Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

31.12.2019


ДАСТЛАБКИ БОСҚИЧДА 100 ДАН ОРТИҚ ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛДИ

Кичик бизнес

Жорий йилда Яккабоғ туманида амалга оширилган энг йирик инвестицион лойиҳалардан бири "Давр-шароб" масъулияти чекланган жамиятининг фаолият бошлаши бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида туманнинг иқтисодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, хусусан, бу ерда етиштириладиган сархил мева-сабзавотлар, узумни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолида ички ва ташқи бозорга етказиб бериш салмоғини ошириш ҳақида топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Шундан сўнг  бу борада "йўл харитаси" тасдиқланиб, кўплаб  лойиҳалар амалга оширилди. "Давр-шароб" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган  янги корхона ҳам ана шу "йўл харитаси" доирасида ташкил этилди.

- Лойиҳамиз бир неча босқични ўз ичига олади, - дейди корхона раҳбари Азамжон Ходжаев. - Дастлабки босқичда италиядан замонавий технологик линияни харид қилиб, шу йилнинг октябрь ойидан қувватни ишга туширдик. Ҳозир бу ерда 15 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Эътиборли томони, лойиҳанинг биринчи   босқичида 70 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлса-да, корхонада меҳнат қилаётган ходимлар сони 105 нафарга етди. Уларнинг асосий қисмини ҳудуддаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзолари ташкил этади. Кейинги босқичларнинг рўёбга чиқарилиши билан иш ўринлари сони ҳам яна бир неча баробарга ортиши тайин.

- Айни пайтда туман ҳудудидан 228 гектар ер олиб, бу майдонларда томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш ва винобоп узум навларини экиш ишларини бошладик, - дейди Аъзамжон Ходжаев. - Келгусида узумни ўзимиз етиштириб, шу ернинг ўзида уни қайта ишлаб, замонавий технологиялар воситасида яна бир неча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз. Бу лойиҳамизнинг иккинчи  босқичи ҳисобланади.

Шунингдек, корхонада яхна ичимликлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилмоқда. Камида 50 иш ўрни ташкил этиладиган бу қувват кенг қамровли лойиҳанинг яна бир таркибий қисмидир.

Шубҳасиз, бундай йирик ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ортиши, бандлик билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши ва пировардида аҳолининг фаровон ҳаёти таъминланишига хизмат қилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo