Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 декабрь, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

20.10.2020


Деҳқонободга вирусни қисқа вақтда аниқловчи аппарат келтирилди

Деҳқонобод туманига коронавирус инфекциясини 3 соатда аниқловчи 2 та ПЗР аппарати олиб келинди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, тиббий ускуналар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ҳамда хусусий клиникалардан бирига келтирилган.

“Мазкур аппарат бир вақтнинг ўзида 96 кишидан олинган анализни текшириб, 3 соатда натижасини маълум қилади. Демак, кунига 500 кишидан анализ олиб, натижасини аниқлаб бериш имкони мавжуд. Бироқ, юртдошларимиз кутиб қолмасликлари учун натижа бир кунда чиқишини айтамиз”, дейди хусусий клиника раҳбари Хайриддин Қурбонов.

Маълумот ўрнида айтиш ўринли, клиника раҳбари янги ускуналар учун 810 миллион сўм имтиёзли кредит маблағларини йўналтирган. Қайд этилишича, мазкур тиббиёт ускунаси вилоятда саноқли бўлиб, шу вақтгача Косон тумани, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида мавжуд эди.

 

 

Қўшимча қилинишича, туман ҳокими Зоир Алиқулов тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида ҳам бўлиб, кислород баллонлари аҳволини кўздан кечирган.

“Гулистондаги ҳолат ҳар биримиз учун хулоса қилишга арзирли воқеа бўлди. Биз беморлар соғлиғини тиклаш баробарида, уларга хизмат кўрсатаётган техникалар хавфсизлигига ҳам эътибор қаратишимиз лозимлигини билдик ва кўрдик. Шунинг учун ҳар биринингиз бу ишга масъулият билан ёндашишингиз керак”, деган ҳоким масъуллар билан мулоқотда.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 7 октябрь куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида ташкил этилган саралаш ва тақсимлаш марказида портлаш юз берган, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлаш мажмуадаги кислород баллони ёрилиши оқибатида содир бўлганини маълум қилганди. Портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Report typo