Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Эшпўлат ЖАББОРОВ

13.03.2020


БУЮК МАЪРИФАТПАРВАР ЮЗ ЙИЛ АВВАЛ КЎТАРГАН МУАММОЛАР

бугун ҳам долзарблигича қолмоқда

Тил  - миллат кўзгуси

Жадидчилик ҳаракатининг асосий пешволаридан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз даврининг кўплаб муаммоларини кўтариб чиққан. Жумладан, у ўзининг турли мақолалари, дарсликларида миллат тилининг софлигини сақлаш, тилимизни хорижий сўзлардан тозалаш борасида қатор масалаларни ўртага ташлаганки, улар ҳамон ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Беҳбудийнинг шу мавзуга бағишланган мақолаларидан бири "Тил масаласи" деб номланади. У 1915 йилда ёзилган бўлиб, "Ойна" журналининг   11-12-сонларида чоп этилган. Мақолада ўзбек тилининг имлоси ва адабий нормаси билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар хусусида фикр юритилган.

Бундан ташқари, туркий тилларни араб ва форс тилларининг таъсир даражасига қараб маълум гуруҳларга ажратиб ўрганганини ҳам кузатиш мумкин. Ўша давр лингвистик адабиётларида таъкидланишича, форс ва араб тилларини энг кўп қабул қилган тил усмонли турк тили бўлган. Бу тил оддий халқ тилидан узилиб қолган бўлиб, унда битилган нарcаларни фақат зиёли кишигина тушуна олган. Усмонли турк тили турк халқининг адабий тили саналган. Махмудхўжа Беҳбудий мақолада қуйидагиларни ёзади: "Туркларнинг баъзи тоифаси форсий ва арабийни у қадар кўп олдиларки, тиллари туркий, форсий ва арабийдан қўшулуб, "усмонли тили" аталади. Ушбу уч тилни адабиёт ва қоидаларидан бохабар бўлмагунча усмонли шевасинда ёзмоқ мумкин эмасдур..." Муаллифнинг фикрларидан шуни   англаш мумкинки, адабий тил жонли халқ тилидан озиқланиши, шу асосда бойиб бориши мумкин. Олим халқ жонли тили ва адабий тилни  фарқлаган. У туркий тилларнинг бир нечтасини ўрганиб чиққан ва шу асосда озарбайжон, Қрим татар тиллари усмонли турк тилига яқин бўлса-да, араб ва форс тилларининг таъсири кам бўлганини таъкидлайди.

"Тил масаласи" мақоласида кўтарилган жиддий масалалардан бири ўзбек (чиғатой) тилининг кўп шевали   эканлигидир. Беҳбудий ўзбек тилигина эмас, балки бошқа туркий тиллар ҳам кўп шевали эканлигини ёзади: "Туркчанинг шуъба шох(а)лари бўлган ўзбек-чиғатой, тотор, озарбайжон, қозоқ ва туркман лаҳжалариндаги янги матбуотнинг энг аҳамиятлик масалаларидан бири, албатта, шева, лаҳжа, имло масаласидур".

Худди шунингдек, Туркистон ўлкасининг шевалари турличалиги ва бу ҳол адабий тилни меъёрлаштиришда ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкинлиги хусусида ҳам фикрлар баён этилган: "Келайлук Туркистон ёинки Осиё Васати (Ўрта Осиё, Марказий Осиё - муаллиф изоҳи) халқларининг тил ва шевалариға: Туркистоннинг ўзига тегишли шеваси турк тилининг чиғатой    лаҳжаси бўлуб, "Навоий" китоби бу лаҳжанинг гўё муҳим китобидур. Аммо кўпдан бери Туркистонда маданият ва салтанат ва адабиёт таданний (тушкунлик - муаллиф изоҳи) этгани учун халқ бу лаҳжани бузганлар. Бузмоқ нари турсун, Туркистоннинг ҳар бир шаҳрининг ва ҳатто, баъзи бир қасоба ва кўйлари (қишлоқлари - муаллиф изоҳи)нинг шеваси бошқадур. Масалан: анда, мунда, шундани - ул ерда, бул ерда, шул ерда; ўтда, бўтда, шўтда; этта, бетта, шетта; ўрда, бўрда, шўрда; ўра, бўра, шўра кайфиятинда сўйлайтурган шаҳарлар бўлуб, мундай бузуқ сўзларни навъи адади жуда кўпдур".

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек халқининг жонли тилида форс ва араб сўзларининг таъсири қай даражада экани ҳақида ҳам сўз юритади. Олимнинг таҳлили асосида шуни айтиш мумкинки, Фарғонанинг Қўқон ва бошқа шаҳарларида форсий тилда сўзлашувчи аҳоли нисбатан кўп. Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида форсий тилнинг таъсири камлиги қайд этиб ўтилади. Беҳбудий қайси жойда форсий тилнинг таъсири кучли бўлса, ўша ерда араб тилининг ҳам таъсири катта эканлигини таъкидлайди. Туркистоннинг Мовароуннаҳр ва Ҳазор қисмида туркман тилининг таъсири юқори эканлиги кўрсатилади. Шунга қарамай, ҳамма жойда Алишер Навоий, Фузулий асарлари бир хилда ўқилади ва тушунилади. Олим бу ҳолатни таҳлил этар экан, барча жойда бадиий асарларнинг тушунилишини таъминловчи асосий восита адабий тил эканлигини уқтиришга ҳаракат қилади.

 "Тил масаласи" мақоласида кун тартибига қўйилган масалалардан яна бири адабий тилни шакллантириш ва тараққий эттиришдир. Мақоланинг иккинчи қисми айнан шу масалага бағишланган. Буни муаллифнинг ўзи ҳам эътироф этади: "Аввалги мақолада туркча тилнинг аҳамиятлик шўъбаларини қисқалик билан ёзиб эдим. Энди тилни бутун соддалаштуруб индурмоқ ва ёинки адабийлаштуруб тараққий қилдурмоқдан бетарафона ёзарман". Беҳбудий кундалик матбуот нашрлари чоп этилиб, халқ орасида кенг оммалашган жойда адабий тил нормалари маълум меъёрга кираётганини таъкидлайди. Бундан ташқари, матбуот тилининг ривожи халқ жонли тилидан устун даражада эканини уқтириб ўтади. Дарҳақиқат, олим таъкидлаганидек, Россия ва Кавказда матбуот тили анча ривожланган ва кўча тилидан фарқли бир ҳолга кирган эди. Бундай ҳол, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг таъкидига кўра, татар матбуоти тили ва жонли тилида ҳам кузатилади. Олим ўша давр  матбуоти тилини адабий ва илмий тил сифатида иккига ажратади. Бу ўша давр маърифатпарварларининг кўпчилигига хос бўлган ҳолатдир. Беҳбудий шундай ёзади: "...Кафкоз матбуоти аввалдан адабий бўлуб, ўн саналардан бери матбуот, қоғоз устиндаги адабий тилни, халқни тил ва сўзига таъсир этиб ўткардики, бул ўшал вилоятларда диққат этганларга маълум бўлур. Ҳеч бир фирқа ва ё лаҳжанинг авом тили матбуотға кирмайдур. Кирса-да,     мактаб рисолалариға ва фанний китобларға кирмайдур. Азбаски, фанний, адаб, таълим, тарбия ва диний китобларни сирф (соф - муаллиф изоҳи) авом тилиға ёзмоқ мумкин эмасдур".

Хуллас, Маҳмудхўжа Беҳбудий матбуот тилига адабий тилни шакллантириш ва унинг имло меъёрларини ишлаб чиқиш воситаси сифатида қарайди.

"Тил масаласи" мақоласида баҳс юритилган масалалардан яна бири тилимизга бошқа тиллардан ўзлашган сўз ва терминларга муносабатдир. Дарҳақиқат, тилимиз лексикасида катта қатламни ташкил этувчи форс-араб ўзлашмаларини янгилаш, уларни ўзбекчалаштириш масаласи ХХ аср бошларида маърифатпарварлар томонидан кескин бир тарзда кун тартибига қўйилган. Ўша давр матбуотида чоп этилган мақолалар шундай дейишимизга асос бера олади. Бу масала атрофидаги баҳс-мунозараларда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам шубҳасиз иштирок этган, даврининг илғор маърифатпарвари сифатида масалага ўз муносабатини билдирган. Кўпчилик маърифатпарварлар ўзлашмалардан воз кечиш ва уларни туркийча сўзлар билан алмаштириш масаласини кун тартибига қўйган бир пайтда, Беҳбудий бу соҳада шошма-шошарлик билан ҳукм чиқариш ярамаслиги, бундай ўта муҳим, қийин бир ишнинг амалга ошиши учун юз йиллаб вақт кераклигини уқтиради: "Бу тил масаласи Русия мусулмонлари матбуотига бир хейли баҳс бўлиб, фаалан ва амалан авом тили ва ёинки содда тил тарафдорларини мағлубияти ила натижаланмоқдадур. Бизнинг Туркистон матбуотида, табиий, бу масалани бошидан ўткарур. Шунинг натижаси ва навбати бўлуб мўътабар "Садойи Туркистон" рафиқимизни тил масаласи мақолалари ёзилмоқдадур. Баъзи афандилар меҳмонни "қўноқ" дейилсун деб таклиф этарлар. Ҳолбуки, қўноқ, деганда, бир турк фаҳмлайдур. Меҳмон деганда, турк фаҳмлагани устида, яна бир форсий мусулмон қариндошимиз-да англайдур. "Тилимиздан форсий ва арабийни қувайлук", бу кўп енгил орзу, аммо ижроси мумкин эмас орзулардандур. Масалан, мунинг тарафдори бўлган мўътабар "Садойи Туркистон"ни "Турк эли довуши" лозим бўлур, Туркистонни "Турк эли" ёки "Турк ери" ёзмоқ керак бўлур.

Тошканд, Ҳўқанд ва бошқа минглар ила жуғрофиёвий исмларни рижоли тарихия (тарихий арбоблар - муаллиф изоҳи) ва ёинки тарихий воқеаларни маҳаллий ва машҳур одамлари ва ой ҳам йили, куни ва ...лариға тағйир (ўзгартириш - муаллиф изоҳи) бериб, туркий исмлар тоқиб, аларға, янги луғатлардан ажратиб бўлурки, мунга ҳама ишни қўюб, ҳама бирдан ҳаракат этса, эҳтимолки, бир неча юз саналарда хаёлан воқеъ бўлса. Ҳолбуки, бул, ижроси мумкин эмас хаёли фосидгина (хомхаёл - муаллиф изоҳи)дир".

Худди шу мақолада асрлар давомида араб ва форс сўзларидан фойдаланиб келинган миллат тили луғатидан уларнинг қувиб чиқарилиши ёмон оқибатларга олиб келиши таъкидланади. Олим воз кечилган сўзлар ўрнини бошқа бир ҳукмрон тил сўзлари эгаллаши мумкинлигидан огоҳлантиради. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бу башорати орадан йигирма йиллар ўтиб ўз исботини топди.

Яъни, шўролар давлатининг миллатлар тилига қилган таҳдидли сиёсати натижасида тилимиздаги форс ва араб ўзлашмалар ўрнини русча сўзлар эгаллай бошлади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий бундай бўлишини олдиндан кўра билган ва халқимизни бундан ўз вақтида огоҳлантирган эди: "Бир неча минг санадан бери форсий ва араб тили ва маданияти ва салтанати таъсири остида қолган туркийни яна бир неча минг санада буларни таъсиридан чиқармоқ нари турсун, балки маънан ва моддатан ва фаннан маҳкум миллатларни тили бўлган тилимизга тараққий этган миллатларни луғатлари ҳужум қилур". Шунинг учун ҳам бир тил элементларидан воз кечиб, иккинчи бир тил элементларига йўл очиб бериш мақбул эмаслиги кўрсатиб берилади.

Хуллас, Маҳмудхўжа Беҳбудий юз йил аввал ҳам она тилимизнинг софлигини сақлаш, уни янада сайқаллаштириб, бойитиб бориш борасида ўта долзарб муаммоларни кўтарган эдики, у айтган гапларнинг айни ҳақиқат эканлигини биз ўтган давр мобайнида кўрдик, қолаверса, бугун ҳам бу муаммолар ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Эшпўлат ЖАББОРОВ,

Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти, филология фанлари номзоди

Report typo