қуриш, солиқлар ҳамда давлатни бошқариш усули ва сиёсати ҳақида фикр юритган. Осиё аҳолиси, қасрлари, довонлари, иқлими, халқларнинг урф-одатлари, мусулмонлар ва ҳинд ибодатхоналари, тўй ва дафн маросимлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тоғу дарёлари ва ўрмону чўллари ҳақидаги маълумотлар ҳам китобдан жой олган. Масалан, манбада Афғонистондаги Дашти Шайхда ўттиз уч хилдаги бир-бирини такрорламайдиган лола турлари учраши айтиб ўтилган.

Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий аҳвол ҳақида тушунтиришлар бериб, Амир Темур, Умаршайх, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Бадиуззамон, Музаффар мирзо каби давлат бошлиқларининг фаолиятига  тўхталган. Шунингдек, "Бобурнома"да Алишер Навоий, Биноий, Абдураҳмон Жомий, Сайфий Бухорий, Камолиддин Беҳзод, Шоҳ Музаффар,  Қул Муҳаммад Удий, Шайхи Нойий, Шоҳқули Ғижжакий каби илм-маърифат, санъат аҳли ҳақида ҳам қизиқарли ҳикоялар мавжуд.

Асарни ўқиш жараёнида Бобур шахсиятидаги ростгўйлик ва ҳақгўйлик, мардлик ва адолатпарварлик, меҳрибонлик ва қаттиққўллик хислатлари билан танишамиз. Зеро, Ҳиндистоннинг буюк фарзанди Жавоҳарлаъл Неру "Ҳиндистоннинг кашф этилиши" асарида ёзганидек: "Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли, тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севарди".

Бобурийлар ҳақида ёзилган асарлар орасида Гулбаданбегим (1523-1603)нинг "Ҳумоюннома" асари алоҳида эътиборга молик. Бобурнинг Ҳумоюн, Комрон, Аскарий, Ҳиндол исмли ўғиллари қаторида қизи Гулбаданбегим ҳам тарихда из қолдирган. У ҳам отаси каби бир қатор шеърлар ёзган, акаси Ҳумоюн ва унинг ўғли Жалолиддин Акбаршоҳ саройида ҳурматли шахс ҳисобланган.

Гулбаданбегим жияни Акбаршоҳнинг таклифи билан ёзган "Ҳумоюннома" асарида Шимолий Ҳиндистон халқлари, Бобур ва Ҳумоюн шахси, ҳаёт тарзи, оиласи, кийим-кечаклари, тўй ва аза билан боғлиқ удумлар ҳамда улар даврида содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида маълумот беради. Асар мантиқан "Бобурнома"нинг давомидир. Аксарият олимлар "Ҳумоюннома"ни нозик дид, юксак фаросат, назокат ва латофат ила содда, аммо сермаъно ёзилган манба ҳисоблайдилар.

Муаллиф ўз асарини ёзишда "Бобурнома"га таянган ҳамда кўрган ва ишончли кишилардан эшитган воқеаларини ўз таассуротларига асосланган ҳолда баён қилган. Унда айтилишича, Бобур Ҳинд ўлкасини ўта қийинчилик билан эгаллаб, Мовароуннаҳрдаги бошқарув тизими ва айрим урф-одатларни Ҳиндистон халқлари ҳаётига ҳам жорий қилган. Шайбонийлар даврида темурийлар сулоласига мансуб кўплаб кишилар Бобур паноҳига борган. Саркарда умрининг охирларида тахтдан Ҳумоюн фойдасига воз кечиб, ижод билан шуғулланишни орзу қилган. Асарда Бобур ўз жонини ўғли Ҳумоюнга бағишлаши ва ўлими тарихи ўта таъсирли ёзилганки, ўқиган кишининг кўзига ёш келади.

"Ҳумоюннома"да ёзилишича, катта амалдору мулкдорларнинг сарой ўйинлари натижасида ака-укалар - Ҳумоюн, Комрон, Аскарий ва Ҳиндол ўртасида ўзаро тахт учун курашлар бошланиб кетади. Айниқса, Комрон мирзо ва Аскарий мирзо Ҳумоюнга кўп зарар етказган.

Манбанинг гувоҳлик беришича, Ҳумоюннинг онаси Моҳимбегим, Комрон ва Аскарийнинг онаси Гулрухбегим, Ҳиндол ва Гулбаданбегимнинг онаси Дилдорбегим бўлган. Балки, шу омил ҳам ака-укалар ўртасидаги зиддиятларга сабаб бўлгандир?

Муаллифнинг баён қилишича, Ҳумоюннинг укалари билан тахт учун кураши кейин ҳам давом этган. Натижада Ҳиндол мирзо жангда жароҳат олиб, ўлади. Гулбаданбегим Ҳиндол мирзо ўлимида Комрон мирзони айблайди ва "Билолмадимки, қандай бераҳм золим бу беозор йигитни зулм тиғи билан бежон қилди. Кошки у тиғ менинг юрагим ёки кўзимга, ёки ўғлим Саодатёрга, ёки Хизр Хўжахонга теккан бўлса эди. Оҳ, юз марта оҳ ва афсус, эсиз, минг марта эсиз! Ҳайҳот, оҳ эй, афсус. Қуёшим булутлар остида беркилди!" деб нола қилади. Ўзаро курашларда Аскарий мирзо асир олиниб, мажбурий тарзда Ҳажга юборилади ва ўша ёқларда вафот этади.

Ҳумоюннинг буйруғига биноан 1555-йиллар атрофида укаси Комрон мирзонинг кўзига мил тортилиб, кўр қилинади. Асар ҳам "Подшоҳ ҳазратлари мажбур бўлиб, Рахтос атрофига етганда, Саид Муҳаммадга: "Мирзо Комроннинг ҳар иккала кўзига мил торт", деб буюрдилар. У шу ондаёқ бориб, мил тортди. Подшоҳ ҳазратлари мил тортгандан кейин..." сўзлари билан узилиб қолади. Китобнинг сўнгги саҳифалари ҳануз топилмаган. Нега? Балки асарнинг давоми ҳақиқатан ҳам ёзилмагандир. Балки бир умр ака-укалари аҳил, меҳр-оқибатли бўлиб яшашини орзу қилган юксак дид ва нозик қалб соҳибаси Гулбаданбегим кейинги воқеа-ҳодисаларни ёзишни истамаган ёхуд юраги дош бермагандир.

1907-1998 йилларда яшаган инглиз адибаси Маргарет Румер Годденнинг 1980 йилда ёзилган "Гулбадан" асари бобурийлар давлати ва сулоласи ҳақидаги ажойиб манбадир. Муаллиф кўп йиллар Ҳиндистонда яшаб, Калькутта шаҳридаги мусиқа ва санъат мактабида болаларга рақс санъатидан дарс берган. Олтмишдан ошиқ асарлар ёзган.

"Гулбадан"да қайси подшоҳ, қайси давр ва қандай воқеа ҳақида сўз кетмасин, Бобуршоҳ ва Дилдорбегимнинг қизи Гулбаданбегимнинг ҳаётига оид тафсилотлар муаллиф диққат марказида туради. Таърифланишича, Гулбадан ёшлигидан кўҳликкина, одобли, китобсевар, идрокли ва таҳсилга берилган қиз бўлган. Қуръони карим ва ислом ақидаларини яхши билган, бир умр унга амал қилган эътиқодли ва диёнатли аёл бўлган. Муаллифнинг таъбири билан айтганда, "Умрининг тўфонли ва шиддатли дамларида ҳам у ўзининг "Гулбадан"лигини сақлаб қола олган мўътабар бир инсон эди". Гулбаданбегим Ҳумоюншоҳ саройидаги нуфузли амалдорлардан бўлган Хизр Хўжахонга турмушга чиқиб, ундан икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрган.

Маргарет Румер Годден асарда "Бобур бунёд этган давлат, гарчи боболариники сингари бепоён минтақаларга ёйилмаган бўлса-да, у ўз салтанатининг султони - буюк император даражасига кўтарилди. Ўз мулкида бошқарув тизимини маҳкам тутиб, уни моҳирлик билан идора қилди. Бу ўлкани маҳорат билан бошқарган буюк сулолага асос солди", деб ёзган.

Адиба Бобурнинг Моҳимбегимга кўрсатган меҳр-муҳаббати орқали бобурийлардаги олижаноблик, ақлли ва садоқатли аёлларга кўрсатилган ҳурмату эътиборни таърифлаган. Шоҳ саройида бўладиган мажлисларда аёлларнинг иштироки ва уларнинг давлат ишларини ҳал қилишдаги таъсири баён қилинган.

"Гулбадан" асарида Бобуршоҳнинг опаси Хонзодабегимнинг гўзал ва оқила аёл бўлганлиги, укаси ва онасини ўйлаб Шайбонийхонга турмушга чиқишга рози бўлгани, иккинчи эри ва ёлғиз фарзанди Хуррамшоҳнинг ҳаётдан кўз юмиши, асраб олган қизининг Ҳиндол мирзога узатилиши, шаҳзодаларнинг низолари уни чарчатганига оид қимматли маълумотлар келтирилган. Хонзодабегим Қандаҳордан Кобулга қайтишда  вафот этган ҳамда тоғлар орасидаги бир қишлоқда дафн қилинган. Орадан уч ой ўтгач, ҳоки Боғи вафога келтирилиб, Бобуршоҳ ёнига қўйилган.

Асарда Шарқ мумтоз адабиёти, Бобурнинг касал бўлиб ётган ўғли Ҳумоюн учун чеккан изтироблари,  Моҳимбегимнинг нақадар ақлли ва зукко аёл бўлганлиги, Ҳумоюннинг Ҳамидабонуга уйланиши  ва 1542 йил 12 августда Акбар туғилишига оид кўплаб тафсилотлар мавжуд. Ушбу асарда бобурийлар ҳаёти ва фаолиятига оид бошқа асарларда бўлмаган маълумотлар ҳам учрайди.

Адабиётшунос олима Суюма Ғаниеванинг эътироф этишича, Маргарет Румер Годден ўзининг "Гулбадан" асарини "Бобурнома", "Ҳумоюннома" ва "Акбарнома" каби асарларга таянган ҳолда, воқеа-ҳодисаларни аёлнинг нафис қалби ва теран ақлу идроки, покиза эътиқоди, эзгу орзулари ва дардли армонлари билан боғлаб талқин қилган.

Умуман, халқимиз тарихи, аждодларимиз ҳаётига оид холис битилган ҳар қандай асар хоҳ у тарихий, хоҳ адабий бўлсин биз учун қадрли ва қимматли. Уларни мутолаа қилиб, фикр қилиш, мулоҳаза юритиш эса ҳар ким учун манфаатли.

Абдишукур ОМОНОВ

 

Report typo