Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

26.02.2021


ДАВР ҲЕЧ КИМНИ АЯМАЙДИ, ҲАТТО ТОШ ҲАЙКАЛЛАРНИ ҲАМ...

Сараланган сатрлар

1907 йилда Нью-Йоркда қурилган мум ҳайкаллар музейи Лондондаги машҳур Мадам Тюссо муассасаси каби бўлиб, у ерда энг яхши итальян мумсозлари ишлаган 600 дан ортиқ ҳайкал сақланарди. Уинстон Черчилль, бокс бўйича жаҳон чемпиони Жо Луис, АҚШ президенти Гувер, гангстер Аль Капоне ва бошқа кўпгина ҳайкаллар ишланиши жиҳатдан ўхшаши йўқ ва бебаҳо саналарди. Бироқ музейнинг шуҳрати фақат бундагина бўлмай, айрим ҳайкаллар туркуми ўтмишда ёки айни кунларда юз берган турли воқеа-ҳодисаларни акс эттириши билан аҳамиятли эди. Масалан, 17 ҳайкалдан иборат бир гуруҳ 1937 йилда Уоллстрит-сити банкини ўғирлаш воқеасини бутун тафсилоти билан тасвирласа, Жордано Брунонинг гулханда ёндирилиши воқеаси ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмасди. Электр стулида, газ камерасида қатл қилиш, осиш, калласини олиш каби даҳшатли ҳолатлар ҳам барча тафсилотлари билан ифода этилганди. Музейда ростакам гильотина ҳам бўлиб, эндиликда янги ҳайкаллар жойлаштириш ва мижозлар эътиборини қозониш мақсад қилинганди.

Музейга кираверишда эса иккита бир хил одам томошабинларни кутиб оларди. Уларнинг бири мумдан ясалган ҳайкал ва наригиси чинакам одам эди. Бу - мексикалик иш излаб юрган ва шу ерда қўним топган Рамон Монтеро бўлиб, мумсоз уста ҳайкал унга ўхшаши эмас, у ҳайкалга ўхшаши зарурлигини, бўлмаса ишсиз қолишини билдиради.

Натижада Монтеро 15 йил давомида "қўғирчоқ" бўлиб,    ташқи томондангина эмас, ички томондан ҳам қотиб қолади, юзига ажин тушмаслиги учун кулиш-йиғлашни эсдан чиқариб, одамларга қўшилмай қўяди.

У қанча ҳаракат қилмасин, умр ўтиб борарди, у ўз қиёфадош ҳайкалидан фарқ қилар, одамлар қайси ҳайкал, қайси одам эканини дарҳол ажратар, қўйингки, эндиликда Монтеронинг бу ерда ўтиришига  зарурат қолмаганди. Музей директори янги одам ва унинг ҳайкалига буюртма бериш ҳақида бош қотираётганди.

Аммо шу орада Рамон Монтеро музейда сирли тарзда ўлим топади. Табиийки, полиция турли тахминларни илгари суради, гумонланувчиларни сўроқ қилади, шубҳаланган кишилар изига тушади.

АҚШдаги қирққа яқин газета ва журнал раҳбари, хусусан, "Дейли Глоб" нашри бош муҳаррири Рэндольф Грейс адабий ходим Генри Мак Алистерга бир-бирига қарама-қарши фикрлар қалашиб ётган бир чоғда ўқишга арзирли бадиий қисса ёзишни, унда жиноят хроникаси ўзига хос услубда акс этиши кераклигини айтади.

Шу орқали ёзувчи Мак Алистер ва полициячи Карриган жиноят иши билан шуғулланишни бошлайди. Ушбу жараёнда "Қотиллик тўғрисидаги ҳодисани "Дейли Глоб" газетаси учун бозори чаққон молга айлантиришга бош-қош бўлган биргина мен эмас. Биз ҳаммамиз ўз муваффақиятимиз учун аллақандай қотилдан миннатдормиз. Демак, биз унинг шерикларимиз. Карриган ҳақ: бизга ишониб бўлмайди!" деган хулосага келади адабий ходим.

Хуллас, булар ҳақида рус адиби (шу билан бирга разведкачи ҳам бўлган) Алексей Коробициннинг "Музейдаги сирли қотиллик" асарида ҳикоя қилинади. Адиб китобда дўсти, таниқли Америка журналисти айтиб берган ҳикояни сўзма-сўз келтирганини айтади ва дарҳақиқат, ҳодисалари океанорти мамлакатида юз бераётган асарни рус ёзувчиси ёзгани умуман сезилмайди.

Хўш, ўз ҳайкалига ўхшамай қолган Рамон Монтеро ўлимига ким сабаб бўлган эди? Полициячидан аввал ёзувчи қандай қилиб жиноят моҳиятига ета олди? Бу ҳақда асар тўлиқ мутолааси давомида билиб оласиз. Кутилмаган ечим сизни бефарқ қолдирмайди. Ўз навбатида жиноятни фош этишдаги ўзига хос услублар ҳақида ҳам маълумотларга эга бўласиз.

Шу ўринда яна бир нарса. 1980 йилдаги нашр асосида 2018 йилда "Адабиёт учқунлари" нашриёти китобни қайта чоп этишга қарор қилибди. Аммо муаллиф номи янги ноширлар аралашган барча ўринларда, ҳатто муқовада "Коробициннин" шаклида берилгани ғалати. Қолаверса, китобда имло хатолари ҳам жуда серобки, буни техник хато сифатида тушунса бўлар - чунки аввалги нашр қайтадан териб ўтирилмай, бирданига сканер қилиб қўяқолинган ва қурилма кўп ўхшаш ҳарфларни "ўқимаган"...

Шу ғализликларни айтмаганда, ноширларнинг ўзбек китобхонига яхши бир китобни қайта тақдим этганини олқишласа бўлади.

* * *

"Бугун биз газеталаримизни дилижанс ва елканли флот давридагидек чиқараётганимизни сира ўйлаганмисан? Ўша вақтдагидек кескин, баландпарвоз гаплар, сийқаси чиққан усуллар... Буларнинг ҳаммаси бугун, бир неча соатда Европага ёки Африкага бориш мумкин бўлган кунда, америкалик уйида ўтириб, телевизор орқали Римда бўлаётган футбол матчини кўраётган ҳозирги вақтда-я..."

* * *

"Ҳозирги газета фактларни акс эттириши керак. Фақат фактларни! Бу ишни ишонарли тарзда, газетхоннинг жиғига тегмасдан, усталик билан олиб бориш керак. Бундай газетани ҳамма ўқийди!"

* * *

Машҳур изқуварлар фақат романларда, киноларда бўлади. Аслида булар ўз касбини билган устамас, шунчаки ҳунарманд косиб... Ҳаммаси криминалистиканинг оддий қонунларини озми-кўпми ўзлаштириб олган, холос.

* * *

Босқинчилар ўртасида бўлиб турадиган воқеаларнинг бири - аввалига жўшқин муҳаббат, кейин рашк ва ниҳоят - сотқинлик.

* * *

...қотиллик усуллари билан қотилнинг шахси ўртасида ҳамиша бирор боғланиш бўлади.

* * *

...криминалистикага ҳаммаси аниқ, ҳаммаси равшан бўлиб кўринади-ку, лекин кутилмаганда сирли маълумот пайдо бўлиб қолади ва бутун терговни боши берк кўчага киритиб қўяди.

* * *

Жиноятчи бирор кишини қатл этаркан, жаҳл устида бошқаларни мақсадсиз ўлдириши, буюмларни бузиши, мебелларни синдириши мумкин, бундай ҳолатларни биласиз. Психологлар бу ҳолатни патологик аффект дейишади, ҳатто жиноятчини айбдорликдан халос ҳам қиладилар.

* * *

...ҳар қандай профессионал жиноятчи ўша заҳоти жиноят содир бўлган жойни ташлаб кетади ва деярли ҳамма вақт ўз уйидан қарама-қарши томонга яширинади. Лекин мутахассис бўлмаган жиноятчиларнинг энг ярамас қилиқларидан бири шуки, улар на иш жойларини, на турар жойларини ўзгартирадилар.

* * *

"Ҳар нарсага ёпишавермаслик керак. Биласизлар, ҳар қандай тергов спиралсимон қилиб олиб борилади. Яъни иш жиноят содир бўлган жойдан бошланади-да,  фаолият доираси кенгайиб бораверади. Бўлмаса биз шарпа орқасидан қувлаб, тумшуғимиз остидаги қушни учириб юборамиз".

* * *

Одам ўз буюмини "юз, икки юз доллар" баҳолаб, бирданига миллион доллар фойда тўғрисида гапирса, билингки,  ёлғон гапиряпти!

* * *

Давр ҳеч кимни аямайди, ҳатто тош ҳайкалларни ҳам аямайди... Миср эҳромлари мангудек кўринадию, лекин улар ҳам вақти келиб тупроққа айланади...

* * *

"Жиноят ва жазо" кинофильмини эслайсанми? Айрим кишилар учун жазонинг жозибали кучи ҳатто эришилган жиноят мақсадидан ҳам муҳимроқдир. Айтишларига қараганда, кўпинча жиноят жозибаси ҳиссиётга ҳаддан ортиқ берилиш натижасида содир бўларкан.

* * *

"Ростдан ҳам, бирор киши ўз халқига қизиқиш билан қараса, виждонан иш қилса ва ўз виждонига қулоқ солса, нимагадир уни ҳам коммунистмисан, дейишади".

* * *

У соат тили чиқиллаётгандек бир маромда қайтарилади: "Ўл-ди, ўл-ди... Ўл-ди..."

"Йўқ, йўқ! Гапириш керак! Бу лаънати, совуқ сўз онгга, юракка қадалиб қолмаслиги учун ҳамиша гапириш керак! Бўлмаса, ҳаёт қўрқинчли бўлиб қолади..."

* * *

Айрим вақтларда нажотсизлик иродасиз кишиларни ҳам довюрак қилиб юборади.

* * *

Инглизлар айтганидек, ҳеч қандай янгиликнинг бўлмаслиги, энг яхши янгилик.

* * *

"Сиз ёзувчилар, ҳамма нарсани мураккаблаштиришни яхши кўрасизлар".

* * *

Биринчи тахмин барбод бўлгандан кейин, қолганлари ҳам қандайдир асоссиз бўлиб кўринади.

* * *

Кўпинча адабиётчилар ҳақиқатни бошқалардан олдинроқ кўрадилар ва бошқалар қидирмайдиган жойдан топадилар.

* * *

Профессионал жиноятчилар вақт ўтиши билан ўз ихтиёрларидан ташқари маълум бир жиноят услубини эгаллаб оладилар.

* * *

Нью-Йорк таксичилари ажойиб психолог: улар тротуарда иккиланиб турган одамни кўришлари билан, унинг ёнида тўхтайдилар-да, счётчикни юргазиб юборадилар.

* * *

Одам бир қарорга келгандан кейин ўзини осойишта ва ишончлироқ ҳис қилади.

* * *

- Кўрдингизми, буларнинг ҳаммаси жуда ғайриоддий ва шу билан бирга жуда тўпори, шундай эмасми?

- Оддий... - Карриган кўнгли ёришмай кулиб қўйди. - Биз полициячилар учун бу сўз жуда нохуш гап. Биз ҳамиша жон куйдирамиз, ўйлаймиз, бошимизни қотирамиз, кейин қарасак, ҳаммаси жуда оддий бўлиб чиқади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo