Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

24.07.2018


ЭРКАКЛАР УЧУН МАВСУМИЙ КИЙИМЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Албатта, фуқароларимиз орасида тадбиркорликка қизиқиш, ўз бизнесини йўлга қўйишга бўлган ҳаракат кучайиб бораётгани бежиз эмас. Яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, мавжуд имконият ва имтиёзлар бунинг асосий омили бўлмоқда. Натижада ҳар йили бир неча ўн минглаб янги тадбиркорлик субъектлари юзага келаяпти. 

Чироқчи тумани марказида “Чироқчи буюрсин текстиль” хусусий корхонаси ҳам янги фаолият бошлаган субъектлардан бири. Тадбиркор Ғанишер Жалолов бошлаган ташаббус корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилиши, шу аснода ҳудуддаги 60 нафар фуқаронинг муқим иш ўринларига эга бўлиши учун замин ҳозирлади.

- Яқинда фаолият бошлаганимизга қарамай, маҳсулотларимиз ички бозорда ўз ўрнига эга бўлиб бораяпти, - дейди корхона иш юритувчиси Зайниддин Ёқубов. - Бу эса бизни янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди. Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг қулайлиги, сифати ва дизайнига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ходимларимиз ҳам корхона келажаги ана шу уч омилга боғлиқлигини ҳис этган ҳолда меҳнат қилишмоқда.

Айни вақтда корхонанинг тикув цехида эркаклар кийим-кечаклари ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бир қаторда, ўғил болалар учун мактаб формалари, қишки кийимлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам режа қилинган.

- Ҳозирги кунда мослаштирилган хусусий бинода ижарада турибмиз ва жойнинг торлиги ишлаб чиқариш қувватимиздан тўлиқ фойдаланиш имконини бермаяпти, - дейди  Зайниддин Ёқубов. – Йил бошида 90 та замонавий тикув машинаси олиб келгандик. Жой етишмаслиги сабаб уларнинг 60 тасидан фойдаланаяпмиз, холос. Шу боис бу масалада туман ҳокимлигига мурожаат этдик. Мурожаатимиз қаноатлантирилиб, туманда янги ташкил этилаётган саноат зонасидан корхонамиз учун 0,8 гектар ер майдони ажратиб берилди. Энди бу ерда замонавий типдаги ишлаб чиқариш объекти барпо этилади. Фаолиятимиз учун қулай бинога эга бўлгач, ишни камида уч баробар кенгайтириш, яна 100 дан ошиқ ходим жалб этишни режалаштирганмиз.

Албатта, бугун мамлакатимизда бу каби корхоналар сони кундан-кунга ортиб бораётгани, айниқса, чекка ҳудудларда ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари фаолиятининг йўлга қўйилаётгани мамлакатимиз иқтисодиёти, шу аснода аҳоли фаровонлигига хизмат қилаётир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Report typo