Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

10.08.2021


ЭНГ ЯХШИ ЙИЛЛАРИНГНИ НИМАЛАРГА САРФЛАДИНГ? ЯШАДИНГМИ ЎЗИ Ё ЯШАМАДИНГМИ?

Сараланган сатрлар

Ҳар қандай инсон қарашларини бутунлай янги ўзанга буриб юборадиган асарлар бўлади. Франц Кафка менинг адабий қарашларимда зилзила ясаганди, десам муболаға бўлмайди. Инсоннинг тақдири олдида ёлғизлиги, жамият қонунлари жиноятларнинг олдини олишдан кўра жазолашга ихтисослашгани ҳақидаги фикрлардан ҳаволаниб у-бу нарсалар қоралаганим ҳам рост. Вақт ўтиб билишимча, Кафкага рус адиби Достоевскийнинг таъсири катта бўлган экан. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди! Айнан Достоевский қаҳрамонлари ёлғиз одамлар эди...

Нобель мукофоти олган француз ёзувчиси Андре Жид, японларнинг буюк адиби Рюноскэ Акутагава Достоевскийдан таъсирлангани ҳақида очиқ-ойдин ёзишади, Андре Жиднинг "Қалбаки пул ясовчилар" романида "Ака-ука Карамазовлар"га тақлид яққол кўринади.

Энг муҳими, Достоевский китоблари вақт ва макон танламайди, улар шунчаки бадиий эмас, фалсафий фикрлар жамланмасидир. "Жиноят ва жазо", "Телба", "Ака-ука Карамазовлар", "Иблислар", "Ўлик уйдан мактублар" асарларини ўқиган одам энди аввалги одам бўлмай қолади, кучли ва буюк фикрларга эга янги шахсга айланади.

Қуйида муаллифнинг "Ойдин тунлар" дея номланган, "Сентименталь роман" таърифи тиркалган асаридан лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этяпмиз. Асар қаҳрамони бутун умр хаёллар оламида яшаган, бу оламда ўзи учун бахт яратган, реал ҳаёт қонунлари билан ҳисоблашишни унутиб юборган одам. Кунларнинг бирида ҳаммаси жонига тегади ва ёлғизлигини ҳис қилади, ўзи яратган олам ёлғон, пуфакдай арзимас эканини англайди. Ўшанда уни эшитишга тайёр қиз билан кўришиб қолади. Аммо ёлғизлик оламини тарк этиб ҳам одам шунчаки бахтли бўлиб кетавермас экан...

Келинг, сюжетни очиб, китобга бўлган қизиқишингизни сўндирмайлик-да, кейинги ҳукмни ўзингизга қолдирсак.

Бир нарсани айтиш даркор: Достоевский шизофрения билан касалланган, дейишади. Яъни у хаёллар оламида яшаган, аслида йўқ одамлар кўзига кўринган, улар билан гаплашган, сирлашган, ёвлашган...

Шундай экан, юқоридаги хаёлпараст ҳам Достоевскийга бегона эмас, демак, образнинг очиб берилиши ҳам юқори маҳорат даражасида бўлиши табиий...

* * *

Жозибали ажойиб бир тун эди, шундай бир тун эдики, бунақа тун фақат ёш пайтларимиздагина бўлиши мумкин, муҳтарам китобхон. Кўкда юлдузлар чарақлаб турар, осмон шунчалик ёруғ эдики, унга қараб, беихтиёр ўзингдан-ўзинг: наҳотки шундай осмон остида ҳам ҳар хил сержаҳл ва тажанг одамлар яшаса? - деб сўрагинг келарди.

* * *

...бутун Петербург бўм-бўш бўлиб ҳувиллаб қоладигандек, хуллас, ўз-ўзимдан уялиб кетдим, хафа бўлдим, хомуш бўлиб қолдим. Менинг эса бошим оғиб борадиган ерим йўқ, мени ҳеч ким кутаётгани ҳам йўқ. Ҳар бир арава билан, ўзига аравакаш ёллаб олган ҳар бир башанг жаноб билан кетишга ҳам тайёр эдим: лекин мени ҳеч ким, ҳа, ҳеч ким таклиф қилмасди: мени унутиб қўйишган, гўё мен уларга чиндан ҳам бегонадек эдим!

* * *

Петербургимиз табиатида ажиб бир мўъжизакорлик, жозибадорлик борки, баҳор кириб келиши билан у бирдан ўз қудратини намойиш этиб, самовий кучини кўз-кўз қилиб, гуллаб-яшнайди, янги либос кияди, гулларга чулғанади... У менга беихтиёр нимжон ва хаста қизга ўхшаб кўринади.

* * *

Албатта, маслаҳатгўйни кўчадан изламаслик керак, лекин кўчадан топилиши ҳам мумкин.

* * *

Ўзимни мақтадим, ўз-ўзимизни таҳлил қилганимизда ҳамиша шунақа бўлади.

* * *

"Менинг бувим кўр, бир умр мени ҳеч қаёққа чиқармайди, одамлар билан гаплашишни ҳам эсимдан чиқариб қўяёздим. Икки йилча муқаддам бир шўхлигим тутганида, мени тутиб туриш қийинлигини фаҳмлаб, мени қошига чақирди-да, кўйлагимни кўйлагига тўғнағич билан тўғнаб қўйди, ўшандан бошлаб кун бўйи бирга ўтирадиган бўлдик: у пайпоқ тўқийди кўрмаса ҳам: мен эса ёнида ўтираман тикиб ёки унга китоб ўқиб бераман - қизиқ одат, мана икки йилдан бери аҳвол шу..."

* * *

Хаёлпараст - уни аниқлаш керак бўлса - одам эмас, биласизми, ўрта жинсга мансуб қандайдир бир жондор у. Кўпинча у одам оёғи тегмаган бир бурчакка ўрнашиб олади, худди кундузги ёруғликдан эриб кетадигандек, қароргоҳига киргудек бўлса, шиллиқ қуртга ўхшаб ёпишиб олади ёинки бу жиҳатдан уйини ўзи билан олиб юрадиган тошбақа деб номланган ғалати бир махлуққа ўхшаб кетади. У ўзининг яшилга бўялгану тутун уравериб рангини билиб бўлмайдиган даражага етган, ис босган, қараб бўлмайдиган тўрт деворини нега бунчалик яхши кўраркин, сиз нима дейсиз? Башараси кишининг кулгисини қистатадиган шу жаноб нега энди баъзи бир танишлари меҳмонга келгудек бўлса (унинг уйига бир келган киши бошқа келмайдиган бўлиб кетади), чор девор орасида ҳозиргина сохта пул ишлагандек ёинки шоир дўсти ўлгану, унинг ярамас шеърларини бирор журналга имзосиз хат орқали юборган кишидек ўзини йўқотиб қўяди, қизариб-бўзариб, хижолат ичида мулзам бўлиб ўтираверади?

* * *

...сиз билан биз орзиқиб кутаётган ширин ҳаётни бу хаёл соҳиби бир пулга ҳам олмайди! Одамларга сездирмай келадиган, бир кунмас-бир кун унга ҳам етиб келадиган дунёдан кўз юмиш дақиқасида унинг ширин хаёллар олами ҳам ниҳоясига етади. То шу даҳшатли фурсат етиб келгунча унга бошқа ҳеч нарса керак эмас, ҳеч нарсанинг ҳожати йўқ унга, чунки у ҳар қандай истакдан юқори, чунки орзу олами ичра нимаики керак бўлса, хаёли билан ҳаммасини муҳайё қила олади у, нималарга эришмаган у! Рост, гоҳо бу хаёлий олам; туйғулар олами сароб эмасдек, алдамчи хаёл эмас, балки бор, чинакамига мавжуддек туюлади унга!

* * *

...баъзи кунлар шунақаям сиқилиб кетаманки, асти қўяверасиз... Чунки бундай дақиқаларда чинакам ҳаёт кечиришга қодир эмасман, деб ўйлайман, чинакам, ҳақиқий ҳаёт учун керак бўлган муомалани билмайдиганга, ҳар қандай фаросатдан маҳрум бўлиб қолганга ўхшайман; чунки ўзимни ўзим лаънатлаганман; чунки хаёл билан ўтган кечалардан кейин гоҳо ҳушимга ҳам келаман, ўзимдан ўзим қўрқиб кетаман! Ахир, атрофингда шовқин, одамлар оломони бетиним ҳаракатда, одамларнинг ҳаётини кўрасан, эшитасан, улар рўё эмас, ҳақиқий ҳаёт гирдобида, ҳаётни ўзлари қурмоқда, уларнинг ҳаётлари тушга ўхшаб ғойиб бўлмайди, мангу, навқирон, мангу янгиланиб туради, бирор соати ҳам бошқасига ўхшамайди, менинг фантазия оламим эса туссиз, нуқул бир хил, соялардан, ғоялардан иборат, булут қуёш юзини тўсгандек тез ғойиб бўлади.

* * *

Ўзингдан ўзинг сўрайсан: орзуларинг нима бўлди? - ва бош тебратиб дейсан: йиллар бунча тез ўтяпти! Яна ўзингдан сўрайсан: шу йиллар ичида нима иш қилдинг? Энг яхши йилларингни нималарга сарфладинг? Яшадингми ўзи ё яшамадингми? Қара, дейсан ўзингга ўзинг, қара, дунё борган сари совуқлашаяпти. Яна йиллар ўтади, кейин мудҳиш ёлғизлик, ҳассага таянтирадиган кексалик, кейин ғусса, маъюслик келади. Фантазия оламинг фақирлашади, сўнади, бирин-кетин ерга тушаётган кузги япроқлардек орзуларинг ҳам бир-бир сўнади... О, Настенька, ёлғиз қолиш, мутлақо ёлғиз қолишдан ёмон нарса йўқ, ҳатто ачинадиган нарсанг, ҳеч нарсанг бўлмаса ёмон...

* * *

Бувим нуқул илгариги замонларни мақтагани мақтаган! Илгарилари ёш бўлган, илгарилари қуёш ҳам иссиқроқ бўлган, қаймоқ ҳам у пайтларда бунчалик тез бузилиб қолмаган, ҳамма нарса яхшироқ бўлган!

* * *

...бировникида қолдириладиган хатда фикрни очиқ ёзиб бўлмайди.

* * *

Қувонч билан бахт гўзал қилади кишини! Юрак муҳаббат билан тўлиб-тошиб тепади! Қалбингни  бошқа бир қалб билан пайвандлаш иштиёқидасан, ҳамма шод бўлишини хоҳлайсан, ҳамма кулишини истайсан. Қанчалик завқли бу кулги!

* * *

Ўзимиз ҳам бахтсиз бўлганда ўзгаларнинг бахтсизлигини кучлироқ ҳис этамиз; туйғу синмайди, андармон қилинади...

* * *

Нега энг яхши киши юрагида нималарнидир  бошқадан сир тутади ва унга юрагидагини айтмайди. Айтайлик мана шу пайтда юрагидагини гапира қолса, нима қиларкин? Айниқса, гапи беҳуда кетмаслигини сезиб турганда! Ҳамма ҳам ўзини аслидан кўра сал қаҳрлироқ деб билади, гўё туйғусини ошкор этиб қўйса ҳақоратланишдан чўчиётгандек...

* * *

Йўқолган нарса йўқолади, айтилган гапни қайтариб олиб бўлмайди!

* * *

...севсанг, кек сақлай олмайсан киши, берилган озорни тез унутасан.

* * *

Оний ҳаловат! Бир инсон умрига кифоямасми бу?..

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo