Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Байрам АЛИ

22.11.2019


ДУНЁНИ КИМ ҚУТҚАРАДИ?!

Мутолаа

Чингиз Айтматов ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, муаллиф миф, афсона ва ривоятлардан унумли фойдалана олади.  "Қиёмат" романидаги бўрилар ёки монастирдаги қўшиқ ҳақидаги афсона, "Асрга татигулик кун"даги "Она байит" ёки "Қора нор" ривояти, "Қулаётган тоғлар"даги қайлиқлар ва архарлар ҳақидаги афсоналар бунга мисол бўла олади. "Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар"да ҳам шу услубга содиқ қолган тарзда Охота денгизи бўйида яшовчи кам сонли Нивих халқи оғзаки ижодида яшаб келаётган тюлен овчилари билан боғлиқ кичик бир афсона асос қилиб олинади. Шунинг учун асар Нивих халқи ёзувчиси Владимир Сангенга бағишланган эди.

Аммо "Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар" Айтматовнинг бўлак асарларидан шу тарафи билан фарқланадики, адиб бошқа асарларида ривоятлардан фабула - асарнинг фақат маълум бир қисми сифатидагина фойдаланса, мазкур  қиссасини эса тўлалигича афсона устига қурган.

Шу ерда Айтматов ёзиш услубига хос иккита муҳим жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Биринчиси, аввало денгизда рўй берган воқеа - оддий бир афсона, ёзувчи уни бадиий ҳақиқатга айлантирган. Иккинчиси, адиб ушбу афсона асосида ўзи ҳам миф даражасидаги бир ривоят тўқиб, асар мағзига сингдириб юборганки, бу - "Кўк сичқонча" тўғрисидаги ривоятдир.

Ўқирман эсласа, асар Ўрхон бобо, Милхун, Эмрайин ҳамда ўспирин ёшига яқинлашаётган Кирискнинг тюлен овлаш учун денгизга чиқиши билан бошланади. Ойдинлаштириш лозим бўлса, Эмрайин Кирискнинг отаси, Милхун эса амакиси. Ўрхон бобо овчилар жамоасининг бошлиғи ҳисобланиб, қариндошлик жиҳатидан уларга бегона. Бу ерда воқеаларнинг айнан денгизда рўй бериши, яъни одамзоднинг денгиз ва осмон орасидаги ҳаёт учун кураши тасвирланиши шубҳасиз рамзий, албатта. Ҳолбуки қиссанинг асосий ғояси ҳам инсониятни йўқлик қаърига ғарқ бўлишдан нима асраб қолиши ҳамда бунинг учун инсон қандай усулда  кураш олиб бориши кераклигини тушунтиришдан иборат эди. Шунга қарамай, биз инсон ва денгиз воқеасини рамзлаштирмасдан, оддий ҳаётий воқелик сифатида қабул қилган тақдиримизда ҳам асар ўз зиммасига олган юкни бемалол оқлаган бўларди.

Муаллиф жуда кўп ўринларда Ўрхон бобонинг хаёлот оламига, ички кечинмаларига мурожаат этади. Асар бошида унинг ўзи кема ясаган дарахт билан гаплашгани келтириб ўтилса, ўртароғида Лувр ўрдак ҳақида, ундан сал қуйироқда сув париси билан боғлиқ илоҳий хаёллари ҳақида айтилади. Бундай хаёллар эса ўз-ўзидан ёдимизга кема ясаб, дунёни ҳалокатдан асраб қолишга уринган Нуҳ пайғамбар ривоятини эслатиб юборади...

Кема ҳалокатга учраб, йўловчилар жонини асраш учун қолган озгина сувдан ҳамма ичганида Ўрхон бобо ичмай ўз улушини Кирискка қолдиради. У нега шундай қилди? Ахир бола унга қони қўшилган қариндош эмас эди-ку, Ўрхон бобони қандай масъулият бундай қилишга мажбур этолди?.. Агар яхшилаб эътибор қилсак,  у бу ерда фақат сувдан ичмадигина эмас, балки ўз жасорати билан инсоннинг келажак авлоди олдидаги бурчини эсга солиб, Милхун ҳамда Эмрайиннинг ҳам тасаввурини буткул ижобий томонга ўзгартириб юборди. Ўшанда Ўрхон бобо ўз ризқидан кечиб Кирискка илинмасдан, ҳеч бўлмаганда оғиз ҳўллаганда эди, Милхун билан Эмрайин ҳам бу ишни қилмаган ва оқибатда инсониятнинг авлодлари олдидаги мангу бурч бажарилмасдан қолган бўларди. Мана шу сифатлари билан Ўрхон бобо образи инсониятни ўзгартирадиган, башарият учун ўзини жавобгар ҳисоблаган ва охир-оқибат дунёни ҳалокатдан асраб қолиши мумкин бўлган буюк инсон тимсолидир. Мабодо Ўрхон бобони ўз фарзандлари учун ҳеч нарсани аямайдиган, улар учун мудом ўзини қурбон қилиб келаётган Она Табиат, Борлиқ рамзи деб ҳисобласак ҳам, асар ғоясига оид ҳақиқатлар ўзгармасдан қоларди.

Кириск касал бўлиб иситмалаб қолганда онаси унга айтиб берган "Кўк сичқонча" ҳақидаги ривоят шундай бошланади: "Онаси ялиниб-ёлвориб, уни сув ичишдан тияр эди. Ташналикка чидасанг, касаллик сендан қочади, деб тушунтирарди.

- Чидагин, жон болам! - дерди у. - Ичингда "Кўк сичқонча, менга сув бер!.." деб тинмай қайтаравер. Сўрагин жоним, кўк сичқончадан сув сўра.  У югуриб келади ва сенга сув беради... Фақат тинмасдан, чин дилдан сўра..."

Ўшанда иситма оташида ёнаётган Кириск онасининг айтганини қилиб, кўк сичқончани чақира бошлайди. Сидқидилдан, комил ишонч билан... Ва мана шу усул орқали ўз нафсини тийиб, бутун бир қийноқли кечани енгиб ўтади. Кейинчалик денгиздаги ташналикда ҳам онаси айтиб берган айнан ўша "Кўк сичқонча"нинг югуриб келиши ва унга сув беришига бўлган ишонч Кирискнинг бардошига бардош қўшиб, уни омон сақлайди...

"Кўк сичқонча" - Нивих халқи эътиқоди тимсоли. Асар сюжетидан келиб чиқиб инсоният Осмон билан Денгиз, яъни Тириклик билан Ўлим ўртасида азалий кураш олиб боради ва уни олисларда Саодат Чўққиси денгиз қирғоғидаги Олапар мисоли чорлаб туради, деб билсак, инсон мана шу курашга бўлган куч ва бардошни, матонатни эътиқоддан олиши мумкин, ўз ичкарисида кечаётган жангларни фақат эътиқод билан бостириши мумкин, деб тушунмоқ ўринлидир.

Лекин ривоятнинг аҳамият бериш шарт бўлган яна бир қирраси бор. Асарда айтилаётган  сичқонча оддий эмас, айнан Кўк сичқонча. Ҳар қалай, сичқончанинг кўк эканига муаллиф алоҳида урғу бераяпти. Балки бу   дунёни ҳалокатдан қутқармоқчи бўлган Нуҳ пайғамбарнинг кемасини тешган ўша машҳур Кўк сичқончадир?! Айтматов мана шу ўзи тўқиган миф-ривоят мисолида ўзи яратган парадокс билан халқлар эътиқоди ўртасидаги чегарани ҳам бузиб юборган, назаримда...

Шундай қилиб, шунча рамз ва символларни, шунча улкан ғояларни ўз ичига сиғдиролган мазкур асар "Дунёни ким қутқаради?", "Қандай қутқаради?" каби умумбашарий саволларга хулосавий ечим билан якун топади. Бу хулоса шундан иборатки, дунёни ўзгартириш учун бомбардимон урушлар олиб бориш ёки оламшумул инқилобларга ҳомийлик қилиш шарт эмас. Одам зотида биргина Ўрхон бобонинг жасорати бўлса бас, дунё ўзгаради, башарти ҳар бир инсоннинг авлодлари олдидаги мангу бурчи ҳам  аслида шудир...

            Байрам АЛИ

Report typo