Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

22.11.2018


ГАП “ШАП-ШАП”ДАМИ, “ШАФТОЛИ”ДА?!

Сурайё Шодиева 1992 йилда Косон туманидаги Мудин қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган. Айни пайтда Қарши давлат университети магистратурасида ўқияпти.

У билан танловдаги муваффақиятининг сирлари ва мутолаанинг сеҳрли олами хусусида суҳбатлашдик. 

– Танловда иштирок этган қашқадарёлик 11 415 нафар тенгдошингиз орасида энг сара китобхон сифатида эътироф этилиш шунчаки тасодифий ҳолат эмас, албатта...

– Очиғини айтсам, ҳалиям ҳаяжондаман. Мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ китобхонлик танловларида фаол иштирок этганман. Ургутда тиббиёт коллежида таҳсил олган пайтим китобхонлик бўйича ўтказилган вилоят танловида иккинчи ўринни эгаллаганман.

Эсимда, талабалик йилларим жамоат ишларидаги фаоллигим учун бир гал Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими томонидан рағбатлантирилдим. Мен учун энг яхши совға улар тантана билан топширган сўнгги русумдаги кир ювиш машинаси эмас, севимли шоирим Усмон Азимнинг “Сайланма”си бўлган...

Келин бўлганимда ҳам “чарлар” маҳали келтирилган бошқа сарполару совғаларга эмас,   уйимдан бериб юборишган   китобларимга ёпишган эканман...

– Одатда китоб ушлаган кишиларни уч тоифага ажратишади: китобпарастлар, китобхўрлар ва китобхонлар...

– Самарқанд давлат университетидаги домлаларимиз жуда талабчан эди. Чет эл адабиётининг юзлаб сара намуналарини ўқишга мажбур қилишган. Пахтага ҳамма тугунига яхшироқ егулик ёки иссиқ кийим тугишса, биз “том-том” китоб орқалаб борардик.

Кўзи ожиз курсдош дугонам бор эди. Унга китоб ўқиб бериш – энг севимли машғулотим эди. У билан бирга кўзи ожизлар махсус кутубхонасига борардим. Овозли китоб тинглаш менга жуда ёқарди.  Ҳозир мингдан ортиқ аудиокитобларим бор.

Мен ҳам илгари китобхўр (аммо асло китобларни жавонга зийнат учун териб қўядиган китобпараст эмас) бўлганман, шекилли... Қўлимга тушган асарни ўқиб кўрардим, сюжет кетидан қувардим... Кейинроқ “ҳазми оғирроқ” бўлган асарларни танлаб ўқишга ўргандим. Рамзлар ортидаги моҳиятни англашга, таҳлил қилишга  астойдил ҳаракат қилдим. Назаримда ёзувчи нима демоқчи бўлганини китобхонга тушунтириб бериш –  ноинсофлик, чунки ҳар бир китобхоннинг муайян асар ҳақидаги ўз таассуроти, ўз кашфиёти бўлади. Айтайлик, “Чол ва денгиз”даги чолнинг изтироблари, машаққатлари, кураши ва ғалабаси хусусида  Сизда ўзгача, менда ўзгача таассуротлар бўлиши табиий. Менимча, китобхоннинг асл вазифаси ҳам шу – ҳар бир асарда  ўз дунёсини кашф этиш!

– Ўтган йили газетамизда берилган бир мақолада китоб ўқиганлар “Спарк” минаяпти, “Спарк” минганлар қачон “Китоб ўқийди?” деган киноя бор эди. Сиз бу истеҳзога қандай қарайсиз?

– Негадир “Ёш китобхон” танловини фақат “Спарк” билан боғлаб гапириш одатга айланиб қолди. Ҳатто танловнинг тарғибот рекламаларида ҳам шу жиҳатга урғу берилаяпти... Тўғри, рағбатга автомобиль берилгани жуда яхши. Аммо моддий манфаатнинг мутолаа мақсадига айланиши ёмон. Пулим кўп бўлса, энг аввало “Спарк” олиш ҳақида эмас, кутубхонамга  янги китоблар сотиб олиш ҳақида ўйлардим.

– Бугун айрим ёшлар ҳазми оғир “фастфуд”ларни хуш кўришадию ҳазми оғир китобларни тутқазсангиз, эснашади... Айтайлик, Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”сидаги инсоннинг маънавий таназзули эмас, Раскольниковнинг қачон ўша кампирни болта билан чопиб ташлаб, пулларига эга бўлиши... кейин нима бўлиши... охири нима бўлиши... муҳим уларга...

– Шу боис ҳам улар ёзувчи “эзмаланган жойлар”ни ташлаб кетиб, китобнинг охирги варақларини титкилашади...

– Уларнинг назарида “шап-шап” дегунча “шафтоли” дейиш керакдай. Аслида гап “шафтоли”да эмас, ўша “шап-шап”да эмасми?

– Яъни китобнинг “охири нима бўлиши” эмас, “ўзи нима бўлаётгани” – моҳияти муҳим.

 Эътибор берган бўлсангиз, ТВда кимдир “Zo`rTV”ни, кимдир “Маданият ва маърифат” каналини танлаб кўради. Бирида ҳордиқ олишга мўлжалланган кўнгилочар дастурлар сероб бўлса, иккинчисида кишини анчагина “заҳмат чекиш” – ўйлашга, фикрлашга ундайдиган кўрсатувлар, фильмлар берилади. Ҳар ким ўзига маъқулини танлайди...

Мутолаада ҳам шу гап – кимдир Аҳад Қаюмни, Марҳабо Каримовани маҳлиё бўлиб ўқиб ётипти, кимдир Жойснинг “Улисс”и мағзини чақишга интилади...

– Танловнинг вилоят босқичида анчагина тер тўкишингизга тўғри келди, чамаси...

– Тўғрироғи, танловгача анчагина тер тўкишга тўғри келди. Низом асосида “Буюк мутафаккир ва адиб” ва “Бадиий асарлар билимдони” шартлари бўйича беллашишимиз керак эди. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг 60 та сара намунасини,  буюк мутафаккирлар ва адиблар  ҳаёт йўли, илмий ва бадиий меросини синчиклаб ўрганиб чиқдим.

Масалан, Гарриэт Бичер-Стоунинг “Том тоғанинг кулбаси” асарини излаб, роса овора бўлдим, тополмадим. Яқин ўрталарда қайта нашр этилмаган экан. Инглиз тилида ўқишимга тўғри келди (бу борада менга катта ёрдам берган, мактабда инглиз тилидан дарс берадиган қайнонамдан миннатдорман). Қизиғи шундаки, танловнинг вилоят босқичида иккинчи шартда шу асар ҳақида фикр билдириш менинг чекимга тушди.  Биринчи шартда эса “Огаҳий ҳаёти ва ижоди” бўйича гапиргандим, бунда филологлигим, манбашунослик бўйича илмий иш олиб бораётганим қўл келди...

– Дарвоқе, Сиз айни пайтда магистратурада таҳсил олаяпсиз. Илмий фаолиятингиз хусусида ҳам тўхталсангиз.

– Самарқанд давлат университетида Муслиҳиддин Муҳиддинов, Гулсанам Холиқулова, Дилором Салоҳий сингари фидойи олимлардан сабоқ олдим. Воҳид Абдуллаев номидаги стипендияга сазовор бўлдим. Айни пайтда Қарши давлат университетида филология фанлари доктори Нафас Шодмонов раҳбарлигида “XVIII аср охири – XIX аср ўрталарида Қашқадарё воҳасининг адабий манбалари ва уларнинг илмий тавсифи” мавзусида илмий тадқиқот олиб бораяпман.

– Танловнинг мамлакат босқичида ҳам Сизга омад ёр бўлсин!

Нуриддин ЭГАМОВ

суҳбатлашди.

Report typo