Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

08.11.2018


ЧИҚИНДИ ТОЛАДАН - ЭКСПОРТБОП МАҲСУЛОТ

Пахта етиштиришда етакчи саналган вилоятимизда ҳам саноатнинг бу йўналиши, яъни линтга ишлов беришга қаратилган фаолият маълум даражада ривожланган. Шундай қимматли хом ашёни чиқиндига ташлаш исроф билан баробар ахир. Муҳими, айни пайтда воҳамизда ушбу йўналишда иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Улар иккиламчи толани қайта ишлаб, ундан рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш билан кифояланиб қолмай, ярим тайёр товарни хориж мамлакатларига экспорт ҳам қилишмоқда.

 Қамаши туманидаги “Муродали фарм текстиль” масъулияти чекланган жамияти бу соҳада вилоятимизда кўзга кўринган субъектлардан саналади. Бундан 7-8 йил аввал иш бошлаган мазкур тадбиркорлик субъекти ўтган даврда ҳажм ва сифат борасида ҳам бирдек ўсишга эришди. Замонавий технологиялар асосида хом ашёга ишлов бериб,  ташқи бозорга бир неча турдаги талабгир маҳсулот таклиф эта олгани корхонанинг ҳудуддаги йирик экспортчига айланишига туртки берди. Бултур жамият томонидан чет эл мамлакатларига қиймати 1 миллион 442 минг АҚШ долларига тенг товар жўнатилгани ҳам фикримиз тасдиғи бўла олади. Жорий йилда эса бу кўрсаткични қарийб 2 баробарга ошириш мўлжал қилинган.

- Шу йил ҳисобидан хорижлик ҳамкорларга маҳсулот етказиб бериш бўйича қиймати 2 миллион 600 минг АҚШ долларига тенг манфаатли шартнома имзолаганмиз, - дейди корхона раҳбари Муродали Фармонов.  – Эътиборлиси шундаки, шу вақтгача биз ўз зиммамизга олган мажбуриятнинг асосий қисмини муваффақиятли бажардик. Октябрь ойи билан олиб қарайдиган бўлсак, корхонамиз томонидан қиймати    2 миллион 325 минг АҚШ долларидан зиёд текстиль буюми экспорти амалга оширилди. Асосий савдо ҳамкорларимиз Россия ва Қозоғистонда. Экспорт ҳажмида асосий улуш момуққа тегишли, қарийб икки ярим минг тоннани ташкил этади. Нотўқима мато ҳам анча харидоргир бўлиб, 413 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилишга эришдик.

Албатта, корхона экспорт салоҳияти бу қадар юксалгани ижобий ҳол. Аммо бунга ўз-ўзидан эришилган эмас. Тадбиркорнинг изоҳлашича, жорий йил бошида тижорат банкидан 3 миллиард сўм миқдорида кредит олинган. Бу пул эса айланма маблағни кўпайтиришга сарфланган. Натижада кўпроқ хом ашё сотиб олиш, корхона қувватларидан тўлақонли фойдаланиш имконияти юзага келган. Импортёрларнинг эса ҳар қанча бўлсин, маҳсулот харид қилишга тайёрлиги ишбилармонга ҳам маъқул тушган.

Яна бир жиҳати, тадбиркор пахта чиқиндисидан ишлаб чиқариладиган экспортбоп маҳсулот турини кўпайтириш   пайида қиймати 550 миллион сўм бўлган истиқболли лойиҳа асосида янги қувватни ишга туширганди. Бунинг учун корхонага Хитойдан яна бир рақобатдош маҳсулот - бўз тўқиш имконини берувчи илғор технологиялар келтирилганди. Шу асосда субъектда бир ойда 50 минг погонометр бўз матоси тўқиш имкони юзага келди. Қувват ортиши самарасида 15 нафар киши фойдали меҳнат билан банд этилди. Янги маҳсулот ҳам асосан экспортга йўлланиши мақсад қилинган. Жараёнга эса кейинги йилдан жиддий киришилади.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo