Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдунаби АБДИЕВ

01.03.2019


ДАҲОНИНГ СЎНГГИ БОШҚОТИРМАСИ

Япон адиби Рюноскэ Акутагаванинг "Инсон умри Бодлернинг ягона мисрасига арзимайди" деган машҳур ибораси бор. Таъбир жоиз бўлса, уни кўпинча фано ва бақо  сарҳадида оддийгина йўловчи саналган инсон умри пировард натижада ҳечга тенг эканлигини, ҳаёт ва ўлим оралиғи оҳунинг кўз илғамас шарпасига менгзашлигини исботлаш учун ишлатамиз. Буюк ижодкор аёвсиз, қаттол натижани чиқариб, мазкур иборани ишлатиш олдидан қандай ботиний турланиш ва кайфиятларни бошдан кечиргани, уларни асардан асарга қай тариқа ривожлантириб боргани Акутагава мухлисларини қизиқтирган энг асосий - ўзак саволлардан бири бўлиб келган ва шундайлигича қолаверади ҳам. Тўғри, ўзбек китобхонининг Акутагава ижоди билан танишлиги беш-ўн катта-кичик ҳикоялардан нарига ўтмайди. Аслида ҳам атиги ўттиз беш йил яшаган ёзувчининг ижодий мероси кўпи билан салмоқли икки-уч китобга жо бўлади, холос.

Акутагава ўз асарларида тарихий битикларга тез-тез мурожаат қилади. Адибнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзади: "Мен мавзу танлайман ва уни ҳикоямда ёритишга ҳаракат қиламан. Мавзуни бадиий жиҳатдан таъсирли чиқариш учун менга фавқулодда ҳолатлар зарур. Аммо мен фавқулодда ҳолат ҳақида унинг айни фавқулоддалиги учун ҳикоя қилолмайман. Ушбу қийинчиликдан қутулишнинг бирдан-бир йўли воқеаларни ўтган замонга, қадим-қадим дунёга кўчириш. Тарихий воқеа ҳақида ёзишимга қарамасдан, менда бу воқеага нисбатан тарихчи сифатида қизиқиш йўқ".

Дарҳақиқат, буюк адибнинг ижод оламига сайрни давом эттирганимиз сайин, мазкур эътироф қай даражада ўринли эканлигига шоҳид бўламиз. Акутагава қайси даврга оид воқеани тасвирлашидан қатъи назар, биринчи планга инсон қалбининг жумбоқли сирларини олиб чиқиши ҳайратимизни ошираверади.

1918 йилнинг июлида "Осака майнити" газетаси Акутагаванинг энг жозибадор новелласи - "Дўзах азоблари"ни сонма-сон нашр этиб борди. Биз илгари ҳам бу асар мазмунига бирмунча тўхталган эдик ("Qashqadaryo" газетаси, 2017 йил 7 сентябрь сонидаги "Кунчиқар юрт жозибаси" мақоласи). Бу гал асар мазмуни эмас, Акутагава кашфиётига туртки берган - моҳияти ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Сарой мусаввири Ёсихидэ олдида севимли, яккаю ягона қизи ёки  умрбоқий асар яратиш истаги - иккисидан бирини танлаш вазифаси турганди ва у иккинчисини танлади. Илҳом гирдобига тушиб қолган мусаввир ўзича ҳақ эди, негаки фақат санъат асаригина ўз фидойиси учун энг олий қувончни тақдим этади, уни яратиш учун исталган нарсани қурбон қилиш, жиноятга қўл уришни оқлаш мумкин, боиси, фавқулодда буюк санъат асари яралиши шуни тақозо этади. Аммо мазкур хулоса адибни қувонтирмади. Шу боисдан у ҳикоя ниҳоясида илҳом гирдобидан бўшаниб, хаёлот аршидан воқеликка қайтган мусаввир эртаси куни ҳаёт билан видолашганини тасвирлайди.

2

Рюноскэ Акутагава Лев Толстой сингари қамал қилинган шаҳар ҳимоячилари сафида турмади, Эмиль Золя янглиғ ҳақиқат учун баралла овоз кўтармади, Ярослав Гашек каби инқилоб учун курашмади. Оддийгина ҳаёт кечирди, ҳаётидек оддий иш хонасида ёш адабиётшуносларни қабул қилди, кўп сонли давраларга қатнашди, қадимий санъат асарларини йиғди, адабий маърузалар ўқиди. 1921 йил ўзи мухбир бўлиб ишлаётган "Осака майнити" газетаси топшириғи билан ҳаётида ягона бор чет эл сафарига чиқиб, Хитой ва Корея мамлакатларида бўлди. Акутагава гарчи уч фарзанднинг отаси бўлса-да, турмуш икир-чикирларига ўралашиб қолмади, ХХ аср аксар япон ижодкорлари сингари Ғарбга кўр-кўрона эргашиш йўлини ҳам тутмади. Ирсиятида мавжуд асаб касаллиги уни доимо таъқиб этиб турди. Адибнинг ягона овунчи ҳам, қувончи ҳам адабиёт бўлиб қолди.

Ўтган аср 20-йиллари ярмидан бошлаб мамлакатда адабиёт жиловини ижод аҳли эмас, ноширлар қўлга олди. Илгари ноширлар машҳур ижодкорларга қармоқ ташлаган, улар томонидан яратилган асарлар учун талашган бўлса, энди ёзилажак асарлар жанри ва мазмунини ноширлар белгилайдиган бўлди. Уларнинг талабини бажарган ёзувчиларнинг асарларигина нашр этилиб, қалам ҳақи тўланди. Йирик адиблар, ҳатто Акутагава билан яқин алоқада бўлганлари ҳам адабиёт фабрикаларини яратишди, яъни иқтидорли камбағал талабалар арзимаган чойчақа эвазига улар учун сюжетлар ўйлаб топишар, қоралама нусхасини ёзиб беришарди. Акутагаванинг энг талантли замондошларидан бири, ёрқин носир ва драматург Такэо Арисима (адибнинг "Аёл" романи ўзбек тилига таржима қилинган) адабиёт оламидаги мазкур бошбошдоқликдан даҳшатга тушиб, ўз жонига қасд қилди. Айтиш мумкинки, фақат Акутагавагина ўз эътиқодидан воз кечмади, бири-биридан фусункор ҳикояларини ёзишда давом этди. Буюк адиб 1921 йил декабридан 1922 йил августигача ўндан зиёд турли жанрдаги асарлар яратди.

Улардан бири "Чакалакда" новелласи бўлиб, унда бир қотиллик юзасидан етти кишининг ҳикояси асос қилиб олинган. Хусусан, қароқчи бир эр-хотинни тўқайзорга алдаб олиб бориб, эрини жангда ўлдириб, хотинини тортиб олдим, дейди. Аёл қароқчи эримни дарахтга боғлаб қўйиб, номусимга тегди, бунинг гувоҳи бўлгани учун эримни ўзим ўлдирдим, дейди. Марҳумнинг руҳи эса, бундай шармандаликни кўрганимдан сўнг ор-номусга чидолмасдан ўзимни-ўзим қатл этдим, деб муносабат билдиради.

Ҳикояни мутолаа қилган китобхон ҳар учала иқрорнинг қай бирига ишонишни билмай қолади. Ҳар уч  талқинда ҳам ўша вазиятдаги ҳолат, ҳаракат, воқеанинг инсон сийратига таъсир кучи мантиқан тўғри асосланган. Биронтасини рўё дейишга тил бормайди, ҳар учала талқиннинг исталган бирини "мана шуниси ҳақиқат" деб баҳоласангиз ҳам хато қилмайсиз. Ҳаёт нақадар мураккаб эканлиги, инсоннинг сарҳадсиз ботини, қалб кенглигининг чексиз-чегарасизлигини теран англаган ижодкор шу тариқа чинакам сўз санъати муҳиблари онг оқимига навбатдаги бошқотирмани туҳфа этади.

3

Одатда аксар ижодкорлар инсон ва жамият ўртасидаги муносабатларни қаламга олса, Акутагава мутлақ бошқа йўлдан боради, унинг тажриба объекти - инсон қалби, табиати, ботиний олами, айнияти. Биз Акутагава мутолаасидан сўнг инсон ким, характерининг ёрқин ва қоронғи томонлари қаерда, ёвузлик ва эзгулик хислатлари қандай пайдо бўлган, инсон қалбининг қайси қирралари мангу ва ўзгармас, нималар давр ва вақт тажассуми туфайли яралади, деган саволларга жавоб оламиз ва ҳар бир инсон ўзига хос кичик бир дунё эканлигини англаб етамиз. Унинг асарларида қайси даврга - ўтмиш, бугун ёхуд келажакка мурожаат этилмасин, инсон ботинидаги замонга, даврга боғлиқ бўлмаган хусусиятлар изланади, кашф этилади. Шу нуқтаи назардан қараганда Акутагава ижодида муқим бир изчиллик эмас, мавзу ўзгариши, ҳикоя қилинаётган воқеа ва ҳодисаларнинг гоҳ ўтмиш, гоҳ воқеликка кўчиб юриши кузатилади, бироқ асосий эътибор инсон онгидаги турланишлар тасвирига қаратилади, унинг қаҳрамонлари онг остидаги нарса кутилмаганда ярқ этиб юзага чиқади.

"Бу ҳикоя, - деб ёзганди Акутагава ижодининг ибтидосида битилган "Бурун" ҳикояси ҳақида буюк япон адиби Нацумэ Сосэки, - ўта нозик дид ва ҳақиқий юмор билан суғорилган. Унда ортиқча ҳазилларсиз чиндан кулгили воқеа тасвирланган. Шу билан бирга, мавзунинг янгилиги ҳам ҳайратга солади кишини. Ҳикоя композицияси ўта таъсирли ва ажойиб қурилган. Мен ҳайратдаман! Муаллиф яна шундай ҳикоялардан беш-ўнтасини ёзса, бас, шунда сизлар унга тенг келадиган бошқа моҳир сўз устасини тополмайсиз". Акутагава ижоди билан озми-кўпми таниш китобхон улкан адиб башорати қай даражада ўзини оқлаганига тўла амин бўлади.

Машҳурлик чўққисига кўтарилган адиб нимагадир шошилаётган каби асосий вақтини ижодга бағишлар, кўп ва ранг-баранг асарлар яратарди. Унинг ҳикоялар тўпламлари бирин-кетин нашр этилар ва тезгина сотилиб кетарди. 1925 йил апрелида Японияда нашр этила бошлаган "Замонавий асарлар сайланмаси" кўп жилдлиги ҳам айнан Акутагава битиклари билан бошлангани унинг машҳурлиги маҳсули эди. Табиийки, уни мақташар, танқид қилишар, туҳматлар уюштиришарди, буюк адиб на мақтовларга, на танқид ва бўҳтонларга муносабат билдирар, сокинлик ва босиқлик билан ижод қиларди. Уни бошқа нарса - асабийлик қийнарди. Ҳар гал янги ҳикоясига нуқта қўйганида ва ўша заҳот ўзини ҳалокат жаридан асраб қолиш илинжида янги ижод намунасини яратишга киришарди.

1927 йил Акутагава "Тишли ғилдирак" ва "Телбанинг ҳаёти" деб номланган сўнгги икки асарини ёзди. Иккинчи жаҳон урушигача бўлган япон адабиётининг энг юқори чўққисига айланган мазкур асарларига Акутагава ўз ҳаётини, нафақат ҳаёти, балки ботинидаги дўзах алангасини мавзу қилиб олди. У жаҳон адабиётига галдаги икки шедеврини туҳфа қилди. Аммо бу ҳам уни қутқариб қолишга камлик қилди, 1927 йил 4 июлида ямагутилик телба аёл ва савдогарнинг фарзанди бўлмиш Рюноскэ Акутагава ўттиз беш ёшида ўз ҳаётига совуққонлик билан нуқта қўйди.

Эҳтимол буюк адибнинг бу қилмишига ўзини йиллар давомида таъқиб қилиб келган вос-вос хасталигидан халос бўлиш йўлини тополмагани ёки инсон ботиний олами турфа сирларини ўрганишдан чарчаб силласи қуригани ёхуд ўз кашфиётларини нотўғри кетма-кетликда очганлиги сабаб бўлгандир. Ҳар ҳолда Акутагава ўз ботини фуқароси эди, ўз ботинида яшади ва унинг қурбонига айланди, унинг ҳаёти интиҳоси ҳам қиёси ва такрори йўқ даҳо адиб адабиёт аҳлига тортиқ этган сўнгги, баҳсли бошқотирма бўлиб қолди.

Абдунаби АБДИЕВ

Report typo