Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 июнь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Сарварбек ПРИМОВ

31.03.2020


ДЕПУТАТ УЙҒОНИШИ КЕРАК

Эркин фикр

Хабарингиз бор, халқ ишонч билдириб, янги сайланган депутатлар ўз ишини бошлаганига ҳам бир неча ойдан ошди. Хўш, бугунги депутат қандай бўлиши керак, улар ўзини ҳаётнинг қайси жабҳаларида кўраяпти, бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Исломиддин АБРАРОВ   фикрлари билан қизиқдик.

- Битта туман ёки шаҳар Кенгаши депутати беш-беш ярим минг нафар фуқаронинг ҳокимиятдаги вакили ҳисобланади. Вилоят Кенгаши депутатининг ортида эса 50 мингга яқин сайловчиси мавжуд. Демак, депутатлар сайловчиларнинг вакили сифатида маҳаллий Кенгашларда уларнинг манфаатини ҳимоя қилиши, энг асосийси, ушбу сайловчиларнинг ишончини қозониши керак.

- Тўғри, лекин маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз ахборотларида неча маротаба сайловчилар билан учрашувлар ташкил этганини қайд этишади. Бу орқали амалда нимани ўзгартира олишгани эса номаълум. Ваҳоланки, сайловчига аниқ натижа керак.

- Айнан мана шу масала юзасидан депутатларимиз ўзларига савол қўйса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи чоғида жойларда ислоҳотларнинг самарадорлиги қай даражада юқори эканлиги айнан депутатларга боғлиқ эканлигини бот-бот таъкидлади. Яъни депутат жон куйдирмаса, маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарларидан ислоҳотларга доир чора-тадбирлар, дастурлар ижросини талаб қилмаса, ижобий ечим бўлмаслигини таъкидлаган ҳолда "Мен депутатларга ишонаман", деди.

Шу ўринда ўз-ўзидан савол туғилади? Президентнинг мана шу юксак ишончини оқлаш учун нима қилаяпмиз ва нима қилишимиз керак? Қачонгача туман ёки шаҳар ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ёки блогерлар кўтариши керак? Аслида, ҳар бир депутат ўзи сайланган округ ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни чуқур билиши, муаммоларни "йўл харитаси"га киритиши ва масалаларни доимий комиссиялар ҳамда сессиялар муҳокамасига киритиб, уларга ечим излаши керак. Шундагина амалий натижа бўлади.

Шу ўринда бир эътироз. Амалдаги қонунларга кўра, ҳар чоракда камида бир маротаба туман, шаҳар Кенгашларининг сессияси бўлиб ўтиши белгиланган. Энди туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари депутатлар, доимий комиссия ташаббуси билан вақтни кутиб ўтирмасдан, мунтазам ўтказиб борилиши керак. Сессияларда долзарб муаммолар муҳокама қилиб борилса, маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарларининг масъулияти ошиб боради.

- Халқ вакиллари депутат сўровидан қай даражада унумли фойдаланаяпти?

- Депутатга амалдаги қонунларимизга кўра ўз ваколатлари доирасида давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, ташкилот, муассасаларга сўров билан чиқиш ваколати берилган. Ўз навбатида, ушбу сўровга жавоб бўлмаса, тегишлича чоралар ҳам белгиланган.

Бу жаранёда, аввало, депутатларимиз депутат сўрови билан чиқиш бўйича қонун талабларини пухта билишлари керак. Шунга оид бир мисолни келтириб ўтмоқчиман. Маҳаллий Кенгаш депутатларидан бири йўл қурилиши масаласи бўйича бир неча бор вилоят ҳокимига депутат сўрови билан чиққан. Ваҳоланки, вилоятда шу соҳанинг мутасаддилари мавжуд. Агар депутат тўғридан-тўғри йўл қурилиши бўйича мутасаддига депутат сўрови билан чиққанда эди, масала тўғри қўйилган бўларди. Бунақа мисолларни жуда кўплаб келтиришим мумкин. Бунинг учун энг аввало депутатлар ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириб боришлари керак.

- Кейинги йилларда халқимизга муносиб турмуш шароитини яратиш мақсадида "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла", "Обод марказ" дастурлари тасдиқланиб, ижроси учун давлат бюджетидан жуда катта миқдорда маблағлар ажратилди. Лекин, рости, мана шу маблағлардан ўринли фойдаланилди, деб айта олмаймиз. Қолаверса, эндиликда ҳокимият идоралари маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган қисмига ўзлари эгалик қилаяпти.

- Туман, шаҳар Кенгаши депутатлари маҳаллий бюджетни тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилиб бориши қонунларимизда белгиланган. Маҳаллий бюджетнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш давр талаби саналади. Бу ҳақда ҳар бир солиқ тўловчи, яъни фуқароларимиз ахборотга эга бўлишлари керак.

Сиз айтган масалага келсак, маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағ қаерда, қайси мақсадда ишлатилаётганини ўрганиш депутатларнинг муҳим вазифаси саналади. Масалан, маълум бир ҳудуддаги йўл, канализация тизими, электр, газ таъминоти ёки мактаб, мактабгача таълим ташкилотини жорий ёки капитал таъмирлаш учун маблағ ажратилади, аммо иш бажарувчи ташкилот шу бюджет маблағларидан ўринли фойдалана олдими, деган савол туғилиши табиий. Масалан, бир маҳалланинг йўли жорий таъмирланди, лекин орадан 2 ой ўтмай ўша йўл яна таъмирталаб аҳволга тушади. Нимагадир бу муаммони на буюртмачи, на иш бажарувчи эътиборга олади. Оқибатда, халқнинг норозилиги, маҳаллий ҳокимият идораларига ишончсизлиги юзага келади. Сифатсиз иш учун буюртмачи ҳам, бажарувчи ҳам  жавоб бериши керак. Сессияларда айнан мана шу масалалар чуқур муҳокама қилинса, давлат маблағларининг мақсадсиз сарфланишига йўл қўйилмайди. Бу ҳам коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

- Сўнгги кунларда коронавирус бутун дунё аҳли қаторида ўзбекистонликларни ҳам жиддий ташвишга солмоқда. Энг ёмони айрим фуқароларимиз кўча-кўйдаги миш-мишлар, ўринсиз гап-сўзларга ишониб саросимага тушаяпти. Сиз қандай фикрдасиз?

- Буюк аждодимиз, дунё тиббиётига асос солган етук намоянда Ибн Синонинг "Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир", деган пурмаъно ҳикматларини унутмаслик керак. Эътироф этиш даркор, бугун Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги имкониятлари ниҳоятда юқори даражада, давлатимиз фуқароларнинг саломатлигини таъминлаш борасида барча чора-тадбирларни кўрмоқда.

Мана шундай вазиятларда давлат раҳбари айтганидек, биз бирлашиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, энг аввало оиламизда, қишлоқ ва маҳаллаларимизда санитария, гигиена талабларини бажарсак, ҳеч қандай вирус ҳаётимизга хавф келтирмайди. Бундай вазиятда ҳеч биримиз хотиржамлик ва бепарволикка берилмайлик.

Сарварбек ПРИМОВ суҳбатлашди.

Report typo