Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 декабрь, якшанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

26.11.2019


БУЮК ИМПЕРИЯЛАР ШАРМАНДАЛАРЧА ҚУЛАШИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛИ НИМА ЭДИ?

Мутолаа учун тавсия

Никоҳ, оила ва оилавий бурч ҳақида ёзилган асарлар орасида етук аллома, мутафаккир Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952-2015) қаламига мансуб "Бахтиёр оила" асари муҳим ўрин тутади. Шайхнинг "Тафсири Ҳилол", "Тасаввуф ҳақида тасаввур", "Ихтилофлар ҳақида", "Дин насиҳатдир", "Руҳий тарбия", "Ижтимоий одоблар", "Сунний ақидалар", "Ҳадис ва Ҳаёт" ва "Ислом тарихи" каби китоблари машҳур.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари "Бахтиёр оила" китобида бахтли ва саодатли оила қуриш, эр-хотиннинг ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятлари, ота-онага, қайнота-қайнонага муносабат, келин ва куёв танлаш, фарзандлар тарбияси ва  бошқа кўплаб долзарб мавзуларда фикр юритган. Шунингдек, бу борадаги муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ечими борасида таклифларини билдирган.

Таъкидланишича, инсоннинг соф табиатига зид бўлган ҳаракатларда оиланинг қадри қолмайди. Оила аъзоларининг ўзаро ҳурмати ва меҳр-мурувватларига дарз кетади. Оила мустаҳкам ва тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибат у чуқур таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам ҳар бир давлат ва жамият оилаларнинг мустаҳкам бўлиши учун барча чора-тадбирларини кўриб бориши керак.

Шайх ҳазратлари асарнинг муқаддима қисмида шундай фикр билдиради: "Бутун дунё, инсоният оила муаммосини ҳал қилиш борасида улкан ташвиш қаршисида турибди. Уни ҳал қилиш учун турли чораларни кўрмоқда ва истамоқда, нима қилишини билмай, бош қотирмоқда. Исломдан, ундаги оила тизимидан бироз бўлса ҳам хабардор бўлган баъзи кишилар ўз қавмларини бу борада мусулмонлардан ўрнак олишга чақирмоқдалар. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар албатта инқирозга учраганлигининг гувоҳи бўламиз. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган".

Буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой (1828-1910)нинг "Иқрорнома" асари инсонни ўзини англаш ва ҳаётда яшашдан мақсади ҳақида ўйлаб кўришга даъват этувчи асардир. Унинг "Уруш ва тинчлик", "Анна Каренина", "Тирилиш", "Ҳожимурод" каби асарлари машҳур. Буюк адиб айтган экан: "Агар мен подшо бўлганимда, ўзи ишлатган сўзнинг маъносини тушунтириб беролмайдиган ёзувчини ёзиш ҳуқуқидан маҳрум қилар ва юз дарра билан калтаклаш ҳақида буйруқ чиқарган бўлардим".

Лев Толстойнинг "Иқрорнома"си ҳақида фикр юритишдан олдин, асар таржимаси билан боғлиқ воқеани эслаб ўтсак. "Иқрорнома" таржимони, адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг эътироф этишича, устоз Нуриддин Зайниев асар таржимасининг сабабчиси бўлган экан. Озод Шарафиддинов ўзбек зиёлилари ҳам жаҳон ҳамжамияти тан   олган асарлар борасида баҳс юритаётганидан хурсанд бўлганини таъкидлаган.

Аввало, "Иқрорнома"ни ўқиш ва ўқиганда ҳам тушуниш, Толстойнинг ўқувчига айтмоқчи бўлган фикр-мулоҳазаларини чуқур англаш қийин эканини таъкидлаш керак. Адиб ва унинг асари кўп вақтлар черков таъқибига ҳам учраган.

Лев Толстой умрбоқий асарлар  муаллифи бўлиш билан бирга мураккаб шахсияти билан ҳам ажралиб туради. Назаримизда у бир умр инсониятни ўйлантирган энг мураккаб, яъни инсоннинг туғилиши ва ўлими, яшашдан мақсад ва унинг моҳияти, дин ва эътиқодга оид саволларга жавоб излаб, ҳақиқат қидириб яшаган. Ёзувчининг "Кўп доноликда буюк қайғу бор, ким билимни кўпайтирса, қайғуни кўпайтиради", "Худони қидириб яшанг, шунда Худосиз ҳаёт бўлмайди" каби иқтибослари ҳам шундан далолат беради.

Толстой "Иқрорнома"да ҳаётдаги қайси муаммо ҳақида баҳс юритса, уларни ўз ҳаёти мисолида таҳлил қилган. Фикру мулоҳазаларини очиқ ва ошкора, мақтанчоқлик ва маддоҳликка берилмасдан ёритган. Унинг: "Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни картага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман. Ёлғончилик, ўғрилик, зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик... Мен қилмаган жиноят қолган эмас...". Ўзи ҳақида бундай ҳақиқатни ёзган ижодкорни топиш қийин. Адиб шу йўл билан жамиятдаги иллатларга қарши туришга ҳаракат қилган.

Муаллиф дастлаб бошқалардан кўра ақллироқ бўлиш ва бойроқ яшашга интилгани, ҳатто шон-шуҳрат илинжида китоблар ёзгани ва вақт ўтиб иймону ишончдан нажот излаганини баён қилган. Гоҳида иймон ҳам ҳаётнинг маъносини тушунмайдиган хурофот экани, иймонга бўйсуниш охир-оқибат диний эътиқодга олиб келиши, дин номи билан қилинадиган айрим нарсалардан нафратланиши борасида ўзи билан ўзи баҳсга киришганга ўхшайди. Акасининг ўлими ҳақида "Нима учун яшаганини ва нима учун ўлганини тушунмай, азобда ўлди" деб ёзади. Суқрот ва Шопенгауэр каби мутафаккирларнинг "Ягона ҳақиқат - ўлим, қолгани ёлғон!" деган хулосасига "Нега?" деб жавоб излайди.

Толстой ҳаёти ва ижоди билан таниш инсон сифатида буюк адиб умрининг охирида нима сабабдан  уйидан чиқиб кетгани, черков билан муносабати, хотинини ўзининг ўлими таъзиясига қўймаслик ҳақидаги васияти, оила аъзоларини асарлари учун гонорар олишдан маҳрум қилиши сабаблари билан қизиққанмисиз? Бу ҳақда турли фикр ва хулосалар бўлса-да, ҳануз ягона жавоб йўқ. Назаримда буюкларнинг буюк ишлари каби хатолари ва сирлари ҳам катта бўлади.

"Иқрорнома"ни ўқиган ва уққан одам албатта ҳаётга бошқача қарай бошлайди. Ҳаётда яшашдан мақсади ва тақдири, диёнат ва иймон, ютуғу мағлубият ва азобу умидсизликлари ҳақида ўзига саволлар бериб ҳамда унга жавоб излаб яшайди. Барча яхши ва ёмон ишлар учун рағбат олиш ёхуд жавоб бериш вақти келишига ишонади. Адиб бу асари билан ўзининг улуғ донишманд ва буюк қалбли инсон эканлигини кўрсатиб берган. Аминмизки, ушбу асар уни уққан ҳар бир инсоннинг маънавий дунёқараши бойишига муносиб ҳисса қўшади.

Туркия ёзувчиси Аҳмад Лутфий Қозончи (1936 йилда туғилган) нинг "Ўгай она", "Қайнона", "Саодат асри қиссалари" асарлари оилавий муносабатларга оид китоблар орасида ўз ўрнига эга. Адибнинг ислом дини тарихига оид "Абу Бакр Сиддиқ р.а.", "Ҳазрати Умар ибн Хаттоб р.а." каби асарлари машҳур.

Адибнинг "Ўгай она" асарида ўн тўққиз ёшли Фотима исмли қизнинг икки етим фарзанднинг отаси Одилбекка турмушга чиқиб, бошидан кечирганлари, Исмоил, Йилмаз каби етимлар ҳаёти баён қилинган. Асарда ҳақиқий она қандай бўлиши, фарзандлар олдидаги масъулият ва бурч нималардан иборат эканлиги, фарзандларни тарбияли ва ахлоқли қилиб тарбиялаш учун нималар қилиш зарурлиги ҳамда чин инсон қандай бўлиши кераклиги каби саволларга жавоб изланган.

Фотима ақлли, одобли, ахлоқли ва етарлича диний билим олиб улғайиб, олти яшар Исмоилга ўгай онаси Сониҳахоним қилган зулмларни кўради. Исмоил онасининг қабрига бориб яшириниб олганда, отасига қарата йиғлаб "Мен онамнинг қучоғида ётибман. Энди бу менинг уйим" деганларини эшитади. Онасиз етим қолган уч ёшли Одила ва беш ёшли Ҳусайин изтиробда яшамаслигини ўйлаб, эрининг холаси "Фотима яхши аёл экан" дейиши учун эмас, Аллоҳ рози бўлиши учун етимларга етимлигини сездирмасликка ҳаракат қилинг" деган маслаҳати ҳамда фарзандлари келажагини ўйлаб хотини Хайриянинг ўлимидан кейин уйланишга рози бўлган Одилбек хушфеъл ва намозхон бўлганлиги учун турмушга чиқади.

Фотима Ҳусайин ва Одиладан меҳрини аямади, уларни ўз қизи Солиҳа билан тенг кўрди. Уларни ҳатто меҳрибон отаси Одилбекнинг қаҳридан ва ғийбатлардан ҳимоя қилди. Илмли, тўғрисўз ва диёнатли инсонлар қилиб тарбиялади. Фотиманинг ёрдамида Одилбек Қуръон ўқишни ўрганди. Асарда ҳақиқий инсоний фазилатлар гўзал тарзда тараннум этилган.

Аҳмад Лутфий Қозончининг "Қайнона" романида қайнона, ўғил ва келин муносабатлари ҳамда бахтли оила қуриш йўллари ёритиб берилган. Асарда қайнона Мунаввархонимнинг ажойиб фазилатлари ва исломий хулқи, унинг ўғли Мустафо ва келини Аминага берган тарбияси, ибрати борасида сўз боради. Гўзал оила қуришни Қуръони каримдан, Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларидан ўрганиш кераклиги уқтирилиб, пайғамбаримизнинг "Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севар" деган ўгитлари эслатилган.  Ёзувчи Тоҳир Малик таъбири билан айтганда, бу китобни ўқиб, уқиб, ибрат олсак арзийди.

Абдишукур ОМОНОВ

 

 

Report typo