Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

05.05.2020


ЭРК ВА МАЪРИФАТЧУН БЕРДИ БОРИНИ

Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига

Туркистон жадидлари етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ижтимоий-сиёсий ва ижодий фаолияти янада юксалиб бораётган, миллатни уйғотиш, ҳурликка олиб чиқиш учун яна бир бор чет эл сафарига йўл олаётган пайтда шўролар ҳукумати амир қўли билан унинг ҳаётига нуқта қўйди. Шу қабиҳ, жирканч йўл билан ўзининг ақлли, жасур ва ғоят эътиборли душманидан қутулди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қисқа умри беиз кетмади. Инсонлар қалби-шуурида, хотирасида миллати ғамини еган, унинг ҳаёти порлоқ бўлишини истаган, бу мақсад йўлида ҳормай-толмай курашган ватанпарвар, миллатпарвар жадид сифатида абадий муҳрланиб қолди.

Буюк жадиднинг бевақт ва сирли ўлими унга замондош бўлган маслакдошлари қалбини ларзага солди. Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ва бошқалар Беҳбудий вафотига бағишлаб марсиялар ёздилар. Марсиялардаги "Беҳбудий каби доҳийи Туронни-да остинг!",  "Бошингни кедуран қотил, у бадтийнат, у сангил дил" каби сатрлар адиб қотилини лаънатлаган бўлса, "Армоний чўлидан бир япроқ узуб, баҳорсиз чўлларга совуриб қўйди", "Шунинг учун юлдуз каби ярқираб, элда қолган исминг билан тураман" сатрларида Беҳбудий номи ҳеч қачон унутилмаслиги баралла   янгради.

Беҳбудий ўзидан бугунги авлодларга нималар қолдирди?

Бу, аввало, унинг маърифатпарварлигида яққол намоён бўлади. Унинг ташаббуси билан ташкил этилган "усули жадид" мактабларида неча юзлаб болалар савод чиқарди, унинг даъвати билан юртда яна қанчалаб шундай мактаблар иш бошлади. "Кутубхонаи Беҳбудия" китоб мутолааси, илмга  чанқоқ ёшу кекса учун севимли даргоҳ эди. Халқим, элим китоб билан ошно бўлсин деб нашриёт ҳам очди, китоблар нашр эттирди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг журналистик ва бадиий мероси ҳам салмоқли ва кўп қирралидир. Уларни дарсликлар, саёҳатномалар, мақолалар, бадиий ижод йўналишларига ажратиш мумкин. Янги мактабларда ўқитиладиган дунёвий фанлар учун дарсликлар ниҳоятда зарурлигини чуқур ҳис этган Беҳбудий уларни яратишга ўзи киришди. У қисқа вақт ичида 6 номда дарслик ёзди. Ваҳоланки, у пайтларда Самарқанд Туркистон генерал-губернаторлиги тасарруфида бўлгани учун рухсатсиз китоб чоп этишнинг иложи йўқ эди. Масалан, "Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий ва намунаи жуғрофия" дарслиги 1905 йил 24 августда Санкт-Петербург цензурасидан рухсат олиниб, 1906 йилда Самарқанддаги Г.И.Демидов матбаасида нашр этилди.

У жуғрофияга оид яна "Мадхали жуғрофияи умроний" ("Аҳоли географиясига кириш"), "Мухтасар жуғрофияи Русий" ("Русиянинг қисқача географияси") китобларини ҳам ёзди.

Маърифат учун биргина мактаб, дарсликлар кифоя қилмаслигини Беҳбудий яхши тушунарди. Саводсизлик, илмсизликнинг қандай оқибатларга етаклашини ҳаётий мисоллар асосида, инсон ойнада ўз аксини кўргандек тасвирлаш зарур эди. Драматик асар ва театр саҳнаси бунинг учун энг яхши восита эди. Беҳбудий шу эҳтиёж ва заруратдан келиб чиқиб, "Падаркуш" драмасини ёзди. Чор ҳукумати асарни чоп этиб, саҳнага қўйилмаслигига қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилиб, рухсат беришни орқага сураверди. 1911 йилда ёзилган асар 1913 йилдагина босилиб чиқди. "Падаркуш" драмаси ниҳоят, 1914 йил 13 январда дастлаб Самарқандда саҳна юзини кўрди.

Муаллиф "Миллий фожиа" деб   атаган 3 парда 4 кўринишли драма ҳажман ихчам, мазмунан содда бўлса ҳам одамни чуқур мушоҳада қилишга ундайдиган асар эди. У жаҳолат ва нодонлик ҳақида, мактаб кўрмаган, ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдиргани ҳақида ҳикоя қилади. Бу томошабинларни ларзага солди, уларга ҳаддан зиёд таъсир қилди. Театр халқ учун ибратхона эканлигини исботлади. "Халқ ниҳоят кўп келиб, билат етмагани ва жой йўқлиги учун уч-тўрт юз киши қайтиб кетди", - дейди спектакль одамларда катта қизиқиш уйғотгани ҳақида мақола ёзган маҳаллий газета мухбири.

"Падаркуш" шундан кейин Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда ҳам саҳналаштирилиб, томошабинларга намойиш этилди.

"Драма"нинг дастлабки саҳнавий талқинлари пайдо бўлишида Туркистонда фаолият кўрсатган озарбайжонлик режессёр Алиасқар Асқаровнинг хизмати катта бўлди. У Шаҳрисабзга ҳам келиб, ушбу драмани саҳналаштирди. 1922 йилда театр мухлислари уни томоша қилишди.

Беҳбудий "Падаркуш"ни ёзиб, драма саҳнага қўйилганлиги муносабати билан машҳур турколог олим А.Н.Самойлович шундай ёзади: "Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу менинг учун кутилмаган ҳол эди... Янги адабиётнинг маркази - Самарқанд... Ёш қаламкашларнинг бош илҳомчиси самарқандлик муфти Беҳбудийдир". Яна бир рус олими Б.А.Пестовский 1922 йилда "Инқилоб" журнали саҳифаларида эълон қилган "Ўзбек театри тарихи" мақоласида унинг юзага келиши ҳақида фикр юритиб, "Ўзбек театрининг асосини қўйиб берувчи самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудийдир", деб ёзади.

1913 йилдан матбуот Беҳбудий  фаолиятининг муҳим соҳасига айланди. Ўша йили апрелдан "Самарқанд" газетасини, 20 августдан ҳафталик "Ойна" журналини чиқара бошлади. Айниқса, журнални ўқишга иштиёқмандлар кўп эди, унинг ҳар бир сони қўлма-қўл бўлиб кетарди. Мажалла (ойнома)да мақолалар асосан ўзбек тилида ёзилиб, унда форс-тожик  тилида шеър, мақолалар, русча эълонлар ҳам бериб бориларди. "Ойна" икки йилга яқин чиқиб турди. Журнал "Кавказ, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиягача тарқаларди, - деб ёзади адабиётшунос Зиё Саид, - жадидларнинг севимли журналларидан бири эди. Шунинг учун улар томонидан ҳурматланди, севиб ўқилди". Бу ойнома  маърифат ва маданият тарқатишга жуда катта хизмат қилди. Унинг айрим нусхалари ҳозир Москва, Санкт-Петербург ва Хельсинкидаги кутубхоналарда ҳам сақланмоқда.

- Беҳбудийнинг публицист сифатидаги фаолияти адиб истеъдодининг ёрқин қиррасини ташкил этади, - деб қайд этган эди жадидшунос олим Бегали Қосимов. - У ўз умри давомида юзлаб мақолалар ёзди. Ўзининг миллат ва ватан, жамият ва ахлоқ ҳақидаги фикрларини кўпроқ мақола ва чиқишларида ифода этади. Баъзилар унинг мақолалар ададини 200, бошқалар 500 деб белгилайди. Унинг барча ёзганлари ҳисоблаб чиқилмаган, ҳатто аниқланмаганлари қанча. Муаллифлар ўз исми ва шарифини ўз газета-журналларида кўп-да қўявермаганлар. Ҳар қандай ҳолда ҳам Беҳбудий ғоят сермаҳсул қаламкаш эди... Унинг миллат ва ватан тақдири ҳақидаги қарашлари, аввало, мана шу мақолаларида акс этган эди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Хуршид" газетаси 1906 йил 10 октябрь сонида босилган "Хайрул умури авсатуҳо" мақоласи шўро тарих фани нуқтаи назаридан баҳоланиб, уни қоралаш учун нишон бўлиб келди. Чунки, Беҳбудий 1906 йилдаёқ социалистик таълимотни, уни Россияда амалга оширишга киришган Ленин партиясини кескин рад этиб, шўролар йўлини ақл-шариатга зид деб эълон қилган эди.

Туркистон забт этилгач, руслар маҳаллий халққа "сартлар" деб ном бердилар. ХХ асрнинг 10-йилларида бу сўз атрофида матбуотда баҳс кетди. Беҳбудий ҳам "сарт сўзи - мажҳулдир" мақоласини ёзиб, чор ҳукуматининг туркистонликларни бундай камситишига кескин қарши чиқди.

1914 йилнинг 19 майида Беҳбудий яна бир бор араб мамлакатларига   саёҳатга жўнайди. Сафардан олган  таассуротларини ўз журнали - "Ойна"да "Қасди сафар" сарлавҳаси остида бериб боради. Адабиётшунослар "хотиралар"ни адабиётимиздаги анъанавий тарихий-мемуар жанрининг ХХ аср бошидаги ўзига хос намунаси деб таърифладилар. "Хотиралар"даги маърифий руҳ, изтиробга тўла фикр-мулоҳазалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Беҳбудий қалбини ўртаган бу дард эрк ва маърифат эди.

Агар истиқлолгача Беҳбудийнинг ижодий фаолияти, асосан чоризм даврида яшаган олимларнинг диққат-эътиборини ўзига тортган бўлса, шўролар тузуми шароитида жадидларга, шу жумладан, Беҳбудий ҳазратларига ҳам тош отилди. Давлатимиз мустақил бўлгач, унинг ҳаёти ва фаолиятининг турли қирраларига чет эллик олимлар ҳам мурожаат қилдилар. Токио университетининг тадқиқотчиси Ш.Шимадо ўз юртида "Ойна" журналининг мундарижасини нашр қилди. АҚШда Э.Ольворт, Тожикистонда Р.Ҳодизода Беҳбудийнинг адабий, публицистик  фаолиятини ўрганиш юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб бордилар.

Бу жиҳатдан олмониялик олима, профессор Ингеборг Балдауфнинг Беҳбудий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасидаги ишлари таҳсинга сазовордир. У таниқли турколог олима бўлиб, Германиядаги Марказий Осиё институти директори бўлиб  ишлаган. Олима илмий фаолиятида Туркистондаги жадидчилик ҳаракати мавзуси етакчи ўринда туради. У дастлаб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг хориж сафари асосида ёзган "Саёҳат хотиралари"ни олмон тилига таржима қилади. Шу муносабат билан "Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда" мақоласини ёзади ва "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси уни ўзбекчага ўгириб, 1993 йил 21-сонида эълон қилади. Кейинчалик Ингеборг Балдауфнинг "ХХ аср ўзбек адабиётига чизгилар" номли тўплами "Маънавият" нашриётида босмадан чиқади. Олима тадқиқот олиб борган мавзу - Туркистонда жадидчилик ҳаракати масалалари эди. Ушбу ихчамгина тўпламдан "Мусулмон дунёсидаги ислоҳотчилик ва янгиланиш жараёнида Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракати", "Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг "Ойна" журнали", "Ҳақиқат ахтариб" мақолалари жой олди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маърифатпарварлик, ижтимоий-сиёсий ҳамда ижодий меросини чуқур ўрганиш истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ бошланди. Бу соҳада илк махсус рисола 1994 йилда адабиётшунос Аҳмад Алиев томонидан яратилди. Шундан сўнг жадидчилик тарихи ва адабиётини ўрганаётган қатор олимларнинг "Исмоил Гаспринский ва Маҳмудхўжа Беҳбудий", "Маҳмудхўжа Беҳбудий - янгилик жарчиси", "Асл фарзанд", "Улуғ маърифатпарвар", "Қалбларда ўчмагай нур" каби мақолалари, адабиётшунос Ш.Ризаевнинг "Жадид драмаси", тарихчи олималар Д.Алимова, Д.Рашидованинг рус тилидаги "Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг тарихий тафаккури" китоби нашр этилди.

Ҳалим Саидовга "Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг публицистик ва муҳаррирлик фаолияти" мавзуси бўйича филология фанлари номзоди илмий даражаси берилди. Шунингдек, ёш тадқиқотчи Нормурод Авазов шу мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлади.

"Маънавият" нашриёти илк ноширлик фаолиятини 1997 йилда "Истиқлол қаҳрамонлари" туркуми остида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Танланган асарлар"ини чоп этишдан бошланди. Китобни катта илҳом ва иштиёқ билан профессор Бегали Қосимов нашрга тайёрлади. "Танланган асарлар"нинг иккинчи нашри 1999 йилда чиқди. 2006 йилда шу нашриёт Беҳбудий асарларининг тузатилган ва тўлдирилган учинчи нашрини ҳам тақдим қилди.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уч марта нашр этилган "Танланган асарлар"ига унинг қаламига мансуб барча ижодий маҳсулотлари, албатта, тўлалигича киритилмаган, топилганлари, "қўлга илинганлари"гина сайланмадан жой олган эди.

- Бу йўлда изланувчан, тиришқоқ олимларимиздан Сирожиддин Аҳмедов катта саъй-ҳаракат қилди, - дейди  суҳбатдошим академик Наим Каримов. - У узоқ йиллар юртимиз ва чет эллардаги кутубхоналарда, шунингдек,   шахсий кутубхоналарда сақланаётган Беҳбудий ёзган асарларни сабр билан излади. Бинобарин, адибнинг мақолалари, бошқа асарлари нафақат ўзи муҳаррирлик қилган газета ва журналларда, бошқа матбуот саҳифаларида ҳам босилиб турган. Фидойи олимимиз уларни излаб топиб, тўплади ва саралаб нашрга тайёрлади. Шу тариқа 2019 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий "Танланган асарлар"ининг 2 жилди чоп этилиб, жамоатчиликка тақдим этилди.

Бу жараён, албатта тўхтамайди, бундан кейин ҳам давом этиши шубҳасиз. Зеро, жадид бобомизнинг миллат ва ватан равнақи йўлидаги    серқирра фаолияти истиқлолимиз аҳамиятини теран англашда, бугунги куннинг қадрига етишда янги авлод тарбияси учун муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

 

Report typo