Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • БУЮК ШОИР, ЭРК, МИЛЛАТ ВА ҲАҚИҚАТ КУЙЧИСИ, ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИНИНГ ЗАБАРДАСТ НАМОЯНДАСИ АБДУЛЛА ОРИПОВ ТАВАЛЛУДИГА 80 ЙИЛ ТЎЛАДИ

Н.ХЎЖАЕВ

16.03.2021


БУЮК ШОИР, ЭРК, МИЛЛАТ ВА ҲАҚИҚАТ КУЙЧИСИ, ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИНИНГ ЗАБАРДАСТ НАМОЯНДАСИ АБДУЛЛА ОРИПОВ ТАВАЛЛУДИГА 80 ЙИЛ ТЎЛАДИ


Мен у кишини кўп йиллардан буён билардим, шеърларини, китобларини катта ҳаяжон билан, таъсирланиб ўқирдим. Бундай самимий ва дилбар шахс, халқимизнинг қалбини, юрагини ўлмас асарлари билан юксак пардаларда тараннум этиб келган ноёб ва бетакрор истеъдод эгаси камдан-кам топилади. Ишончим комил, Қашқадарё аҳли, бутун халқимиз ўзбек адабиёти ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирган бу улуғ фарзандини ҳеч қачон унутмайди, унинг хотирасини қалбида сақлайди...

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти


 

Қарор ва ижро

БУЮК ШОИРГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, жамоат арбоби, давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номи адабиётимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан битилади.

Элимизнинг ардоқли фарзанди 1941 йил 21 мартда Косон туманидаги Некўз қишлоғида дунёга келди. Ўрта мактабни олтин медаль билан тугатгач, Тошкент давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олди. Унинг ижоди талабалик йилларида бошланган бўлиб, "Тилла балиқча", "Мен нечун севаман Ўзбекистонни" сингари дастлабки шеърлари ўзбек шеъриятига янги, истеъдодли, ўзига хос овозга эга ижодкор кириб келаётганидан дарак берарди.

Биринчи шеърлар тўплами "Митти юлдуз"дан сўнг шоирнинг "Кўзларим йўлингда", "Онажон", "Руҳим", "Ўзбекистон", "Қасида", "Хотирот", "Юртим шамоли", "Ҳайрат", "Нажот қалъаси", "Йиллар армони" каби шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Шоир шеъриятида истиқлол ғояси, эл-юрт мустақиллиги, она Ватанни озод ва обод кўриш истаги, инсоннинг чуқур руҳий дунёси, халқ ҳаёти тараннум этилади. Ранг-баранг мавзулардаги шеърлари, "Ҳаж дафтари", "Жаннатга йўл" достони ва "Соҳибқирон" шеърий драмаси ижодкорга катта шуҳрат келтирди. Дантенинг "Илоҳий комедия"сини ўзбек тилига юксак маҳорат билан ўгиргани муносиб эътирофини топди.

Буюк ижодкор кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати ва Сенати аъзоси сифатида ҳам фаолият олиб борди. Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвонлари, Давлат мукофотлари ва "Дўстлик" ордени билан тақдирланди.

Абдулла Орипов 2016 йил 5 ноябрь куни АҚШнинг Техас штати Ҳьюстон шаҳридаги клиникада узоқ хасталикдан сўнг вафот этди.

Айтиш ўринли, шоирнинг бетакрор ижодий мероси, унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти беқиёс. Президентнинг 2020 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида ҳам айни жиҳатларга эътибор қаратилган.

Хусусан, мазкур ҳужжатга мувофиқ шу йил март ойининг учинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳридаги халқаро анжуманлар саройида Абдулла Орипов хотирасига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилади.

Шоирнинг ўзбек тилидаги икки жилдлик "Танланган асарлар"и, қорақалпоқ, рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинган шеърий тўпламлари, шунингдек, "Абдулла Орипов замондошлари хотирасида" китоби адабиёт ихлосмандлари қўлига етиб боради.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида "Абдулла Орипов ижодий меросининг ўзбек ва жаҳон адабий-эстетик тафаккури тараққиётидаги ўрни" мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилиб, анжуман материалларини алоҳида тўплам ҳолида нашр қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Қибрай тумани Арғин маҳалласидаги Абдулла Орипов яшаган хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади.

Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилади. Мамлакатимиз театрларида атоқли ижодкор асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилади.

Умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган "Мен нечун севаман Ўзбекистонни?" мавзусида иншолар танлови, шу билан бирга, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида "Митти юлдуз жилолари" шеърият беллашуви шоир ижодий меросини янада кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.

Таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида    Абдулла Орипов ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари ташкил этилиши кўзда тутилганки, ушбу тадбирларнинг барчаси буюк шоиримизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодаси экани билан аҳамиятлидир.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo