Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Байрам АЛИ

05.11.2019


ДОН-АМИНАДО ҲАҚ ЭКАН

Ҳангома

Қамаши туманидан таниқли зиёлилар кўп чиққан. Темирпўлат Тиллаев ва Шуҳрат Рустамов шулар жумласидан. Лаббай? Таниқли зиёлиларингни танимайроқ турибман, дейсизми? Шу-да! Ушбу ерида менинг юрагим оғрийди-да! Ахир доим айтаман бу иккала устозга - одам деган мундоқ ўзини реклама қилдириши керак, деб!

Майли, танимаганларнинг талабларига биноан бу икки инсонни таништириб ўтаман.

Темирпўлат Тиллаев - Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб ва ношир,   унча-мунча эмас, нақ ўзбек ва жаҳон адабиётини сув қилиб ичиб юборганлар хилидан. Ўтган аср саксонинчи йилларида ёзган  "Ворис", "Ўлим ўпқони" каби асарлари бадиий нашрлар юзини кўриб хўп шов-шув бўлган. У кишининг бундай мардона қадамлари ўз даврида ҳатто Одил Ёқубовдай улуғимизнинг эътирофини қозониб, Темирпўлат ака ижоди ҳақида "Кечиккан карвон қўнғироғи" деган мақола ёзиб юборган, дейишади. Ҳозир бу ҳақда устознинг ўзидан сўрасак, сохта камтарлик билан "Ҳа, қайси бир йиллари шундай бўлувди, адашмасам. Шу мақоладан кейин илҳомланиб "Қуёш сояси" деган роман ҳам ёзган эдим, қарасам, худди меникига яқинлашадиган асарни пича олдинроқ Достоевский ёзиб қўйган экан. Қўй, шу Достоевский ҳам бир фақирнинг боласи, шавкатига путур етмасин, дея нашр қилдирмадим. Роман қўлёзмаси нашр қилинмай қолган бошқалари билан бирга сейфда ётибди, агар ҳашарот еб кетмаган бўлса", деб қўядилар. Нимаям дейсиз энди, Достоевскийдан мундайроқ ёзишни орият кўтармаса, ошириб ёзишнинг ўзи бўлмаса... Куя ейди-да қораламаларни, бошқа нима бўларди!

Шуҳрат Рустамовга келсак, туман ва вилоят миқёсидаги турли масъул касбларда ишлаб келаётган бу инсонни узоқдан биладиганлар асли иқтисодчи деса, яқинроқдан биладиганлар "йўқ, асли шоир!" дейишади. Шунда ҳам ора-турада бир-икки одам "йўғ-ай, асли тарихчи эмасмиди?" ёки "физик эмасмиди?" деб қолса сира ажаб эмас. Чунки 2 мингга яқин илмий ва бадиий асарлар ўқиб чиққан Шуҳрат Рустамов қандай мавзуда сўз юритманг, бир дунё факт ва асослар билан гапингизни тўхтаган жойидан давом эттириш қобилиятига эга. Қолаверса бу маърифатпарвар одамнинг "Заковат" интеллектуал ўйинига йўллаган саволлари билимдонлар учун зап бош оғриқ бўлиб келмоқда.

Танишга-ку, таниб олдингиз. Лекин нега шундай икки ўзига хос инсон ҳақида бирваракайига гап бошлаганимни тушунмай тургандирсиз-а? Олдин эшитгандирсиз ёки йўқ: рус ҳажвчи-шоири Дон-Аминадонинг "Аҳмоқлар билан йўлдош бўлиш қанчалик азоб бўлса, ўта ақллиларга йўлиқиб ҳам ҳаётингни дўзахга айлантиришинг аниқ!" деган кинояси бор. Гап шундаки, илмий атамалардан қориштириб сўз бошлаб, сўзига Кафканинг калласию Ницше билан Шопенгауэрнинг оёғи, яна Ван Гогу Рембрандтнинг аллақаёқларини қўшиб гурунгниям ажабсандасини чиқариб юборадиган бу иккала инсон ҳаммаслак биродар, яқин дўстлардир. Ҳозир сизларга сўйлаб бериш учун гапни узоқдан бошлаган ҳаётий ҳангома ҳам устозларнинг ўзаро қадрдонлиги юзасидан содир бўлди...

Хуллас, сабоқларини тинглаб Темирпўлат Тиллаевнинг ҳузурида ўтирган эдим, бир ўғли телефон қилиб, тадбиркорлик учун кредит олиш мақсади борлигини айтиб қолди. Устоз эса соҳа мутахассиси сифатида маслаҳат олиш учун кўз олдимда Шуҳрат Рустамовга телефон қилди:

- Шуҳрат, шундоқ-шундоқ муаммо чиқаяпти... Ишни нимадан бошлашим керак?

- Ҳимм, - деди Шуҳрат Рустамов миясида ўзича ҳисоб-китоб юритиб.  - Бироз қийин, лекин қилса бўлади. Чўнтакда нечта тошингиз бор?

Бу гапни эшитиб камина ҳайратда: яна қанақа тош? Шуҳрат Рустамов маст-аласт эмасми ишқилиб? Бироқ ўлай агар, Темирпўлат Тиллаев зиғирча ҳайрон бўлгани йўқ!

- Битта тошим бор, уям бўлса - сиз! - деди бамайлихотир.

- Оббо, гап бундай бўлмапти, -  ўпкаланди Шуҳрат Рустамов. - Сиздай катта ёзувчи ҳеч бўлмаса чўнтагига бешта тош ташлаб қўйиши керак-да! Майли, эртага келинг. Биргаликда ҳокимнинг ҳузурига кирамиз.

- Яхши, унда соат ўнларга "веч" бўлиб ҳокимият биноси олдида сизни кутаман.

Телефондаги суҳбатлари тугагач, юрак ютиб "чўнтакдаги тош" нима эканлигига қизиқдим.

- Бу ерда ғалати нарса йўқ, - тушунтириш берди устоз. - Шуҳрат  Рустамов "Чўнтакда нечта тошингиз бор" деганда, бу ишга неча киши бош қўшган, яъни мўлжалингизда сизга ёрдам бера олиши мумкин бўлган нечта одамингиз бор, демоқчи бўлди.       

- Майли, Шуҳрат аканинг гапи-ку ойдинлашди. Лекин-н... "Веч" бўлиб бораман деганингиз нимаси?

- "Веч" эмас, "Вич"! Бу дегани костюм-шим, галстук тақиб... Темирпўлат Тиллаев СаъдуллаеВИЧ бўлиб бораман дегани-да, овсар!

Кўриб турганингиздай оддий гурунгда шунча "парол", шунча рамз... О, қанчалар ҳақ бўлган экан гўринг нурга тўлгур Дон-Аминадо!

Байрам АЛИ

Report typo