Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

10.12.2019


ДАВЛАТ ГРАНТИГА САЗОВОР БЎЛГАН ЛОЙИҲА

долзарб муаммони ҳал қилишга кўмаклашади

Учинчи сектор

 Юртимизда давлат грантлари ажратиш бўйича ўтказилган навбатдаги танловларда Қашқадарёдан 2 та оммавий ахборот воситаси ва 4 та нодавлат нотижорат ташкилоти ғолиб чиқди. Уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини молиялаштиришга умумий ҳисобда 173 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, мамлакат парламенти ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан жорий йилда ташкил этилган тўртинчи танлов оммавий ахборот воситаларида миллатлараро бағрикенглик ва дўстликни, тинчлик ва барқарорликни кенг тарғиб этиш мавзусига бағишланганди. Унинг якунига кўра, вилоятимиздан "Баркамол авлод" газетаси ва "Соҳибқирон юлдузи" журнали таҳририятларининг ташаббуслари алоҳида эътироф этилди. Рўёбга чиқарилиши учун 30 миллион сўмдан давлат грантлари ажратилган лойиҳаларнинг биттаси "Тинч бўлсак, тотув бўлсак...",  иккинчиси эса "Ёшларни нодир тарихий-маданий мерос, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан яқиндан таништириш" деб номланади.

Жамоат фонди эълон қилган бешинчи танлов эса "Жамиятда юксак маънавиятни ва қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашиш" мавзусида бўлиб, унинг йўналишларидан бири одам савдоси, ноқонуний меҳнат миграциясидан жабр кўрган аҳоли учун тизимли профилактик    тарғибот, ташвиқот ва реабилитация чора-тадбирларини амалга оширишда жамоатчилик назоратини олиб боришдан иборат эди.

- Давлат грантига сазовор бўлган лойиҳамиз айнан шу йўналишда ишлаб чиқилган, - дейди республика "Istiqbolli avlod" ижтимоий-ахборот марказининг Қашқадарё вилояти бўлими директори Шаҳноза Раупова. - Унинг мақсади, бир томондан, одам савдосидан жабрланиш таваккалчилигини камайтириш учун камида икки минг нафар кишининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўлса, иккинчи томондан, одам савдосидан жабр кўрган инсонларга юридик ва психологик хизматлар кўрсатиб, уларни мутасадди ташкилотларга йўналтириш орқали доимий бандлигини таъминлаш механизмини такомиллаштиришдир.

Лойиҳа доирасидаги тадбирлар вилоятнинг олтита ҳудуди - кейинги йилларда кўплаб аҳолиси хорижий мамлакатларга узоқ муддатга чиқиб кетаётган Яккабоғ, Чироқчи, Шаҳрисабз, Китоб ва Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳрида ташкил этилади. У ерда дастлаб ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мутахассислари учун семинар-тренинглар ўтказилиб, иштирокчиларнинг барчаси одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус қўлланмалар билан таъминланади. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда ёшлар иштирокида меҳнат миграцияси ва хорижга чиқиш-келишга доир қонунчилик талаблари бўйича тарғибот-ташвиқот    тадбирлари ва одам савдосидан огоҳ этувчи оммавий акциялар уюштирилади. ННТга "Долзарб алоқа тармоғи" орқали мурожаат қилган фуқароларга махфийлик сақланган ҳолда, бепул ҳуқуқий хизматлар ва психологик маслаҳатлар тақдим этилади.

30 миллион сўм миқдоридаги давлат гранти ҳисобидан амалга ошириладиган мазкур лойиҳа доирасида мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ўртасида "Одам савдосига қарши кураш - ёшлар нигоҳида" мавзусида расмлар танлови ҳам ўтказилади. Энг яхши расмлар негизида 20 та тематик тақвим нашр этилади.

"Жамиятда юксак маънавиятни ва қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашиш" мавзусидаги танлов якунига кўра, вилоятимиздан яна учта ННТ - зўрлик ишлатишдан жабр кўрган  шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази Қарши шаҳар ва Косон тумани бўлинмалари (29 миллион сўмдан) ҳамда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қамаши тумани бўлинмаси (25 миллион сўм) давлат грантлари олишга муваффақ бўлишган.

Умуман олганда, жорий йилги тўртинчи ва бешинчи танлов натижаси бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жойлашган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига 108 та лойиҳани амалга ошириш учун жами 3,2 миллиард сўм миқдорида грантлар ажратилган.

 

 

Report typo