Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

02.01.2017


ГЕРМАНИЯ, ФРАНЦИЯ ВА «НУРИСТОН»

 

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги француз тили ва маданияти маркази ташаббуси билан ташкил этилган ва вилоятимиздаги таълим муассасалари француз тили фани ўқитувчилари иштирок этган мазкур семинарда жойларда хорижий тиллар ўқитилишини ўрганиш, ўқитувчиларга илмий-амалий ёрдам кўрсатиш, хусусан, дарсда ахборот технологиялари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

Қайд этиш жоизки, ҳудудий семинар айнан шу таълим муассасасида ўтказилаётгани бежиз эмас. Академик лицей "Эгизак таълим муассасалари" ("Les etablissements jumеlages") лойиҳаси асосида юртимиз ва хориждаги нуфузли ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларига, шу билан бирга, хорижда малака ошириб қайтган педагоглар жамоасига эга.

Қолаверса, мазкур академик лицейда Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг "Мактаблар: келажак ҳамкорлари" лойиҳаси орқали бутун дунёда танлаб олинган мактабларда немис тили дарсини қўллаб-қувватловчи халқаро дастури ҳам амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Ушбу дастурнинг мақсади ўқувчилари энг яхши таълим олиш имконига эга бўлган мактаблардан иборат халқаро тизимни   шакллантиришдан иборат.

- Бугунги кунда ўқитувчи ва ўқувчи ёшларимиз Европа ва Шарқий Осиё мамлакатлари мутахассислари билан мунтазам равишда фикр, тажриба алмашиб келмоқда, - дейди академик лицей ўқитувчиси Фахриддин Ярманов. - Хорижда малака оширган ўқитувчиларнинг тажрибаси эса академик лицейда педагоглар савиясини янада юксалтириш, уларнинг замон талаблари асосида дарс ўтиши, таълим сифати жаҳон стандартларига жавоб бера олишини таъминлашда асқатмоқда.

Семинарда ана шу масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадбир ташкилотчиси, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги француз тили ва маданияти маркази масъул ходими Фредерик Вийом академик лицейда француз тили фанининг ўқитилиши, чет тилларни ўрганиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Тил ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди. Дарс машғулотларини кузатди.

Сўнг семинар иштирокчилари академик лицей фаоллар залида ташкил этилган бадиий кечада иштирок этишди. Тадбирда ўқувчилар томонидан беш тилда, жумладан, ўзбек, инглиз, немис, француз ва рус тилларида тайёрланган саҳна кўринишлари, қўшиқ ва шеърлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Шу сабаб ҳам лицей жамоаси 2017 йилнинг апрель-май ойларида Франция элчихонаси томонидан Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган театр фестивалига таклиф этилди. Келгусида ҳамкорлик шартномаси тузиш бўйича фикрлар билдирилди. Шунингдек, ўқувчи ёшларга хорижда таҳсил олиш имконини берувчи грант лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Халқимизда тил билган эл билади, деган гап бор. Хорижлик меҳмон билан ўз она тилида сўзлашгандай равон ва бурро суҳбат қураётган ёш йигит-қизни кўриб, ҳар қандай кишининг ҳаваси ортади. Бугун ҳар бир ўзбек оиласида бирор чет тилини биладиган, ҳеч бўлмаганда ўрганаётган киши топилади. Буларнинг барчаси, мамлакатимизда чет тилларни ўрганишга бўлган эҳтиёжнинг ҳар қачонгидан-да ортгани, мазкур тизимни такомиллаштиришга қаратилган эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани самарасидир. Буни семинар иштирокчилари якдил эътироф этишди ва келгусида бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo