Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

БЕҲРЎЗБЕК

27.07.2022


ДХХ раиси кубоги: вилоят босқичининг ғолиблари маълум

Футбол

   Бир неча ойдан буён маҳаллаларда давом этиб келаётган футбол ва мини футбол бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати раиси кубоги мусобақаларининг вилоят босқичи якунланди.

Қарши шаҳридаги “Геолог” ўйингоҳида ўтказилган ҳал қилувчи учрашувлар байрам руҳини олди. Эл ардоғидаги санъаткорлар Даврон Ғойибов, Самандар Ҳамроқулов ҳамда Шохруҳ ижросидаги куй-қўшиқлар, бир-биридан қизиқарли кечган футбол баҳслари томошабинларда ўзига хос таассурот қолдирди.

Дастлаб футбол баҳслари ҳақида. Китоб туманининг Бештерак ва Шаҳрисабз туманининг Янги ҳаёт маҳаллалари жамоалари беллашуви тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа томонидан уюштирилган ҳужумлар финал руҳига мос ҳолда кечди. Якунда эса кучлилар ғалаба қозонди. Учрашувда 2:1 ҳисобида зафар қучган китоблик ёшлар вилоят кубогини қўлга киритишди.

Мини футбол баҳслари ҳам ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Қамаши туманининг "Самарқанд" жамоаси Косон туманининг "Муғжагул" жамоасини мағлуб этиб (1:0), қаторасига иккинчи бор мусобақанинг вилоят босқичи ғолиби бўлди. Эътиборли жиҳати, қамашиликлар ўтган йили мазкур турнирининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаб, республика ДХХ раиси кубогини қўлга киритишган эди.

Хуллас, вилоятимиздаги барча маҳаллаларни қамраб олган ва ҳудудларда ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларга ўз иқтидорини намоён этиш учун катта имкониятлар яратаётган мусобақа давом этади. Энди навбат республика босқичига. Унда вилоятимиз шарафини “Бештерак” (Китоб) ва "Самарқанд" (Қамаши) жамоалари ҳимоя қилади.

БЕҲРЎЗБЕК

Report typo