Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.БОЗОРОВА

22.02.2017


ЭНГ ЯҚИН КЎМАКЧИ

- Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида ҳамшираларнинг алоҳида ўрни бор, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Жема Цой. - Айни пайтда тизимдаги тиббиёт муассасаларида 29 минг 900 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритади. Уларнинг 4207 нафари олий, 2929 нафари биринчи ва 1382 нафари иккинчи тоифага эга. Шу жумладан уларнинг 95 нафари олий маълумотли ҳамширалардир.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиз тиббиёт соҳасида ислоҳотлар бошланди. Бу замон талаблари даражасидаги тиббиёт муассасаларининг бунёд этилиши, қайта таъмирланиши, соҳага замонавий технологияларнинг кириб келиши ва малакали кадрлар тайёрлаш ва бошқа жабҳаларда яққол кўзга ташланди.

- Кейинги йилларда ҳамширалик иши тубдан ривожланиб, ҳамширалар фаолияти янада чуқурлашди, “Ҳамшира жараёни ва ёзуви” тизими амалиётга татбиқ этилди, - дейди Ж.Цой. – Барча муассасаларнинг ҳар бир бўлимида ҳамширалар хонаси ташкил этилган. У ердаги иш жараёни ҳар бир ҳамширанинг ўз касби сирларини қай даражада пухта эгаллаганини билдириб туради.

Ҳар бир ҳамширанинг билими, шунингдек, маънавияти ҳам юқори бўлиши керак. Чунки у ҳар бир бемордан ширин сўзини, меҳрини аямаслиги, унинг ҳамма инжиқликларига чидаши, кези келганда унга меҳрибон она, ғамхўр опа ёки сингил каби эътиборли бўлиши керак.

- Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти, машаққати бор, - дейди вилоят тиббий диагностика маркази 1-терапия бўлимининг катта ҳамшираси Муқаддам Шодмонова. – Ҳар бир инсон ўз вазифасини бажарар экан, аввало халқ хизматида эканлигини унутмаслиги керак. Шу сабабли ҳар доим билим ва малакамизни ошириб бориб, бурч ва вазифаларимизни виждонан адо этолсаккина бизга билдирилган ишончни тўлиқ оқлаган бўламиз.

Дарҳақиқат, шундагина ҳамширалар ҳар бир оиланинг аъзоси, меҳрибон ва жонкуяр кишисига айланади. Зеро, уларнинг вазифаси ҳам эл дардига дармон бўлмоқ.

 - Бизнинг ишда кеча ҳам, кундуз ҳам баробар, - дейди Қарши шаҳар  кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Саодат Юсупова. – Ишдан қайтгач қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй хизматида бўламиз. Эртами, кечми эшигимиздан нажот истаб келган кишига оғринмай, қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Чарчаб, толиқиб қолганингизда беморларнинг “Қўлингиз дард кўрмасин, умрингиздан барака топинг” деган сўзларини эшитгач, барча чарчоқларингиз унут бўлади, ўзингизни енгил ҳис этасиз.

Истиқлол йилларида аҳоли хизматида бўлиб, беморларга соғлик ва қувонч улашиб келаётган меҳр- шафқат соҳибаларининг меҳнатлари Президентимиз томонидан муносиб рағбатлантириб келинаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Бундай ғамхўрликни ўз касбларига ҳурмат ва эътибор намунаси деб билаётган ҳамширалар элу юрт соғлиғи учун кечани кеча, кундузни кундуз демай, астойдил меҳнат қилишаяпти, тинмай изланиб, билим ва малакаларини оширишга интилишмоқда.

Ш.БОЗОРОВА

Report typo