Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Т.ТЕМИРОВ

26.01.2017


ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР – ЮРТ КЕЛАЖАГИ

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёшлар ташаббуслари маркази ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов мана бир неча йилдирки янги-янги иқтидор эгаларини кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чекка-чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларнинг илм-фан, санъат ва замонавий технологиялар борасидаги изланишларини муносиб баҳолаш, рағбатлантириш имконини бермоқда.

Эътиборлиси, танловда иштирок этиш истагида бўлган ёшларнинг сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Буни жорий йилда мамлакатимиз миқёсида 61 минг 973 нафар ёш мазкур танловда иштирок этиш истагида ариза топширгани ҳам кўрсатиб турибди.

Танловнинг Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси босқичида қатнашган ёшлар ўзларининг янги ғоялари, интеллектуал салоҳияти, мукаммал бизнес-режалари, архитектура ва дизайн соҳасидаги янгича қарашларини яққол намоён этишди. Уларнинг 446 нафари республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди ва “Лочин”да ташкил этилган ёзги ўқув оромгоҳига жалб этилди.

Айтиш керакки, бу ерда ўтган 4 кун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Иштирокчилар танловнинг финал босқичи учун тайёрлаган лойиҳаларини янада такомиллаштириш, турли соҳалар бўйича мутахассислар томонидан олиб борилган маҳорат дарслари, семинар ва тренинглар, маданият ва санъат вакиллари билан учрашув ва анжуманларда қатнашиш, махсус ишлаб чиқилган интерактив   дастур бўйича ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш усулларини бойитиш имконига эга бўлишди. Семинар ва тренинглар чоғида олинган назарий билимларини амалий ишлар билан мустаҳкамлаб боришди.

Танлов доирасида ташкил этилган илмий-амалий анжуманлар, семинарларда ёшларнинг ижодий ишлари, инновацион лойиҳалари ва илмий ишланмалари атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, оромгоҳда уларнинг изланишлари доирасида кўргазмалар ташкил қилинди.

Танловда “Архитектура ва дизайн”, “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар”, “Анъанавий ва амалий санъат”, “Адабиёт ва журналистика” номинациялари ва 11 йўналиш бўйича 44 нафар ғолиб аниқланди. Вилоятимиз вакилларидан Нишон маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Олимжон Амирқулов веб-ишланмалар ва Қарши шаҳрилик Азиз Мўминов назм йўналишларида ғолиблар сафидан ўрин эгаллади.

Анъанага кўра, уларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Т.ТЕМИРОВ

Report typo