Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

17.11.2020


Эски низонинг касофати

Ҳамма ҳар хил феъл-атворга эга, биров оғир-вазмин, биров эса қизиққон. Босиқлик ҳали ҳеч кимга зарар қилмаган, бироқ қизиққонлик кўпчиликка панд бергани айни ҳақиқат: муроса-мадора қилишнинг имкони бўлган вазиятлар ҳам даҳанаки жанжалга айланиб кетиши ҳеч гапмас.

Шу йилнинг 29 сентябрь куни соат 20:00 ларда Чироқчи тумани Ғаллачи маҳалласида яшовчи Э.Ф. уйи олдида, қишлоқдошлари Ю.Б., Ю.Ш. ва Ю.Р. билан олдиндан бўлиб келаётган низо юзасидан тортишиб қолади. Тортишув жанжалга айланиб, Ю.Р. ёнида олиб юрган чопқи билан Э.Ф.нинг ўнг оёқ сонига ва танасининг орқа курак қисмига санчиб, тан жароҳати етказади.

Албатта, ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди. Вилоят ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги инобатга олиниб, жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Боя айтганимиздай, вазиятга ақл билан ёндашилганида, оқибатини ўйлаб иш тутилганида, қишлоқдошларнинг бири жароҳат олмаган, иккинчиси терговга тортилмаган бўларди. Ҳар ҳолда Навоий ҳазратлари “Ҳар не истарсен, ўзингдан истагил” дея бежиз айтмаган чоғи...

Report typo