Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

05.06.2020


ФУҚАРО ТАРТИББУЗАРУ ИИБ ХОДИМИ "ОППОҚ"МИ?

Савол туғилади

Куни кеча нишонлик бир аёл ижтимоий тармоқларда ёлғиз она экани, икки фарзандини тарбиялаши, ободонлаштириш бошқармасида ишчи бўлиб ишлашини билдириб, "хотин-қизлар раиси ва ички ишлар профилактика инспектори уриб-сўкиб, ҳақоратли сўзлар билан тепиб кўчага ҳайдашгани", бу бўйича ҳеч ким уни тингламаётгани тўғрисида мурожаат қилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан мазкур мурожаатга келтирилган муносабатда айтилишича, нишонлик аёл 2 июнь куни кундузги соат 10:00 лар атрофида маҳалла биноси олдида тиббий ниқоб тақмасдан, карантин қоидаларини бузиб юрган экан. Шу сабабли профилактика инспектори аёлга нима учун тиббий ниқоб тақмай юрганини айтиб, маъмурий баённома расмийлаштирибди.

Албатта, карантин шароитида жамоат жойида бўларкан, ҳамма тиббий ниқобда бўлиши шарт. Бунга риоя қилмаган эса тегишли тартибда жавоб беришга мажбур.

Қолаверса, биз айни дамда балки аёл ниқоб тақмай юрганини хаспўшлаш, карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарликдан қутулиш мақсадида "Мени тепиб, сўкишди", деяётгандир, ё бўлмаса, "участковий" баённома тузган бўлса, уриб-сўкишга бало бормиди, жонидан ўтгандирки, аёл дардини дунёга ёяяпти, деган турфа гумонлар атрофида мулоҳаза юритишдан йироқмиз.

Диққатимизни тортгани шуки, ички ишлар бошқармаси муносабатида айтилишича, бир аёл ниқоб тақмай юрган экан, ички ишлар ходими шу бўйича чора кўрибди, мазмунидаги хабар.

Эътибор берган бўлсангиз, фуқаро ва ички ишлар ходими ўртасидаги баҳсли муносабатларда доим фуқаро ўзини номуносиб тутиб, ходимнинг погонларию "юлдузча"ларини юлиб отади, ходимнинг "қонуний талабига бўйсунмайди", босим ўтказади, кимларгадир телефон қилиб, ходимнинг попугини пасайтириб қўйишга интилади, бақувватроқ чиқиб қолса, куч ишлатади, уради, тепади...

Ички ишлар ходими эса нуқул қонуний иш тутади, аввал ўзини таништиради, кейин фуқарога қандай қоидани бузгани ёки қандай ҳуқуқбузарлик, жиноятда гумонланаётгани ҳақида тушунтириш беради, кейин ички ишлар идорасига шу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида бир бориб келиш кераклигини айтади.

Ҳужжатларда шундай.

Лекин гапнинг бўладиганини айтинг, ҳаётда шундай ички ишлар ходимига неча марта дуч келгансиз?

Ёки Чироқчида ўғриликда гумон қилинган шахс ҳам ички ишлар ходимларининг ўта даражадаги хушмуомалалигидан чексиз ҳис-ҳаяжонга берилиб, ўлим топгани йўқ, ходимлар уни уриб ўлдиришди. Лекин агар шу ҳолат ҳам шов-шув бўлиб кетмаганида, бояги ўлган одам ё "қонуний талабга бўйсунмаган", ё аллақандай бошқа тасодиф билан ўлган бўлиб чиқарди эҳтимол.

Биргина тизимнинг қуйи бўғинидаги профилактика инспекторларини оладиган бўлсак, айримларининг унча-мунча одам билан саломлашгиси келмаслиги таажжубли. Инспектор билан қуюқ салом-алик қиладиганларни эса "қулоқ" сифатида бошқалар ёқтирмайди. Нега шундай? Нега "участковий" ё бўлмаса ички ишлар ходими ўзини бошқалардан баланд тутади? Нега доим улар оппоғу бошқалар тартиббузару ҳуқуқбузар?!

Шу ҳақда сўз бораркан, грузин адиби Нодар Думбадзенинг "Оқ байроқлар" романида келтирилган бир парча ёдга келади. Ҳужжатларга тиркалишича, қамоққа тиқилаётган бир одам ҳақида ҳалол-пок кишилар гувоҳлик беришган. Айтишларича, кўпдан бери кўришмаган "эски" дўстлар ресторанда учрашиб қолишибди. Икки такасалтанг (салбий бўёқларни қаранг!) оғиз-бурун ўпишгач, бу учрашувни "ювмоқчи" бўлишибди ("Қайси пулга, қандай йўл билан топилган пулга - бу бошқа масала" дея таъкидланади хабарда).

Хуллас, "дўстлар" ўтирган столдан нарироқда бир гуруҳ ҳалол-пок кишилар тинчгина овқатланишаётган экан. Кўп ўтмай, улфатларнинг кайфи ошиб, оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошлабди. Кейин овқатланиб ўтирган ҳалол-пок кишиларга тегажоғлик қилишга ўтишибди. Буфетчининг қайта-қайта огоҳлантириши ва ёлворишига қарамай, бу икки безори жамоат тартибини бузишдан ўзларини тийишмабди. Шундан сўнг нариги столда ўтирган ҳалол-пок кишилардан бири буларнинг олдига келиб, оталарча насиҳат қилишга мажбур бўлибди:

- Йигитлар, ичкилик кишининг саломатлигига, ақлий қобилияти ва маънавий қиёфасига салбий таъсир кўрсатишини биласизлар-ку. Илтимос - бас қилинглар, бошқа ичманглар, яхшиси, уй-уйингизга бориб, китоб ўқинглар. Ҳойнаҳой, олий ўқув юртининг студентидирсизлар. Сизлар учун мен ҳисоб-китоб қилиб қўяман...

Бизда ҳам ички ишлар ходимлари билан баҳсли ҳолатлар ҳужжатлаштириладиган бўлса, кўпинча фуқаролар одатда ўзларини юқорида келтирилган "дўстлар" каби, ички ишлар ходимлари эса ҳалол-пок кишилар каби тутишади.

АММО КИМ ИШОНАДИ БУНГА?

Биз борини борича айтиш тарафдоримиз. Тизимдаги ҳамма ходимлар ҳам жуда хушмуомала, босиқ эмаслигини, фақат қонунгагина таяниб иш тутмаслигини яхши биламиз. Яқиндагина Косонда бўлиб ўтган ҳолат фикримизни тасдиқлайди. Ниҳол маҳалласидаги савдо дўкони ёнида вилоят ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими қонунда белгиланган вазифасидан четга чиқиб, фуқарога куч ишлатгани, шаъни ва қадр-қимматига путур етказгани бўйича хизмат текшируви тайинлангани, тадбир иштирокчиларининг ҳар бири хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилиши маълум қилинди.

Албатта, адолат қарор топгани яхши. Аммо бундай қарорларга ички ишлар ходимининг хатти-ҳаракатига оид рад этиб бўлмас далиллар мавжуд бўлгандагина келиниши ёмон.

Хаспўшлашлар эса уларга бўлган шу салбий муносабатни ҳам янада чуқурлаштиради, "урди-сўкди" қабилидаги юқоридаги каби мурожаатлар сонини кўпайтираверади. Қачонгача уларнинг хатти-ҳаракати "андавалаб" юрилади?..

НАСРИДДИН

 

 

 

 

 

Report typo