Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

31.10.2017


ДЕПРЕССИЯГА ҚАРШИ ТАОМ

Биз кўпинча ташвиш, қайғу, умидсизлик, тушкунлик ва бошқа шу каби аломатларни “ютиб юбориш”га уринамиз. Натижада кайфият яхшиланиши унчалик узоққа чўзилмайди, қайтага янаям кўпроқ ташвиш чекишга олиб келадиган ортиқча вазн муаммосига йўлиқамиз. “Одамнинг ёши улғайгани сари унда тушкунлик ёки алоҳида ҳодиса – кайфиятсизлик, умидсизлик ҳисси юзага келиш хавфи ортиб боради, бу мия ва бошқа органларда кечадиган ёшга доир ўзгаришлар туфайли келиб чиқади”, дейди таниқли геронтолог олим, биология фанлари доктори, узоқ умр кўриш ҳақидаги илмий-оммабоп китоблар муаллифи Алексей Москалёв.

Шифокорлар бирмунча жиддийроқ вазиятларда тавсия қиладиган тез таъсир кўрсатувчи дорилардан ташқари оддий, хавфсиз ва организмга самарали кўмак берадиган усул ҳам бор. Дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилган илмий тадқиқотлар жараёнида организмда тушкунликка мойиллик хавфини камайтирадиган, миямизни қувватлантириб, табиий антидепрессант вазифасини бажарадиган модда ва маҳсулотлар аниқланди. Шунинг баробарида олимлар “бузуқ кайфият”ни юзага келтирадиган маҳсулотларни ҳам ўрганишди.

КЎПРОҚ БАЛИҚ ЕНГ – КАМРОҚ ҒУССА ЧЕКАСИЗ

- Тадқиқотлардан бирида турли ҳудудларда яшовчи одамлардаги депрессияга чалиниш даражаси уларнинг балиқ истеъмолига боғлиқ ҳолда ўрганилди. Балиқ тез-тез истеъмол қилинадиган жойда яшовчиларда тушкун кайфият камроқ учраши маълум бўлди, - дейди эксперт Алексей Москалёв.

Қимматли “омега-3” кислотаси табиий антидепрессант саналади. Бу модда семизгина денгиз балиқлари – скумбрия, палтус, сельд ва лососда кўпроқ учрайди. Шунингдек, “омега-3” грек ёнғоғи ва кўкатларда ҳам бор.

Тавсия: ҳафтада ўртача бир-икки марта “балиқ куни”ни ташкил этиш лозим.

“БАХТ ДАРМОНДОРИЛАРИ”

Умидсизлик ва ғусса билан курашишда треска балиғининг жигари ҳам яхши самара беради. “Бунинг асосий сабаби шундаки, треска жигари Д дармондорисининг энг бой манбаидир”, - тушунтиради Алексей Москалёв. Депрессиядан сақловчи асосий дармондорилар қуйидагилар:

- юқорида тилга олинган Д дармондориси. Треска жигаридан ташқари, бу модда тухум, сельд, палтус ва скумбрия балиқларида, қорамол жигарида ҳам мавжуд;

- В: В2, В6, В9 гуруҳидаги дармондорилар.

В2 (рибофлавин) сули ёрмаси, гречка, наъматак қайнатмаси, яшил нўхат, исмалоқ ва карам таркибида мавжуд. Жониворлардан олинадиган маҳсулотлар – товуқ тухуми, сигир сутида, калла-поча, буйрак ва жигарда мўл. Узоқ умр кўриш бўйича экспертлар В2 дармондорисининг ўсимликлардаги манбаини кўпроқ тавсия этишади.

В6 (пиридоксин) цитрус мевалар, оқ карам, грек ёнғоғи, қулупнай, гилос, исмалоқ, гречка, буғдой ёрмаси, шунингдек, қорамол жигарида кўп учрайди.

В9 (фолий кислотаси) картошка, ловия, банан, ясмиқ, лавлаги, авокадо, помидор таркибида мавжуд.

ГЛЮТЕННИ КАМАЙТИРАМИЗ, КИНОАНИ ҚЎШАМИЗ

Аслида Ер юзидаги одамларнинг жуда оз қисмида организм глютен – арпа-буғдой каби бошоқлилар таркибидаги оқсилни қабул қила олмаслик касаллиги учрайди. Агар шундай хасталик учрамаса, ўзини кўп нарсалардан чеклаб, глютенсиз парҳезни доимий равишда тутиш – бефойда, экспертлар бу иш ортиқча стрессга олиб келади, деб ҳисоблашади.

“Аммо вақти-вақти билан нон ва турли ёрмалар каби глютенли маҳсулотлар истеъмолини камайтириб туриш фойдали бўлиши мумкин”, дейди профессор Москалёв. Чунки илмий тадқиқотлар глютенсиз парҳез депрессияга қарши самарали восита эканлигини кўрсатади.

Тавсия: агар сиқилиш, ҳасрат ва умидсизлик сизни қуршаб олганини ҳис қилсангиз, маккажўхори унидан тайёрланган нон истеъмол қилишингиз, бўтқа ва гарнирни гречка ҳамда киноа (протеинга бой, оқсилсиз дуккакли ўсимлик) маҳсулотидан пиширишингиз мумкин. Айтганча, тадқиқотлар давомида киноанинг антидепрессант таъсири яққол кўзга ташланди.

ҚАЙД ЭТИШ УЧУН

Қувонч учун овқатланиш рационига яна нималарни киритиш керак? Илмий тадқиқотлар қуйидаги моддалар ҳам антидепрессантлик хусусиятларига эгалигини кўрсатди:

- куркумин. У биологик фаол қўшимчалар ёки таомга қўшиладиган куркума зиравори таркибида мавжуд;

- кофеин. Бу модда кофедан ташқари чойда ҳам мавжуд – ҳам кўк, ҳам қора чой таркибида учрайди. Кўк чой таркибида эса кўпроқ миқдорда бўлади;

- триптофан. Мазкур аминокислота “бахт гормони” – серотонин ҳосил бўлишида иштирок этади. Триптофан пишлоқ, творог, банан ва бодом таркибида мўл.

Нимадан сақланиш керак?

Ўсимлик мойлари гидрогенизациясида (бу жараён маргарин ишлаб чиқаришда юз беради) “транс-полиенли мой кислоталари” деб аталадиган моддалар шаклланади. Бизнинг вужудимизда уларни парчалайдиган ферментлар йўқ, шунинг учун бундай кислоталар организмда ўзлаштирилмайди, қайта ишланмасдан чиқариб ташланади. Аммо бу чиқиб кетиш жуда секин юз беради, организмда яллиғланишни келтириб чиқаради (бу ҳолат вужудда қайта ишланмаган моддаларнинг узоқ вақт туриб қолиши туфайли юзага келади). Яллиғланиш, ўз навбатида, мия ҳужайраларида салбий ўзгаришларни, шу жумладан, тушкунлик ҳиссининг кучайишига олиб келади.

Хуллас, бундай зарарли кислоталар истеъмолини имкон қадар чеклаган маъқул. Улар нималарда бўлади? Ёрлиғида “гидрогенизацияланган мой” ёзуви бўлган маҳсулотлар, кўпинча, булар печенье, пирожнийга ўхшаш пишириқлар таркибида учрайди. Бундай маҳсулотлардан бир ҳафтада икки донагина ейиш у қадар қўрқинчли эмас – агар жигар-буйрак ва ичак тизимингизда муаммо бўлмаса, шунча миқдордаги транс-полиенли мой кислоталарини организм ортиқча зўриқишсиз чиқариб юбора олади.

ТАБИИЙ АНТИДЕПРЕССАНТЛАРНИ ҚАЧОН ВА ҚАНЧА ЕЙИШ КЕРАК?

- Кунига икки стакан кўк чой ичиш, ҳар куни бир тақсимча гречка ейиш етарлими? Неча дона банан, ёнғоқ ёки помидор истеъмол қилган тўғри бўлади? – дея сўрашди узоқ яшаш сирлари мактаби иштирокчилари Алексей Москалёвдан.

- Ҳаммаси сизнинг бўйингиз, вазнингиз, ёшингиз ва организмингиз озиқ моддаларини қандай ўзлаштиришига, яъни овқат ҳазм қилиш тизимида муаммолар йўқлигига боғлиқ, - жавоб беради тадқиқотчи. – Шунинг учун ўз сезгиларингизга таянинг. Турли миқдордаги табиий антидепрессантларни истеъмол қилиб кўринг ва кундалигингизга ёзиб боринг: кайфиятингиз яхшиланаяптими, ҳиссиётларингиз кўтаринкими ва қанчалик?

Дармондорилар ва бошқа фойдали моддалар миқдорини ошириб юборишнинг иложи йўқ, дея бизни хотиржам қилади экспертлар. Чунки бундай моддалар озиқ маҳсулотларида нисбатан камроқ миқдорни ташкил этади.

Муаллиф: Анна ДОБРЮХА.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси

Report typo