Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

08.12.2020


ДУНЁ КОНСТИТУЦИЯЛАРИ: ҚАЕРДА, ҚАНДАЙ?

Маълумки, ҳар қандай мамлакатнинг давлат ва жамият қурилиши, инсон ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган олий юридик кучга эга асосий ҳужжати Конституция ҳисобланади. Дунёда одамлар бир-бирига ўхшамагани каби қонун-қоидалар ҳам ўзаро фарқ қилади. Демакки, барчаси барқарор бошқарув, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилгани билан Конституциялар-да турли хусусиятлари билан ўзгачадир. Қуйида жаҳондаги турли мамлакатлар Бош қонунларидан эътиборга молик жиҳатларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Энг биринчиси

Кўпинча дастлабки Конституция сифатида 1787 йили Филадельфияда қабул қилинган АҚШ асосий қонуни тилга олинади. Аммо ундан олдин қабул қилинганлари ҳам бор экан. Бу - дунёдаги энг кичик давлатлардан бири Сан-Марино (ҳамма томондан Италия ҳудуди билан ўралган) республикасининг 1600 йилда қабул қилинган асосий қонунидир. 1710 йил 5 апрелда қабул қилинган Филипп Орлик конституциясини ҳам баъзида Европанинг илк қомуси сифатида эътироф этишади.

Бу борада Литва князлигининг 1529 йилдаги, Польшанинг 1792 йилдаги Конституциялари ҳам биринчиликка даъво қилади.

Табиат ҳуқуқини Конституция билан мустаҳкамлаган дунёдаги илк мамлакат Эквадор бўлса, Мальта Конституцияси ўз мамлакатини нейтрал, тинчлик сари интилувчи сифатида белгилайди.

Қанча қисқа бўлса, шунча пухта

Маълумотларга кўра, дунёда энг кўп сўз Ҳиндистон асосий қонунида бўлиб, 146 минг 385 сўз ишлатилган. АҚШ Конституциясида 7 минг 762, Францияникида 10 минг 180 сўз ишлатилган. Ўзбекистон Конституциясида эса 7 минг 500 дан зиёд сўз қўлланилган. Қадимги Рим ҳуқуқшунослари фикрича эса, қонунлар қанча қисқа, лўнда бўлса, фуқаролар қабул қилиши ва ижроси шунча осон кечади.

Ғарб олимлари дунё Конституциялари таҳлили натижасида 70 та асосий мавзу қамраб олиниши бўйича 190 давлат Конституцияси ва конституциявий аҳамиятдаги бошқа ҳужжатларни ўрганганда, давлатимиз Асосий қонуни 0,59 натижани кўрсатиб, нисбатан кўпроқ мавзуни қамраб олгани маълум бўлган. Бу бўйича Австрия Конституцияси 0,57, АҚШники 0,49, Буюк Британиянинг конституциявий аҳамиятдаги ҳужжатлари 0,43 натижани кўрсатган.

Япония асосий қонунини нега АҚШ юристлари ишлаб чиққан?

Япония Конституциясининг уч асосий тамойили бор: халқ суверенитети, инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, пацифизм (миллатнинг суверен ҳуқуқи сифатида урушдан воз кечиш).

Конституция 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий воз кечган бўлса-да, бугунги кунда Япония ҳарбий харажатлар бўйича дунёда 5-ўринда туради (58, 97 миллиард доллар).

Япониянинг амалдаги Конституцияси Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қабул қилинган, матн асосан ғолиб давлат АҚШ юристлари томонидан япон ҳуқуқшунослар комиссияси тавсияларини эътиборга олган ҳолда тузилган. Эътиборли тарафи, ўтган давр мобайнида парламентда   Конституцияни миллий руҳда қайта кўриб чиқиш борасида кўп бор таклифлар билдирилган бўлса-да, шу кунга қадар умуман ўзгартириш киритилмаган.

Мамлакатда ҳарбий кучлар тузиш тақиқланган бўлишига қарамай, ҳозирда фаолият юритаётган Ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари расман полициянинг ихтисослашган қисми ҳисобланади. 2015 йилда Япония парламенти Конституция шарҳига ўзгартириш киритди ва Япония ҳарбий кучларининг мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш учун хорижда ҳарбий операцияларда иштирок этишига ҳуқуқий асос яратилди.

80 модда қўшилиб, 20 таси бекор бўлган

Ҳинд халқи мустақилликка эришганидан икки йил ўтиб, 1949 йил 26 ноябрда Конституциясини қабул қилган ва АҚШникидан фарқли ўлароқ  дунёдаги энг катта, мураккаб ҳужжат ҳисобланади. Мазкур Конституция ҳамма ҳам тушуна     олиши жуда қийин бўлган тилдаги 395 модда, 12 илова ва 500 та тузатишдан иборат. Шу пайтгача 80 та янги модда қўшилган, қарийб 20 та модда бекор қилинган.

Ҳиндулар ҳимояси

Бразилия федератив республикаси Конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, у Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.

Туб аҳолининг урф-одатлари, яшаш тарзи ҳамда уларнинг сон жиҳатидан камайиб бораётганини эътиборга олган ҳолда тақдим этилган махсус имтиёз ва устунликлар бевосита Конституциянинг ўзида кўрсатиб ўтилган. Мазкур имтиёзлар биринчи навбатда ҳиндулар яшаётган тарихий ерларга тааллуқли бўлиб, уларни ушбу жойлардан ҳар қандай усулда маҳрум этиш мамлакат парламенти томонидан ҳинду жамоаларнинг тегишли тартибда тақдим этган хулосаси асосида амалга оширилиши мумкин.

Конституцияси йўқ давлатлар

Маълумки, Конституция асосий қонун сифатида қонунчиликнинг умумий меъзонларини, шахс, давлат ва жамиятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради. Бироқ Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, Исроил ва Янги Зеландия каби давлатларда  Конституция ягона қонун ҳужжати сифатида мавжуд эмас, балки улар бир нечта конституциявий қонунлар кўринишидадир. Мазкур ҳужжатлардан биронтасига ўзгартириш киритилиши конституцияга ўзгартириш киритилиши сифатида қабул қилинади. Бирлашган Қироллик Конституцияси эса 300 га яқин қонун ҳужжатларидан таркиб топган.

Бир киши мамлакатни узоқ бошқариши яхши оқибатларга олиб келмайди

 АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва ўзгармас бош қомус ҳисобланади. Мамлакат асосий қонуни матнига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмайди, балки матн охирига алоҳида илова сифатида қўшимча киритилади.

Россия Конституцияси охирги марта бир шахс, амалдаги президент янада узоқроқ вақт бошқарувда қолиши учун имконият берадиган қилиб ўзгартирилган бўлса, АҚШ Конституциясидаги 27 ўзгаришнинг аксариятида омма манфаатлари назарда тутилган.

АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишда белгиланишига кўра, "Конгресс сўз ва матбуот эркинлигини чекловчи бирон-бир қонун чиқариши мумкин эмас". Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу тузатишлар ҳар бирининг ҳажми деярли қонунга тенг бўлиб, ўнлаб моддалардан иборат. Дастлабки 10 та тузатиш "Ҳуқуқлар тўғрисида билл" деб номланади.

Хўш, АҚШ конституциясига киритилган ўзгартиришларда нималар акс этган? Булар - сўз, эътиқод, ОАВ эркинлиги, турли йиғинлар ва намойишлар ўтказиш эркинлиги, петиция йиғиш ҳуқуқи; ҳукуматга тегишли ҳарбийларни шахсий уйларга уларнинг эгаси розилигисиз жойлаштиришни тақиқлаш; ўзбошимчалик билан қидирув, таъқиб этиш ва ҳибсга олишларни тақиқлаш; тегишли суд жараёни кафолатлари, бир хил мазмундаги ҳуқуқбузарлик учун такроран таъқиб этишни тақиқлаш, ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи, реквизиция учун кафолатлар бериш; ҳаддан ташқари катта миқдордаги гаров ва жарималарни, шафқатсиз ҳамда ғайриоддий жазоларни тақиқлаш кабиларни ўз ичига олади.

Яна бир тузатишга кўра, президент сайловларида овоз бериш тартиби акс этган. Бунгача АҚШда президент ва вице-президент сайловларида штатлар аҳолиси маълум сондаги вакиллар учун овоз берган. Вакиллар эса ўзи яшайдиган штатдан кўрсатилган номзодлар учун овоз бера олишмаган. Турли штатларда аҳоли сони турлича бўлган ва аҳолиси кўп штатлар вакиллари сайловда ютиб кетмаслиги учун шу қоида жорий қилинган. Конституция ўзгартирилгандан сўнг сайлов тартиби анча ўзгарган ва ҳозирги кўринишга келган.

1865 йилда АҚШ конституциясига киритилган навбатдаги ўзгартиришга кўра, мамлакатда қулдорлик тақиқланади ва қонунларда қулларнинг озод қилиниши белгилаб қўйилади. Бунинг натижасида АҚШда миллионлаб қуллар эркин инсон даражасига эришган. Мамлакатга қуллар олиб келиб сотилишига барҳам берилади. Шундан сўнг Марказий ва Жанубий Америкада кўплаб давлатлар қулчилик ва қулдорликни бекор қила бошлайди. Шу тариқа Африкадан одамларни қул қилиб олиб келиш барҳам топади.

"Қуруқ қонун" деб аталадиган ўзгариш 1920 йил бошида кучга кирган бўлиб, спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш, ташиш ва сотишни тақиқлаш ҳақидаги қонунларга нисбатан айтилади. Ўша пайтда АҚШда турли сиёсий партиялар, диний ташкилотлар талаби билан мамлакатда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш, ташиш ва сотиш тақиқланади. Бу қонун кейинчалик бекор қилинган.

Бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентлик қилиши тақиқланиши тўғрисидаги қонун 1951 йил кучга кирган. Аслида АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон икки муддат раҳбарлик қилгандан кейинги мартасига етакчиликни рад қилади ва бир киши мамлакатни узоқ вақт бошқариши яхши оқибатларга олиб келмаслигини билдиради.

АҚШ Конституциясидаги охирги - 27-ўзгариш эса сенаторлар ва вакилларнинг иш ҳақларини ўзгартириш тўғрисида бўлиб, 1992 йил кучга кирган.

Кутилган натижани бермади

Кўҳна қитъанинг етук мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган Европа Иттифоқи Конституцияси 2004 йил июнида иттифоқ махсус саммитида маъқулланган. Ҳужжат дарҳол 20 тилга ўгирилган бўлса-да, кутилган натижани бермади, европаликларни бирлаштирувчи асосий қонунга айлангани йўқ.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

 

Report typo