Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Исломиддин АБРОРОВ

30.08.2019


"БУЗ-ҲО БУЗ АМАЛИЁТИ" САБАБ 436 СУБЪЕКТ ИШИ ТЎХТАГАН

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида айтиб ўтилди. Унда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Кун тартибида белгиланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилдики, солиқ идоралари томонидан тегишли тушунтириш ва профилактика ишларининг етарли даражада олиб борилмагани оқибатида 876 нафар тадбиркор солиқ қарзи мавжудлиги сабабли ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган. 436 нафар тадбиркор фаолиятини тўхтатишига эса уларнинг савдо дўконлари бузиб ташлангани сабаб бўлган, 665 нафари банклардан кредитлар олишда турли қийинчиликларга дуч келган.

"Ёшлар - келажагимиз" Давлат дастури бор-йўғи 13,3 фоизга бажарилган, тадбиркорлар учун йил давомида ажратилиши лозим бўлган 202,4 миллиард сўмдан бор-йўғи 26,7 миллиард сўми молиялаштирилган.

Кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, банклар ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг лозим даражада йўлга қўйилмагани оқибатида муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 337 миллиард 222 миллион сўмлик муаммоли қарздорликлар юзага келган. Шундан 115 миллиард 150 миллион сўми банк балансидаги муаммоли қарздорликлардир. Ушбу қарздорликлар тижорат банкларининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши баробарида миллиардлаб сўмлик маблағларни тадбиркорлик ривожи учун қайта йўналтириш имконини ҳам чекламоқда.

Жумладан, 2014-2017 йиллар давомида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун пудратчи ташкилотларга ажратилган кредитлар бўйича 65 миллиард сўмлик, 127 та уй-жой мулкдорлари ширкатига 2014-2018 йилларда ажратилган кредитлар бўйича 13 миллиард 600 миллион сўмликдан зиёд қарздорлик мавжуд.

Айрим тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан таъсирчан назоратнинг тўлиқ таъминланмагани ҳам қатор муаммоларни юзага келтирмоқда.

Жумладан, чет эл технологияси асосида экспортбоп аччиқ қалампир етиштириш учун "Агробанк" томонидан Миришкор туманидаги "BIG AGRO LEGUMES" МЧЖга 2018 йилда 85 миллиард 997 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган. Бироқ, аччиқ қалампирни қуритиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш мақсадида ажратилган 14 миллиард сўмлик кредит ҳисобига лойиҳа амалга оширилмаган, аксинча маблағдан мақсадсиз фойдаланилган, оқибатда 85 миллиард 997 миллион сўмлик кредитдан муддати ўтган  қарздорлик  юзага келган.

Мазкур банк томонидан Чироқчи туманидаги "Чироқчи мева-сабзавот тайёрлов" МЧЖга 2017 йилда ажратилган 4 миллиард 800 миллион сўм кредитдан жамият мақсадсиз фойдаланган.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинаётган инвестиция лойиҳаларини тўлиқ амалга оширишда ҳам муаммолар мавжуд.

Вилоятда фаолият юритиш истагида бўлган айрим инвесторлар ўз лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш учун қўшимча имкониятлардан доим ҳам фойдалана олмаяпти.

Чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган "UZSHOES" масъулияти чекланган жамиятининг лойиҳаси умумий қиймати 5,9 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Қўшма корхона жорий йилнинг биринчи ярмида 300 минг АҚШ доллари миқдорида банк кредити олишда амалий ёрдам сўраган. Бироқ ҳозирга қадар "Ўзсаноатқурилишбанк" томонидан мазкур масала ечими бўйича самарали чоралар кўрилмаган.

"NTCS GROUP" масъулияти чекланган жамияти эса олтингугуртдан минерал ўғит ишлаб чиқариш лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш учун "Қашқадарёнефтгазқурилишинвест" унитар корхонасининг 9-вакиллигига қарашли бўлган, ҳозирда фойдаланилмасдан турган омборхона биносини олишда ёрдам сўраган. Бу масала ҳам ўзининг мантиқий якунини топмаган.

"MIRISHKOR IODINE" масъулияти чекланган жамияти томонидан йод-бром ишлаб чиқариш бўйича 18,5 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур қўшма корхона томонидан Миришкор тумани ҳудудидаги йод-бром конларининг аниқ координатларини аниқлаш ва қазиб олиш учун рухсат сўралган. Бироқ, тегишли тартибда рухсат бериш ёки қонуний асосларда уни рад этиш бўйича амалий ҳаракат ниҳоясига етказилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятга ташрифлари натижалари бўйича тасдиқланган дастурларга киритилган айрим лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишда ҳам камчиликлар мавжуд.

63 та ҳолатда қурилиш-монтаж ишлари якунланмагани сабабли лойиҳалар ўз вақтида ишга туширилмаган.

Тегишли асбоб-ускуналар ўз вақтида олиб келиб ўрнатилмагани сабабли 24 та лойиҳани амалга ошириш ишлари кечикмоқда.

20 ҳолатда лойиҳалар тегишли объектларнинг газ тармоғига, 19 ҳолатда сув таъминотига, 13 та ҳолатда электр энергияси тизимига уланмагани сабабли тўлиқ ишга туширилмаяпти.

16 та ҳолатда тегишли объектларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдаги қийинчиликлар сабабли лойиҳалар амалга оширилмаяпти.

Вилоятда кейинги пайтларда экспорт ҳажмини ошириш бўйича ишлар ўз самарасини бераётган бўлса-да, бу борада ҳам ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.

Экcпopт билaн шуғуллa-нувчи кopхoнaлapни тaшқи бoзop кoнъюнктуpacидaги ўзгapишлap, иcтиқбoлли бoзopлap, paқoбaтчилap тўғpиcидa oлиб бopилгaн тaдқиқoтлар нaтижaлapи билaн тaништиpиб бopиш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган.

Тapмoқ вa ҳудуд экcпopт caлoҳиятидaн caмapaли фoйдaлaнишни кўздa тутa-дигaн, ўзapo мувoфиқ-лaштиpилгaн чopa-тaд-биpлap дacтуpини ишлaб чиқиш жараёнида асосан хом ашёга ёндашув устувор бўлиб қолмоқда.

Кичик саноат зоналаридаги лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш борасида ҳам айрим муаммолар мавжуд.

Муборак туманидаги кичик саноат зонасига ичимлик суви келтириш учун вилоят инжиниринг компанияси томонидан ажратилиши кўзда тутилган 94 миллион сўмдан бор-йўғи 28 миллион сўми ажратилган.

Электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ишларни тўлиқ амалга ошириш учун 60 миллион сўм маблағнинг ажратилмагани ҳам белгиланган вазифалар ижроси кечикишига сабаб бўлмоқда.

Қарши туманидаги кичик саноат зонасида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси томонидан зарур маблағлар ўз вақтида ажратилмаган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда назорат қилувчи идоралар томонидан тадбиркорлик фаолиятига турли тўсиқлар қўйиш ҳоллари ҳамон учрамоқда.

Жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларидан ортиқча тўловлар ундириш амалиёти мавжуд.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган Истеъмолчиларни электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда сув қувурларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 23-бандига зид равишда Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар)лар бўлимлари томонидан электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларини тармоққа қайта улашда энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида тўлов ундирилмоқда.

Қарши шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг жорий йил 15 июлдаги 778/6-сонли буйруғи билан ҳудуддаги барча деҳқон бозорларида кремли қандолат, майонезли салат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва аҳолига сотиш тақиқланган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги қарори билан тасдиқланган хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларида эса уй шароитида миллий ширинликлар, салатлар ва тузламалар тайёрлаш ва сотиш белгиланган.

Деҳқонобод тумани ҳокимининг жорий йил 29 июндаги фармойиши асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларига зид тарзда "Tursunxon-Bibizulayxo dehqon (oziq-ovqat) bozori" МЧЖ фаолияти тўхтатилган.

Аксарият муаммолар ечимининг қийин кечиши туман, шаҳар даражасидаги масъул тузилмаларнинг вилоят бошқармалари билан, вилоят  бошқармаларининг эса тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро муносабатлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани билан боғлиқ.

Сессияда сўзга чиққанлар қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят ташкилотларини жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чораларни белгилаб олиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш лозимлигини уқтирдилар. Хусусан, масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларининг аниқ рўйхатини шакллантириб, келгусида улар ишини қайта йўлга қўйиш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Исломиддин АБРОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Report typo