Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

10.02.2017


ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, КАНА!

Хўш, Қрим-Конго геморрагик иситмаси қандай касаллик? У инсонга қандай юқади? Ушбу саволлар билан вилоят давлат ветеринария бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шоймардон ШОДИЕВга мурожаат этдик:

- Ҳайвонлар, паррандалар қонини сўриш билан ҳаёт кечирадиган каналар ўта хавфли юқумли касаллик бўлган Қрим-Конго геморрагик иситма вирусининг ташувчиси ҳисобланади. Йилнинг ўртача суткалик ҳаво ҳарорати 25 градусдан юқори бўлган (апрель-сентябрь) даврида бу каналарнинг фаоллашуви кузатилади ва шу даврда Қрим-Конго геморрагик иситма вируси одамларга юқиши ҳолатлари йилнинг  бошқа даврига нисбатан кўпроқ кузатилади.

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигини чақирувчи вируслар ёввойи табиатда яшовчи айрим кемирувчи ҳайвонлар қонида доимий сақланади. Каналар улар қонини сўрганда вирус ташувчи бўлиб қолади. Шунингдек, зарарланган каналар ҳатто тухуми орқали ҳам касаллик чақирувчи вирусни авлодларига ўтказади. Бирор бир кишини бундай кана чақса ёки уни ўлдирганда қони терига, кўз, оғиз ва бошқа шиллиқ қаватларга тегадиган бўлса, шунинг ўзиёқ Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги юзага келиши учун етарли.

Ўзбекистон шароитида иксод каналари Қрим-Конго геморрагик иситма вирусини сақловчи ҳисобланади. Уларнинг вояга етганлари йирик ва майда шохли ҳайвонларда учраса, ҳали вояга етмаганлари кичик сут эмизувчилар, қушлар ва судралиб юрувчиларга ёпишади.

Асосан, мазкур касаллик билан касби-корига боғлиқ ҳолда хасталикнинг табиий ўчоқларида фаолият юритувчи шахслар, кўпчилик ҳолларда деҳқонлар, чўпонлар, ветеринария хизмати ходимлари ва мавсумий ишларга жалб қилинганлар оғриши кузатилади.

Қрим-Конго геморрагик иситмаси вирусининг махсус профилактикаси йўқлиги сабабли, асосий эътибор шахсий ҳимояга қаратилиши керак. Хусусан, каналар чақишига йўл қўймаслик, уларни қўл билан эзиб ўлдирмаслик, касаллик клиник белгилари кузатилган беморларга ёрдам бериш пайтида шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш (дока, ниқоб тақиб юриш, махсус қўлқоплардан фойдаланиш, тананинг очиқ жойлари ва кўзга қон томчилари тушишининг олдини олиш) зарур. Касалликнинг бошланиши клиник жиҳатдан организмнинг умумий интокцикация шаклида кечади ва беморларнинг умумий аҳволи ёмонлашади, бош оғриғи, тана мушакларидаги оғриқ, жунжикиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилади.

Ушбу касалликка қарши курашда асосий эътибор касаллик манбаини жиловлашга, уларни ўз вақтида зарарсизлантиришга ва касалликнинг юқиш йўлларини бартараф этишга қаратилган бўлиши керак. Кана чақишининг олдини олиш учун дала-даштлардан, бозорлардан келтирилган қора мол ва қўй-эчкиларни канага қарши ишлов бермасдан ҳовлига олиб кирмаслик, чорва ҳайвонларида аниқланган каналарни қўл билан эзиб, тош билан янчиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, балки  дарҳол ветеринар ходимларга мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида йўқотиш керак.

Шунингдек, юнг қирқими мавсумида фақат махсус кийимлардан фойдаланиш, агар сизни кана чақса ёки қўлларингиз кана қони билан ифлосланса, зудлик билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, чорва ва уй ҳайвонларини ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиш ҳамда каналарга қарши ишловни таъминлаш, молхона, қўра-қўтонларда мунтазам равишда дезинсекция тадбирларини ўтказиб бориш, гўнг йиғилиб қолишига, сичқонлар ва бошқа кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик лозим.

Шу тавсияларга амал қилсак, мазкур юқумли касалликдан ўзимизни муҳофаза қилган бўламиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo