Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

06.03.2020


ФИДОЙИ МЕҲНАТНИНГ ЮКСАК ЭЪТИРОФИ

Иссиқ жон иситмасиз бўлмас, деганларидек, кундалик ҳаётда ҳамманинг ҳам шифокорга иши тушади.

Ана шундай вақтда азоб исканжасидан қутқариб, ҳаёт завқини ҳадя этган инсон кўзингизга фариштадай кўринади, ундан бир умр миннатдор бўлиб яшайсиз. Ёки дарддан азоб чекаётган фарзандини минг бир хавотир ила шифокорга олиб бориб, маълум бир вақтдан сўнг жигарбанди кўзларида яна табассум кўрган ота-онанинг севинчини тасаввур этиш қийин эмас.

Ҳа, саломатлик посбонлари дея қадрланадиган шифокорлар меҳнати ҳар қандай эътирофга муносиб. Қамаши тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси педиатри Ҳайитгул Умарова ҳам узоқ йиллардан буён соғлиқни сақлаш соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи мутахассислардан биридир.

- Оиламизда бу касб соҳиблари бўлмаган, аммо ёшлигимдан шифокор бўлишни орзу қилганман, - дейди у. - Ана шу мақсад мени Ўрта Осиё медицина педиатрия институтига бошлаб борган. Ҳаракатларим самара бериб, талабалик бахти насиб этган кундаги қувончларимни ҳамон унутмайман. Олийгоҳда бир қатор етук устозлардан сабоқ олдим. 1978 йилда институтни муваффақиятли тамомлаб, мана шу шифохонада иш бошлаган эдим. Қирқ икки йилдирки бу ерда меҳнат қилаяпман.

Ҳайитгул Умаровани туманда кўпчилик яхши танийди. Бир маротаба бўлса-да фарзандлари билан унинг қабулида бўлган, ундан  ёрдам ва маслаҳат олган киши борки, бу аёл даволаш  билан бир қаторда самимият ва ширинсуханлик ила бемор қалбига ҳам шифо улаша олишининг гувоҳи бўлади. Дўхтирни кўрса қўрқувдан йиғлашга тушадиган болалар ҳам Ҳайитгул опа билан дарров чиқишиб кетар, уни яхши кўриб қолишар экан.

Ҳайитгул Умаровани жамоадошлари ўз касбининг ҳақиқий фидойиси, катта тажриба ва билимга эга шифокор, жонкуяр устоз, самимий ва камтарин аёл сифатида билишади. Ундан тез-тез маслаҳат сўраб туришади.

- Ўз касбини севишни Ҳайитгул опадан ўрганиш керак, - дейди поликлиника ҳамшираси Бўрихол Шукурова. - Мен устозимизнинг касбга бўлган садоқати, масъулиятига ҳар доим ҳавас қиламан. Баъзида таътилда вақтлари, тўй-байрамларда бўлган вақтларида ҳам бирор беморлари келиб қолса, Ҳайитгул опа қаерда бўлмасин дарҳол етиб келади. Беморни тўлиқ ўзи текшириб, зарур ёрдам кўрсатмагунча тинчимайди. Ҳамкасбларини ҳам доимо шунга ундайди.

Халқимизда қилинган ҳақиқий меҳнат албатта ўз эътирофини топади, деган нақл бор. Ҳайитгул Умарованинг ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги узоқ йиллик фидойи меҳнати давлатимиз ва халқимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, ўтган йил 8 ноябрь куни у Президентимизнинг тегишли фармонига асосан "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланди.

- Ҳаётда қандай ютуқларга эришган бўлсам, барчаси яхши кўрган касбим туфайли, - дейди Ҳайитгул Умарова. - Касбим ортидан ҳурматга ҳам, эътибор ва эътирофга ҳам эришдим. Икки ўғил, икки қизни тарбиялаб вояга етказдим. Менга ҳавас қилиб, қизларим ҳам шифокорлик касбини танлашган. Бундан жуда бахтиёрман. Президентимиз фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганим эса зиммамдаги масъулиятни янада оширди. Бундан кейин ҳам кучим, имконим борича шу соҳанинг ривожига ҳисса қўшиш, шифо истаган инсонларга ёрдам бериш энг олий мақсадим бўлиб қолаверади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo