Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.ҚИЛИЧОВ

04.10.2019


"БУЮРСИН!" ДЕЯ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Буни Чироқчи туманида фаолият юритаётган "Чироқчи буюрсин текстиль" хусусий корхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тадбиркор Ғанишер Жалолов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу кичик бизнес субъекти 2017 йилда иш бошлаган эди.  Дастлаб 90 та замонавий тикув машинаси харид қилинди. Аммо ўз биносининг йўқлиги, ишлаб чиқариш цехининг мослаштирилган иншоотда ижарада тургани, жойнинг торлиги мавжуд қувватдан тўла фойдаланиш имконини бермасди.

Шунга қарамай, ишлаб чиқарилган маҳсулот дастлабки кунларданоқ ички бозорда ўз ўрнига эга бўла бошлади, буюртмалар сони ҳам ошиб бораверди. Бу эса қувватни янада ошириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш учун қулай шароит эди. Буни англаган тадбиркор энди қатъий равишда ўз корхонаси учун керакли бинони қуриш ҳаракатига тушади. Давлат раҳбарининг  "Қашқадарё вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида туман ҳудудидаги эски пахта заводи ўрнида кичик саноат зонасининг ташкил этилиши эса ушбу корхона учун айни муддао бўлди.

- Туман ҳокимлигига корхонамизга жой беришини сўраб қилган мурожаатимиздан сўнг янги ташкил этилаётган саноат зонасидан 8 сотих ер майдони ажратилди, - дейди  корхона иш юритувчиси Зайниддин Ёқубов. - Қисқа муддатда бу ерда замонавий типдаги ишлаб чиқариш объекти барпо этдик. Фаолиятимиз учун қулай бинога эга бўлгач, ишни янада кенгайтириш имкони туғилди. 20 нафар хотин-қиз шу ерда бичиш-тикиш ишлари билан банд. Асосан мавсумий либослар, иш кийимлари тайёрлаб, ички бозорга чиқармоқдамиз.

Зайниддин Ёқубовнинг таъкидлашича, корхона янги бинога яқиндагина кўчган. Шу боис ҳали имкониятлар тўлиқ ишга солингани йўқ. Мавжуд қувватдан тўлиқ фойдаланилса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ва салмоғи ҳам, иш ўринлари сони ҳам яна бир неча баробар ошади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Ж.ҚИЛИЧОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo