Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 сентябрь, душанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Замира РЎЗИЕВА

17.02.2017


Чанқовуз: ОҲАНГИДА КЕНГЛИКЛАР ЗАВҚИ

Чироқчи туманилик Тошой момо Ҳайитова 80 ёшни қоралаган бўлса-да, тўю томошалар, байраму базмларга чанқовузисиз бормайди. Муштдеккина ўринда жойлашган кўйи чанқовуз чала бошлаши билан атрофида бир қўр одам жам бўлади. Улар орасида ёши тўқсон билан тўқнашиб, юз билан юзлашгани ҳам, атак-чечак қилиб қадам ташлайдигани ҳам, мактабу коллежларда таҳсил оладигани ҳам, қўйингки, ҳамма-ҳамма тўпланади. Бир-биридан жўшқин, бир-биридан ғамгин куй оҳанглари эса рақслару кўзёшларга уланади.

- Қўлимдаги чанқовузнинг ёши икки асрдан ошган, - дейди Тошой момо Ҳайитова. – Бу созни қўлимга олиб, эндигина куй чалишга уринганимда 4-5 ёшлар чамаси бўлганман. Кейинчалик уни қўлимдан қўймасликни одат қилдим. Чанқовуз чалсам, отам билан сўзлашгандай, онам билан дардлашгандек бўламан.

Чанқовуз чолғусининг тарихи қайси даврга бориб тақалиши ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса-да, унинг туя ва эчки суяги, ёғоч, қамиш, ғаров, металлдан ясаладиган турлари Сибирь, Узоқ Шарқ, Ўрта Осиё, Африка ва ҳатто Европа халқларида ҳам учраши аниқланган. Шунингдек, археологик изланишлар асосида чанқовузнинг туя суягидан тайёрланган бир неча тури топилган. Бу мазкур чолғу асбоби металл истеъмоли бошланган даврдан олдин ҳам мавжуд бўлганидан   дарак беради. “Алпомиш” достонида ҳам суякдан ясалган чанқовуз ҳақида ҳикоя қилинади. Унда Алпомиш Кайқубодга чанқовуз ясаб бергани ва  унинг навоси барчани лол қолдиргани айтилади.

- Момомнинг туя суягидан ясалган  чанқовузи бўлган, уни бир неча бор чалиб ҳам кўрганман, - дейди Тошой момо Ҳайитова. - Чанқовуз қайси    хомашёдан ишланганига қараб оҳанги ҳам фарқ қилади. Ҳозир темирдан ясалган чанқовузлар кенг тарқалган, суягу ёғочдан ишланганини эса топиш қийин.

Деҳқонобод туманилик Ойимхол момо Алимованинг таъкидлашича, чанқовуз садоси инсонга қувват бағишлайди. Қир-адирлар қўйнидаги ўтовлар этагида чанқовуз  чалишнинг ўзгача гашти бор.

- Болалигимда қирда қўзи боқардим, - дейди Ойимхол момо Алимова. –  Кенгликларда чанқовузнинг садоси ўзгача жаранг сочади. Онамдан эшитганим “Чанқовуз кенгликлардан қувват олади”, деган нақл айни ҳақиқат. Яйраб чаламан   чанқовузимни.  Шунингдек, “Қурей-қурей” куйидан қўзиларни қайтаришда ҳам фойдаланар эдим. Кейинчалик фарзандларим “Алла” куйини тинглаб улғайишди. Ҳозир бу чолғуга набирамнинг қизиқиши баланд. Бир нечта куйларни маҳорат билан ижро эта олади. Буни кўриб, момомерос чанқовузим ерда қолмаслигидан хурсанд бўламан.

Бу қадимий чолғудан таралган куй навоси ҳар қандай кишини сеҳрлаб қўяди. Чанқовуз чалинаётган даврадан ҳеч ким нари кетолмайди.

- “Наврўз садолари”, “Соз­лар навоси”, “Умрбоқий наволар” каби кўплаб кўрик-танловларда миллий қадриятларимизни тараннум этувчи қадимий чолғулар, айниқса, чанқовузга алоҳида эътибор қаратамиз, - дейди вилоят халқ ижодиёти илмий-амалий маркази директори Фотима Жумаева.         - Ўтган йили “Созлар навоси”  кўрик-танловининг вилоят босқичида Қарши маданият коллежи ўқувчиси Сарвиноз Рашидова қадимий куйлар ижроси билан йиғилганларни ҳайратга солиб, биринчи ўринни қўлга киритганди.

Ана шундай сеҳрли овозга эга қадимий чолғу момодан набирага ўтиб келаётгани ғоят қувонарли. Чанқовузнинг бугун соз усталари томонидан ҳам ясалаётгани эса яна бир қувончли хабар.

- Чанқовуз ясашда асосан тут, ўрик, ёнғоқ дарахтидан фойдаланаман, - дейди ҳунарманд Суҳроб Иноятов.              - Тут ва ўрик ёғочи билан ишлаш осон, аммо ёнғоқ дарахтининг йўриғи бошқа. Ундан чанқовуз ясаш мушкул бўлса-да, аммо мустаҳкам, пишиқ ва ранги кўркам бўлади. Маҳсулот тайёр ҳолга келгач, уни ўзим чалиб кўраман. Агар кўнглим тўлса, бошқаларга таклиф қиламан.

Эндигина 13 ёшга тўлган Чироқчи туманилик Дониёрбек Ҳамидов  ҳам чанқовуз чалишни севади. Чанқовуздан таралаётган оҳанг эса уни қиру адирларга, кенгликларга бошлагандек туюлади. Қадриятларимизни қадрлаб, келгуси авлодларга етказаётган шундай онахонларимиз, аждодлари меросини эъзозлаётган ёшлар бор экан, чанқовузнинг умри барҳаёт бўлади, унинг куйи осуда сарҳадларимиз бўйлаб таралаверади.

Замира РЎЗИЕВА

Report typo