Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Чори ЭШБОЕВ: Танкни Ўзбекистондан келган аскар ўрнатганлигини ҳамма билишини хоҳладим

Ботир Темиров

29.11.2019


Чори ЭШБОЕВ: Танкни Ўзбекистондан келган аскар ўрнатганлигини ҳамма билишини хоҳладим

Беларусь Республикаси Гродно шаҳрининг қоқ марказида Иккинчи жаҳон уруши жангларида қатнашган Т-34 русумли танк монументи ўрнатилган. Бир неча ой олдин бу ҳарбий техникани таъмирлаш чоғида унинг ичидан 1967 йил 4 ноябрь куни ёзилган мактублар топилди. Ўтмишдан бугунги кунгача етиб келган бу варақларда жанговар машинани пойдеворга 12324-сонли ҳарбий қисм гвардиячилари, шу жумладан, ўзбек халқи ўғлони Чори Эшбоев ўрнатгани қайд этилган.

Куни кеча Гроднода яшаб ижод қилаётган таниқли журналист Витовт Рудник ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаат қилиб, бундан ярим аср олдин Беларусда ҳарбий хизматни ўтаган аскарни топишда кўмак беришни сўради. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Чори Эшбоевни юзлаб, сўнгра эса минглаб одамлар киришиб кетди. Кимдир телефон орқали, яна кимдир танишлари ва ижтимоий тармоқларни ишга солиб, мактубда исми ва манзилини ёзиб қолдирган гвардиячини қидирди.

Эртаси куниёқ алоқага Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 18-мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаётган Равшан Маллаев чиқди ва тумандаги Қовчин маҳалласида Чори Эшбоев исмли оқсоқол истиқомат қилишини айтди. 50 йил олдин бу маҳалла Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Коммунизм” колхози Карл Маркс участкаси деб аталган экан (1991 йилда Узун тумани қайта тузилганидан кейин унинг таркибига кирган). Танкдан топилган мактубда эса айнан шу манзил кўрсатилган эди.

Равшан Маллаев Чори Эшбоевнинг ўғилларидан бири Бунёднинг телефонини ҳам аниқлаган экан, тез орада оқсоқол билан суҳбат қуришга муваффақ бўлдик.

Армиядан қайтганига ярим асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Чори бобо ўзи хизмат қилган ҳарбий қисм рақами (12324-сонли) ва ҳатто “часть командири” унвони ва фамилияси (подполковник Сидоров)ни ёддан айтиб берди.

-Бу “част”да мен 1965 йилдан 1968 йилгача хизмат қилганман, “танковый ремонтно-восстановительный батальон”(танк таъмирлаш-тиклаш батальонимуаллиф изоҳи)нинг 1-ротасида, - деди отахон, худди кечагина армиядан келган аскардек. – Бизлар “част”имиз ёнида жойлашган танк полки жанговар техникасини “ремонт” қилар эдик. Шу билан бирга бошқа ҳудудлардан ҳам таъмирлашга танклар олиб келинарди.

“Гродно марказида баланд пойдеворга ўрнатилган танкнинг ичида исмингиз ёзилган мактубни қолдирган экансиз, бундай қилишга Сизни нима ундади?” деб сўрагандим, оқсоқол “Танкни Ўзбекистондан келган аскар ўрнатганлигини ҳамма билишини хоҳладим, шу сабаб рус тилида кўплаб хатолар билан бўлса-да, “ўзбек халқи ўғлони Чори Эшбоев” деб исмимни ҳам ёзиб қўйдим” дея жавоб берди.

- Бизга бу танк Улуғ Ватан уруши жангларида қатнашган, деб айтишди, - эслайди оқсоқол. – У ҳали пастда, майдонда турган пайтда мен унинг ичига қоғозчамни солиб қўйдим. Қачонлардир бу мактуб топилса, топганлар мени ҳам эслашини истадим... Бироқ ўшанда ёнимда “част”дан яна кимлар бўлгани хотирамда сақланиб қолмаган. Ахир 50 йилдан ортиқ вақт ўтди ўша кундан... Лекин сал-пал русчани ўрганиб, Гродно шаҳрида “увольнительный” (ҳарбий қисмдан чиқиб, дам олишмуаллиф изоҳи) пайтида сайр қилганимни яхши эслайман. У ерда чиройли қизлар жуда кўп бўларди, йигитлар эса, аксинча, жуда кам. Уруш туфайли бўлса керак. Ўзингиз биласиз, уруш чоғида Белоруссияда қанчадан-қанча одам ҳалок бўлган.

Армиядан қайтгач, Чори Эшбоев сув хўжалиги тизимидаги корхоналардан бирига ҳайдовчи бўлиб ишга кирди ва мазкур соҳага 30 йилдан ортиқ умрини бағишлади. Оқтепа ва Тўпаланг сув омборлари, бошқа кўплаб муҳим иншоотларни бунёд этишда иштирок этди.

2004 йилнинг март ойида эса унинг ҳаётида фожеа рўй берди – глаукомани даволаш чоғида нотўғри ўтказилган жарроҳлик амалиёти оқибатида Чори бобо бутунлай кўриш қобилиятидан маҳрум бўлди. Ўша вақтдан буён ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолган оқсоқол уч йил ўтгач, умрбод 1-гуруҳ ногиронлигига чиқди. Бугун унинг парвариши етти фарзанд – уч ўғил ва тўрт қиздан ташқари, махсус бириктирилган шифокор ва ҳамшира зиммасида. Тиббиёт ходимлари вақти-вақти билан отахонга дори-дармонлар келтириб беришса-да, астойдил даволаниш учун зарур препаратларни Чори бобо ўз пенсияси ва тўланадиган компенсация (уларнинг умумий миқдори 1 миллион 400 минг сўм атрофида) ҳисобидан сотиб олади.

-Шу йилнинг август ойида ўйимизга “военкомат” (мудофаа ишлари бўлимимуаллиф изоҳи)дан одамлар келиб, отам тез-тез эслаб турадиган Белоруссиядан жўнатилган хатни етказишди, - дейди Чори Эшбоев билан бирга турадиган ўғли Бунёд. – Унда Гродно шаҳри куни муносабати билан 2019 йил 12-14 сентябрда ўтказиладиган тантаналарга таклифнома ҳам бор экан. Отам танкда қолдирган мактублари топилгани ва ўзларига бундай иззат-ҳурмат кўрсатилганидан жуда ҳурсанд бўлдилар. Аммо соғлиқлари туфайли Гроднога боролмадик. Ҳеч бўлмаса фарзандларидан бири байрамга келсин, дейилган экан, бунга ҳам имкон тополмадик. Мен доимо отамнинг ёнида бўлишим шарт, опа-сингилларим ва ака-укаларимнинг ҳам узрли сабаблари бор эди. Аммо ўша кундан бошлаб отамнинг фикри-хаёллари Гроднода, “ўзларининг” танклари ва хизмат қилган йилларини эслаб ётадилар. Мана ҳозир ҳам сиз билан гаплашган пайтда хотиралар ва ҳаяжондан кўз ёшларини аранг ушлаб турдилар.

Дарҳақиқат, суҳбатимиз чоғида Чори бобо ҳаётда кўплаб қийинчиликлар кўрганини яширмади. Уч ёшидаёқ волидаю муҳтарамасидан айрилган бу инсон  аввал ўгай она томонидан “тарбияланган”, сўнгра аммаси уйида ўсган экан. Моддий етишмовчилик туфайли 6-синфни тугатиши биланоқ мактабни ташлаб кетишга, кейин эса ишлаб туриб, кечки мактабда ўқишга мажбур бўлган. Армияда хизмат қилган ва Ўзбекистонга қайтиб, ишлаган пайтларида ҳам ҳеч қачон оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юрмаган.

Бироқ кўриш имкониятидан маҳрум бўлиб, соғлиғи туфайли уйидан онда-сондагина ва, албатта, кимнингдир ҳамроҳлигида чиқадиган бу инсон ҳаётидан сираям нолимайди. Фақат ўзи севадиган кишилар ва хотирасида сақланиб қолган ажойиб жойларни бошқа ҳеч қачон кўра олмаслигидан ачинади.

Чори бобо дуога қўл очар экан, уни эсга олган ва излаб топишда қатнашган, тақдирига бефарқ бўлмаган одамларга узоқ умр ва бахт-саодат тилади. Эхтимол, бундан ярим аср олдин ўзбекистонлик аскар томонидан Гроднодаги Т-34 русумли танк ичига солинган мактуб ҳам айнан шу инсонларга, сизу бирга, барчамизга йўллангандир?!

Ботир Темиров

Суратлар Чори Эшбоевнинг шахсий архиви, hrodna.life сайти ва Узун туманилик ўқитувчи Равшан Маллаевдан олинган.

Report typo