Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 декабрь, якшанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

22.11.2019


ЧИРОҚЧИДА КОНСЕРВАДАН ЗАҲАРЛАНИБ, ОНА ВА БОЛА ВАФОТ ЭТДИ...

Эҳтиёт бўлинг, ботулизм

Чироқчи тумани Лангар маҳалласи Тутли қишлоғилик оиланинг етти нафар аъзоси уй шароитида тайёрланган помидор консервасидан заҳарланиб, вилоят марказидаги шифохоналарга ётқизилган эди. Уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича барча чоралар кўрилди. Санитария авиацияси хизмати орқали зудлик билан пойтахтдан ҳам малакали мутахассис чақиртирилиб, керакли тавсиялар олинди. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 18 ноябрь куни  оила бекаси Ю.У., 20 ноябрь куни эса катта фарзанд, 2006 йилда туғилган А.Т. вафот этди. Айни пайтда отанинг аҳволи ҳам ўта оғирлигича қолмоқда. Оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли.

- Жорий йилнинг 11 ойи давомида вилоятда ботулизм билан боғлиқ 3 ҳолат кузатилган, - дейди вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази овқатланиш гигиенаси бўлим мудири Ортиқ Аминов. - Шундан Чироқчи туманида 13 киши жабрланган  ва 3 та ўлим ҳолати қайд этилган, Ғузорда эса 2 нафар фуқаро ботулизм билан касалланган. Қайд этилган овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг барчасига уй шароитида (помидор, бодринг, саримсоқ пиёз аралашмасидан) тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш сабаб бўлган.

Эпидемиологик суриштирув давомида ва беморларнинг бир ҳафталик таомномаси ўрганилганда, қуйидагилар аниқланди: беморлар 3 та ҳолатда ҳам уй шароитида тайёрланган (помидор) консерва маҳсулотини очиб оила аъзолари билан истеъмол қилишган. Уларда кўнгил айниши, ҳолсизланиш, қайт қилиш  каби касаллик аломатлари пайдо бўлган. Шундан сўнг, улар  туман юқумли касалликлар шифохонасига  мурожаат қилишган.

Чироқчилик беморлар мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилганда,  ютинишнинг қийинлашгани, кўзига жисмларнинг иккита кўриниши, қайт қилиш, ҳолсизланиш каби касаллик аломатлари бўлганлиги сабабли уларнинг 3 нафарига "Ботулизм касаллигининг оғир даражаси. Ўткир токсемия даври. Токсик нейропатия. Ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси" ташхиси қўйилган. Беморлардан олинган биологик материаллар ва консерва  маҳсулотларидан  лаборатория таҳлиллари учун намуналар  олиниб, вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази бактериологик лабораториясида таҳлилдан ўтказилмоқда.

ҲАТТО ТАТИБ ҲАМ КЎРМАНГ!

 Одатда уй бекалари ёз-куз ойларида мева-сабзавот ва бошқалардан ҳар хил тузлама ва консервалар тайёрлайди. Бу жараёнда маҳсулотларни яхши ювмаслик, уни қайнатишда белгиланган талабларга тўла риоя этмаслик ботулизм касаллиги келиб чиқишига сабаб бўлади.

- Ботулизм ўткир юқумли хасталик бўлиб, уни қўзғатувчилар табиатда кенг тарқалган ва узоқ сақланиш хусусиятига эга, - дейди Ортиқ Аминов. - Ушбу касалликни микроблар эмас, балки ундан ажралиб чиқувчи токсинлар келтириб чиқаради. Микробларнинг ривожланиши ва экзотоксин ажратиб чиқариш учун анаэробик шароитлар айнан консерва маҳсулотларида бўлади. Шу боис консерва тайёрлашда маҳсулотни 120 даражадан юқори ҳароратда уч соатдан кўпроқ қайнатиш, шиша идишни ва қопқоғини яхшилаб зарарсизлантириш, ёпилган шиша идишни 20 даражадан юқори бўлмаган ҳароратда сақлаш лозим. Консерва маҳсулотларини истеъмол қилишдан олдин уни яна бир марта яхшилаб қовуриш ёки қайнатиш, ортиб қолганини музлаткичда сақлаш мақсадга мувофиқ. Қопқоғи кўтарилиб қолган консерваларни асло истеъмол қилмаслик зарур. Уларни татиб кўришнинг ўзи хатарли, шу боис бундай консерваларни ташлаб юбориш шарт.

Мутахассисларнинг уқтиришича, касалликни хонадон шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади. Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда, касалликнинг оғир шакллари - юрак, қон-томир ва нафас тизими хасталиклари юзага келиши, бунинг натижасида бемор ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.  Бошқа касалликлар қатори ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo