Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

МИРЖАҲОН

22.12.2018


ФАҚАТ ҚОҒОЗ ТЎЛДИРАР ҚУРУҚ РАҚАМЛАР КИМГА КЕРАК

Ўқитувчимиз бирор тадбиркорлик йўналишини йўлга қўйишдан аввал таклиф этилажак маҳсулот ёки хизматга харидор бор-йўқлигини билиш керак, дея уқтирган. Қандай қилиб, деган саволга очиқ статистика маълумоти орқали, деб жавоб олганмиз. Айтайлик, 3 ёшгача бўлган болалар кийимини ишлаб чиқармоқчимиз. Бизга қуйидаги: муайян ҳудуддаги демографик ҳолат, яъни потенциал харидорлар ўртача сони, айни йўналишда ишловчи корхоналар умумий қуввати, аниқроқ айтсак, рақобатчилар ҳақидаги маълумотлар керак. Шу тариқа ушбу маҳсулот бозори қай даражада эгаллангани юзасидан бироз тасаввур ҳосил қилиш мумкин, деганди устозимиз.

Ўйлаб қарасам, ҳамон ушбу усул умуман самарасиз. Чунки биргина вилоятимизда бундай статистика кўрсаткичлари юритилмайди, ҳеч қаерда эълон қилинмайди, ҳисоби. Тадбиркорликка қўл урмоқчи бўлган киши эса режали эмас, балки таваккал иш тутишга мажбур. Бозорни ўзича, ундан-бундан сўраб ўрганиб қўяверади, холос. Ниманинг савдоси чаққон экани қулоғига чалинса, ўшанга ўзини ураверади. Аммо бу усул бизнесда ҳар доим ҳам муваффақият келтирмаслигини унутмаслик лозим.

Демак, иқтисодиёт ривожи суръатини тўғри баҳолаш учун аниқ ва чуқур таҳлилга асосланган ҳисоб-китоблар керак. Хўш, Қашқадарё билан қизиққан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик шахслар, халқаро ташкилотлар ва фуқароларнинг расмий статистика ахборотига бўлган эҳтиёжини қондирувчи субъект саналган ташкилот - вилоят статистика бошқармаси ўзига юклатилган вазифани қандай бажараяпти? Қуйида шу масалага атрофлича тўхталамиз.

Умумлашма маълумот нимага ҳам ярайди?

Аввалдан эслатиб қўяй, ўзимни статистика билимдони, деб ҳисобламайман. Аммо ҳамма қатори у нимага хизмат қилиши лозимлигини тушунаман. Албатта, келтириладиган рақамлар фақат қоғоз тўлдиришга сабаб бўлмаслиги керак, фикримча.

Вилоят давлат статистика бошқармаси фаолияти нимадан иборат ўзи, дерсиз. Билган борки, бу ташкилот нуқул маълумот тўплаш билан шуғулланади, деб ўйлайди. Унчалик эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган  "Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тўғрисидаги низом"да шундай жойи бор.  Ижтимоий-иқтисодий ҳодисалар, жараёнлар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги статистика ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш, тўплаш, сақлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва эълон қилиш қўмита асосий вазифаларидан бири саналади. Турган гапки, бу қўмитанинг ҳудудий бўғинига ҳам тегишли.

Кўринадики, мазкур ташкилот статистика ахборотини шунчаки йиғиши эмас, балки қайта ишлаши ҳамда таҳлил қилиши ҳам керак. Таҳлилми, шубҳасиз, унинг ичида "нега?", "қандай қилиб?", "ниманинг  ҳисобидан?" деган саволларга жавоб бўлиши даркор. Айтайлик, бирор соҳада ўсиш кузатилди. Статистика мутахассиси бунга қандай омиллар таъсир кўрсатганини чуқур таҳлил асосида тушунтириб бериши керак. Шу йўсинда муайян ҳудуд иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларининг ривожланишидаги, шунингдек, аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришлари тўлиқ тавсифлаб берилади. 

Таҳлил бўлмаса, мавжуд аҳволни очиқ ифодаламаса, у ҳолда қуруқ умумлашма маълумот нимага ярайди? Албатта, "Бажардими - бажарилди"дан бошқа ҳеч нарсага хизмат қилмайди. Ундан ҳеч ким манфаат кўрмайди.

Таҳлил йўқми ёки таҳлилчи?

Вилоят давлат статистика бошқармаси воҳамиз аҳолисини статистика ахбороти билан таъминламаяпти, десак нотўғри бўлади. Яқин-яқиндан бошлаб, кўрсаткичлар ойма-ой (3, 6, 9, 10 ойлик қилиб) тақдим этиб борилмоқда. Маълумотлар эса бошқарма расмий сайтида жойлаштирилади. Бу ташкилот ишига баҳо бериш учун эса шу ҳам етарли. Зеро, муайян ахборот шу усулда очиқланаётган бўлса ҳам, у потенциал  фойдаланувчилар учун қўл келаётгани йўқ.

Бироз аввал эълон қилинган, 2018 йилнинг январь-ноябрь ойларида вилоятнинг саноат ишлаб чиқариши ҳақидаги маълумотни кўздан кечирсак. Бу муддатда вилоят корхоналари томонидан 12 триллион сўмликдан зиёд саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилгани ва натижада ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 фоизлик ўсиш қайд этилгани келтирилади. Ривожланиш бўлгани яхши, лекин унга қандай эришилгани бошқа бир масала. Тегишли ахборотда эса ўсиш айнан нима ҳисобидан рўй бергани бирор жойда таҳлил қилинмайди. Буни шу фурсатда саноат йўналишидаги қанчадир истиқболли лойиҳа ишга тушгани ва янги саноат корхонаси фаолият бошлагани билан ҳам изоҳлаш мумкин эди. Хўп, бу ҳолат ўсишга айнан қай даражада таъсир кўрсатди? Бунга ҳам ойдинлик киритилиши керак.

Шунингдек, шу ахборотда вилоят саноат ишлаб чиқариш ҳажмида Миришкор тумани улуши ниҳоятда кам (1,3 фоиз) экани таъкидланади. Мазкур туман индустриал қолоқ ҳудуд эканига нима сабаб бўлди, бу ҳақда эса лом-мим дейилмаган. Саноатни ривожлантириш учун ички имконият етадими, айнан қайси тармоқларни равнақ топтиришга эътибор қаратиш керак, бунга нима тўсқинлик қилаяпти, шу тўғрисида ҳам фикр айтилиши мақсадга мувофиқ эмасми? Туман аҳолисининг харидоргир саноат маҳсулотларига эҳтиёжи қай даражада ўзи, бу талаб тўлиқ қондирилаяптими? Ана шулар баҳоли қудрат таҳлил этилса, тадбиркорга ҳам йўриқ кўрсатилган бўлармиди.

Бошқарманинг жорий йилнинг 9 ойида вилоят ташқи савдо айланмаси бўйича тақдим этган маълумотида ҳам шу нарса такрорланган. Бунча экспорт (208 миллион АҚШ доллари), бунча импорт (299 миллион АҚШ доллари) амалга ошди, қабилидаги умумлашма кўрсаткичлардан нарига ўтилмаган. Хос рақамлар эса махсус тармоқлар кесимида тор доирада келтирилган, холос. Айнан бир тармоқ кенгроқ қамраб олинмаган. Дунё бозорига чиқмоқчи бўлган тадбиркорга воҳамиздан айнан қандай турдаги маҳсулот ёки хизмат, қанча ҳажмда  экспорт ёки импорт қилинаётгани кўпроқ қизиқ эмасми? Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, хусусан, помидор экспорти ҳақида кенгроқ тўхталинса. Бу ноз-неъматга асосан ким талабгор бўлаяпти, қандай навлар юқори баҳоланмоқда? Шулар ҳақида тасаввурга эга кишида ўзи етиштирган маҳсулотни ҳам хориж бозорига олиб чиқишга рағбат уйғонмайди, дейсизми?

Ё бўлмаса, вилоятимизга чет элдан қайси товарлар катта ҳажмда импорт қилинаётганини чуқурроқ таҳлил қилиш мумкин. Бугун ортиқча ва беҳуда валюта сарфига сабаб бўлаётган, ташқи бозорга қарамликни ошираётган импортни қисқартириш масаласи ҳукумат эътиборида турган бир пайтда, маҳаллий тадбиркорларга ҳудуднинг ўзида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш бўйича таклиф берилса, нур устига аъло нур бўларди, ахир.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, бошқарма тақдим этаётган маълумотларда таҳлил йўқ экани у ерда ишлаётган мутахассисларнинг бунга қодир эмаслиги ёки "қолип"га айланган иш услубини ўзгартиришни исташмаётганини англатади.

Қачон нарх-наво ҳақида очиқ айтиш бошланади?

Анча аввал дуч келганим бир ҳолат. Вилоят статистика бошқармаси томонидан ҳудуддаги ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумот эълон қилинди. Унда келтирилишича, Муборак тумани ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичи бўйича биринчи ўринда туради, тегишли даврда бу сумма 2 миллион 501 минг сўмни ташкил этган. Бу ахборот кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилингач, кўпчиликда савол туғилди: бу статистикани ишлаб чиқишда қандай маълумотларга таянилган? Нега у аслиятга мос эмас? Қанча киши қамраб олинган? Шунга ўхшаш бошқа саволлар. Агар статистикачилар бу масалани атрофлича тушунтириб берганида, бундай саволларга ўрин қолмасди, албатта. Ҳаммаси яна бир бор чуқур таҳлил йўқлигини, реал ҳаётга тўғри келмаётганини кўрсатади.

Тегишли низомда ҳам алоҳида қайд этилган, оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш учун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденцияларини тавсифловчи комплекс таҳлилий маърузалар, пресс-релизлар ва мақолалар тайёрланиши, тарқатилаётган статистик маълумотларга таҳлилий ва маълумотнома материаллар мажбурий тартибда илова қилиниши шарт. Бироқ биз вилоят статистика бошқармаси томонидан тақдим этилган ва бу талабларга жавоб берадиган бирорта ахборотга ҳали дуч келмадик.

Яна бир нарса. Бошқарма расмий сайтида нарх индекслари таҳлили, деб номланувчи рукн бор. Эътибор беринг, шунчаки нархлар рўйхати эмас, балки уларнинг таҳлилига асосланган маълумот ҳақида сўз боряпти. Аммо ушбу рукн остида ҳеч нарса йўқ, унда бирор марта ҳам бу борадаги статистика жойлаштирилмаган. Вилоят аҳлини қизиқтирмайди дейсизми турли ҳудудларда асосий турдаги истеъмол товарлари нарх-навоси қандай экани? Сўзсиз, қизиқтиради, тадбиркордан тортиб оддий кишигача - барчани бирдек. Айтайлик, бирор туманда тухум бошқа жойларга нисбатан қиммат сотиляпти. Демак, бу ҳудудда тухум тақчил, бироқ талаб юқори. Бу шу маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ёки сотувчиси учун бир ишора бўлиб хизмат қилиши турган гап.

Албатта, бугунги бозор шароити нарх-наво статистикаси бўйича расмий маълумот очиқланиб бориши зарурлигини тақозо этади. Берилмаяптими, демак, статистикаси юритилмаган ёки бўлмаса, бу борада оммага эълон қилиниши учун кимдандир алоҳида топшириқ бўлиши керак.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқсак, шундай умумий хулоса  шаклланади. Бугунги кунда вилоятдаги алоҳида-алоҳида соҳаларнинг ишлаб чиқариш қувватлари ҳақида маълумот умуман йўқ. Импорт ва экспорт чуқур таҳлил қилинмайди. Потенциал тадбиркорнинг бозор талабини ўрганиш имконияти мавжуд эмас. Етакчи тармоқларнинг ўсиш кўрсаткичлари доим сўмда ифодаланади. Ваҳоланки, бунда ҳар йили ишлаб чиқариш харажатлари ошаётгани, инфляцияси даражаси инобатга олинмайди. Шундай экан, бу ҳолни реал ўсиш деб бўладими?

Шу аниқки, бошқарма маълумотлари тадбиркор учун йўриқнома бўлиб хизмат қилмаяпти. Ташкилот иши фақат маълумотларни умумлаштириш бўлиб қоляпти. Ахир буни инсон  омилисиз, бевосита электрон дастурлаш асосида ҳам ҳисоб-китоб қилиш мумкин. Қуруқ рақамлар эса ҳеч кимга наф келтирмайди, шунчаки қоғоз тўлдиришга ярайди, холос.

МИРЖАҲОН

Report typo