Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Анвар ШУКУРОВ

15.12.2018


"БУ ҚЎШИҚ ДУНЁ КЕЗИБ, БАРЧАСИНИ КЎРГАН ҲАҚИДА..."

Бу асар ёзма достонларнинг ер юзидаги энг қадимгиси деб ҳисобланиб келаяпти ва айнан ундан сўнг шеър ҳамда достонларни ёзма равишда битиш бошланган, деб ҳисобланмоқда.

Довруғи дунёга достон

Милодий IX асрда яшаган суриялик ёзувчи Теодор бар Конай "Гелемгос" достони ҳақида ёзиб қолдирган. Бу айни шу достон эканлиги ҳақида фикрлар бор.

Канадалик ёзувчи Ален Ганьон "Гилгамеш достони ҳақида" романини француз тилида чоп этди. Черногориянинг Будва шаҳрида Славян Вуйович "Гилгамеш" номли спектаклни саҳналаштирди. Англиянинг Бедфордшир ёшлар   театри ҳам бу ишни амалга оширди.  АҚШлик Барри Труакса, италиялик Франко Баттиато, чехиялик Богуслава Мартин ва бошқалар "Гилгамеш" достони ҳақида мусиқа асарларини яратдилар. Шунингдек, бу достон ҳақида дунё олимларининг жуда кўп илмий ва илмий-оммабоп асарлари жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида чоп этилди. Достон бир неча фантастик асарлар пайдо бўлишига туртки бўлди.

Тадқиқотлар асосида аниқлик киритилишича, миххатда ёзилган бу достоннинг ёши 3500-3600 йилдир. Достон ёзилган матн идеографик ёзув дейилади. Бу асар Гомернинг "Илиада" ва "Одиссей" достонларидан ҳам минг йилга қари бўлиб чиқди.

Яъни дунёдаги биринчи бадиий асар!!!

Эллик асрлик тил

Достон шумер тилида ёзилган. Хўш, бу қанақа тил?

Унинг ёши эса 5000 йилга бориб тақалади. Бу тил мана шу эллик аср давомида албатта ўзгариб кетди. "Билгамиш" достони эса ўша тилнинг сўзлари қандай бўлганлигидан бизга хабар беради.

Шумер тилининг топилиш тарихи шундай. 1849 йилда инглиз археологи Остин Генри Лейярд Ироқдаги қазишма ишлари чоғида бир вақтлар Ассирия давлати таркибида бўлган Ниневия   шаҳрини топади. Қазишма ишлари давомида шоҳ Ашшурбанипалнинг миххат орқали сополда ёзилган асарлар сақланадиган кутубхонаси ҳам аниқланади.

Кутубхонанинг бир қисмини Лейярднинг ёрдамчиси Ормузд Рассам 1842 йилда Британия музейига топширади. Музей мутасаддилари асарни ўқиш учун мутахассисларни жалб этади. Аммо уларнинг бир неча йиллик уринишлари бесамар кетади, ёзувлар сири очилмайди.

Музейнинг миср-ассурия бўлими ёрдамчиси Жорж Смит бир қадар муваффақиятларга эришади ва уни қисман тиклайди. У 1872 йил 3 декабрь кунида "Инжил" археология жамиятида дунё сув тўфони остида қолиши ҳақидаги "Инжил" оятларига ўхшаш ривоятни ундан-да қадимги асарда топганлигини эълон қилади!

Янги тўфон ва чақмоқ

Бу янгилик - инсон ҳаётида табиий илмлар аҳамиятини тушунган ва уни қадрлашни билган, ўтган асрлар ҳукмрон туркийларининг вориси бўлган инглиз (XX аср энг машҳур инглизи Уинстон Черчилль бекорга "Биз туркийларнинг тарихини тортиб олдик" демаган ахир), кейинчалик бутун европа киборлари ва зиёлилари сузаётган уммонда пайдо бўлган янги Тўфон эди!!!

Европадаги "Инжил" ихлосмандлари ва унга қарши бўлганлар учун бу янгилик мусаффо осмонда чаққан чақмоқдек таъсир қилди. Топилган миххат туширилган бўлакчалар орқали ривоят тўлиқ эмаслиги маълум бўлди. Шунинг учун ривоятни тўлиқ тиклаган кишига "Дейли Телеграф" газетаси 1000 фунт стерлинг миқдорида мукофот эълон қилади.

Мукофот пулини олиш, шон-шуҳрат завқи Жорж Смитни  Месопотамияга олиб келади. Миххатли лавҳалардаги ёзувларни ўқигач, Смит сув тўфони ҳақидаги ривоят катта достоннинг бир парчаси эканлиги ҳақида тўхтамга келади.

Маълум бўлишича, бу достон бобилликлар тилида "Гилгамиш ҳақида достон" дейилар экан. Достон 12 та қўшиқдан иборат бўлиб, ҳар бир қўшиқ 300 сатрдан иборат эди. 1873 йилги экспедицияси даврида Смит 384 та лавҳани топди ва достонни тиклашга муваффақ бўлди.

Шумерчами ё туркийча?

XX аср боши ва ўрталарида ушбу достоннинг бошқа тиллардаги вариантлари ҳам топилади. 2015 йилда достон яна 20 сатрга бойийди. Буни Ироқ тарих музейи ходимлари, лавҳаларнинг нима эканлигини билмаган контрабандачидан мусодара қилишгач, тўсатдан топиб олдилар.

Эрамиздан олдинги 2600 йил ва    кейинги Шумер шоҳлари номларини тиклаган европалик олимлар Билгамишнинг тарихий шахслигини қайд этишди.

Британиялик археолог, ассириолог, лингвист ва дипломат сэр Генри Кресвик Роулинсон шумер тилининг туркий тил бўлганлигини XIX асрдаёқ айтганди ва унинг фикрини европалик кўпчилик олимлар  энди тан олишди. У Биҳустун қоясидаги ёзув туркий тилда ҳам битилганлигини айтади. Аммо, собиқ СССР олимлари бу фактни яширганлар...

“Тарих Шумердан бошланади”

Дунё тан олган тарихчи, профессор Самуэл Ноа Крамер "Тарих Шумердан бошланади" номли асарида шумерлар 39 та фанни кашф қилганликларини исботлаб берди.

Мисол учун, биринчи ёзув, арава, бошланғич мактаб, икки палатали     биринчи парламент, тарих, биринчи  деҳқон кундалиги, космогония, космология, мақоллар ва ҳикматли сўзлар тўплами, бадиий тортишувлар, мушоира, "Нуҳ" (сув тўфони сабабчиси ва ундан омон қолган шахс)нинг тасвири, биринчи китоб каталоги, биринчи пуллар, биринчи солиқлар, биринчи қонунлар татбиқ этилди, ижтимоий ислоҳотлар, тиббиёт, жамиятда комил инсонни тарбиялаш ҳақидаги уринишлар айнан шу ерда бўлди...

Тиббиёт соҳасида шумерлар жуда юқори талаблар ишлаб чиққан. Инглиз олими Лейярд томонидан шумерларнинг Ниневия шаҳрида топилган Ашшурбанипалнинг кутубхонасида қатъий тартиб амал қилгани айтилади. Бу ерда тиббиёт бўлими бўлиб, унда мингдан ортиқ сопол лавҳалар сақланган. Барча тиббий атамалар шумер тилидан олинган. Тиббиёт муолажалари махсус жамланмада акс эттирилган. Гигиена қоидалари, жарроҳлик амалиёти, (масалан, катарактани олиб ташлаш), дезинфекция учун спиртдан фойдаланиш, терапия ва жарроҳлик талаб этилган касалликларга ташхис қўйишга шумерлар илмий ёндашганликлари маълум.

Шумерлар ажойиб саёҳатчи ва тадқиқотчи эдилар - улар дунёдаги биринчи кема ихтирочилари ҳисобланадилар.

Катта хумдонда ғишт пишириш ҳам дастлаб шу ерда бошланган. Шумерлар бир неча металларни эритиб, кимёвий йўл билан қўшиш эвазига бошқа қуйма металл олганлар. Айниқса, дунё тарихи тараққиётини ўзгартириб юборган қаттиқ, аммо ишлов берилиши осон бўлган бронзани ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлиги ғоятда ҳайратланарли. Яна, қазишма ишлари жараёнида      астрономик атамаларга тааллуқли юзлаб сўзлар акс эттирилган минглаб сопол лавҳалар ҳам топилган.

“Ҳамманики”ми, бизникими?

Шумерлар тили ҳақидаги интернет, айниқса, рус сигментидаги Ғарб олимларининг асарларини ўқисангиз, шумер тили номаълумлиги тўғрисидаги хулосаларга дуч келасиз. Шунинг учун "бу тил - бутун дунё халқларининг маданий бойлиги" деб эълон қилинган. Биз ўрта авлод вакиллари "ҳамманики деганда ҳеч кимники эмас"лигини биламиз. Эгаси чиқмагандан кейин, ким хоҳласа ўзиники қилиб олаверади-да.

Кимлар шуғулланмади бу тиллар билан? Шуни қайд этиш лозимки, кўпинча қайси халқ вакили ушбу тил билан шуғулланса, эгасиз - етим қолган бу тилни ўз ҳимоясига олиб, бутун дунёга ўз она тили билан бирлигини қайд этарди.

Шумерлар тилининг қандай ва кимники бўлганлигининг, унинг авлодлари ким эканлигининг нима аҳамияти бор, дейишингиз мумкин. Саволингиз мантиқли. Гап шундаки, менинг изланишларимга кўра бу бизнинг достонимиз бўлиб чиқаяпти!

Ҳа, юқорида айтдим - қайси миллат бу тил билан шуғулланса, эгасиз етим бу тилни ўзиники қилиб оляпти, деб. Мен ҳам буни ўзимизники қилиб олаяпман. Аммо, менинг бу гапга етарли асосларим бор...

Масалан, менимча, "Билиг", "Билиг-Ай" (Ай - бу ерда одам маъносида) "Билга" сўзлари билимдон кишига нисбатан ишлатилган. Шу боисдан "Билга Эмиш" - "Билгамиш" ўта билимли киши, деган маънони беради. Худди Алп Эмиш Алпнинг орттирма даражасини кўрсатгани каби.

Навоий вилоятидаги Сармишсой туркийларнинг жуда қадимги макони бўлганлиги ҳақида у ердаги петроглифлар сўйлайди. Худди шунингдек, Чироқчи туманида ҳам Билгамишсой деган жой мавжуд. Бу жой номи шумерларнинг Билгамиши билан бир хил бўлиши тасодифми? Менимча тасодиф эмас... Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. 

Мен асарни И.Дьяконовнинг рус тилидаги таржима матнидан ўзбек тилига эркин таржима қилдим. Ва шу баҳонада ер юзидаги энг қадимий достондан   завқланиб, унинг моҳиятини англашга интилдим. Сиз ҳам бу гўзал асар мутолааси ҳайратидан баҳраманд бўлинг... Достоннинг "Биринчи жадвали"да битилганидек:

Бу қўшиқ дунё кезиб барчасини кўрган ҳақида,

Денгизларни сузиб, тоғлардан ўтган ҳақида,

Ғанимларин дўсти ила енгган ҳақида,

Донишликка етган, заковатга эришган ҳақида...

Анвар ШУКУРОВ

(Муаллифнинг "Билгамиш" достони - ер юзидаги энг қадимги ёзма достон" номли илмий тадқиқоти асосида қисқартириб тайёрланди).

 

Report typo