Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

24.04.2018


ДУНЁ ПОЛВОНЛАРИ ШАҲРИСАБЗДА БЕЛЛАШДИ

Муқаддас заминимизда туғилиб ўсган, номлари афсонаю достонларга айланиб кетган ўнлаб баҳодирлар катта давраларда кураш тушиб, ўзбек номини бутун оламга таратган. Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам ўз аскарлари маҳоратини спорт тадбирлари асосида доимий ошириб боргани бизга тарихдан маълум. Албатта, Соҳибқирон ҳарб амалиётлари олдидан кечган тайёргарлик жараёнида одамларини турли жанг санъати, усуллари, хусусан, кураш асосида чиниқтирганига шубҳа йўқ.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг эса ўзбек миллий кураши ҳақиқий маънода янгича ривожланиш босқичига ўтди. Кўплаб анъанавий турнирлар, халқаро мусобақалар ташкил этила бошланди. Бугун дунёнинг ҳамма қитъаларида ўзбек миллий кураши билан мунтазам шуғулланаётган спортчилар кўпчиликни ташкил этади. Унга қизиқиш тобора ошиб бормоқда. Бу Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнирда яна бир маротаба ўз ифодасини топди.

Турнирнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, Кураш халқаро ассоциацияси асосчи раиси Комилжон Юсупов ўзбек миллий кураши бугун дунёнинг барча минтақаларида жадал ривожланиб, нуфузи юксалиб бораётганини, жумладан, ушбу спорт тури Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурлари таркибига расман киритилгани, Соҳибқирон Амир Темур хотирасига бағишланган халқаро турнир “Осиё олимпиадаси” олдидан қитъамиз курашчилари учун муҳим тайёргарлик босқичи вазифасини ўташини таъкидлашди ва турнир иштирокчиларига омад тиладилар.

- Бугунги мусобақанинг ўзига хос рамзий маъноси ҳам бор, - дейди Комилжон Юсупов. - Эндигина давлатимиз мустақилликка эришган бир пайтда, 1992 йилнинг август ойида худди мана шу ўйингоҳда миллий кураш бўйича биринчи расмий турнир ўтказилган эди. Шундан сўнг, ўзбек курашини тарғиб қилиш, дунёга танитиш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилди. Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатди. Мана, Шаҳрисабз яна кураш бўйича йирик, халқаро мусобақага мезбонлик қилаяпти.

Дарҳақиқат, ўзбек курашининг нуфузи юксалиб, ушбу спорт турига  қизиқиш тобора ортиб бораяпти. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган спортчилар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимларининг эътирофи ҳам шундан дарак.

- Сўнгги йилларда юртимизда кўплаб ёшлар ўзбек кураши билан шуғулланмоқда, - дейди эронлик полвон Жафар Паҳлавоний. – Шу спорт тури бўйича янги-янги номлар кашф этилаяпти. Шаҳрисабздаги халқаро турнирга ҳам қатор спортчилар, мураббийлар ва журналистлардан иборат каттагина делегация билан келдик.

Умумий соврин жамғармаси 50 минг АҚШ долларини  ташкил этган турнирда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан ташриф буюрган уч юзга яқин полвон эркаклар ўртасида 73, 81, 90 ва мутлақ, аёллар ўртасида эса 57 ва 78 килограмм вазн тоифаларида ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Қизғин ва муросасиз ўтган баҳсларда вазн тоифаси 57 килограммгача бўлган аёллар ўртасида ғолиблик ўзбекистонлик Гулнор Сулаймоновага насиб этди. 78 килограммгача бўлган вазн тоифасида яна бир юртдошимиз – Гулноза Матниязова ғалаба қозонди.

Эркаклар ўртасида 73 килограмм вазн тоифасида тожикистонлик Беҳрузи Ходжазода ғолибликни қўлга киритган бўлса, 81 килограмм вазн тоифасида эронлик Ильяс Али-Акбари шоҳсупага кўтарилди. 90 килограмм вазн тоифасида ҳам Тожикистон вакили – Камроншоҳ Устапирён ғолиб бўлди.

Мутлақ вазн тоифасидаги баҳслар айниқса, қизиқарли кечди. Ярим финалда ғузорлик ака-ука – Шерали ва Илҳом Жўраев бир-бирига рўбарў келди. Илҳом акаси фойдасига баҳсдан воз кечди. Шерали Жўраев эса ҳаяжонли кечган финалда эронлик Жафар Паҳлавоний устидан ғалаба қозониб, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини - 10 минг АҚШ доллари билан мукофотланди. Шу тариқа Жафар Паҳлавоний иккинчи, ҳамюртимиз Илҳом Жўраев ва мўғулистонлик Анар Дорч учинчи бўлди. Ушбу вазн тоифасида иккинчи ўрин ғолиби 7,5 минг, учинчи ўрин ғолиблари эса ҳар бири 2,5 минг АҚШ долларини қўлга киритди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: турнирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo