Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.АБДУЛЛАЕВ

17.09.2019


ИЧКИЛИК ҚОТИЛЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи Жонибек Раҳимов (мақоладаги барча исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ичкиликка берилган, кўпинча маст-аласт юришни одат қилганди. Унинг деҳқонободлик божаси Одил Хўжабердиев ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Икки божа бир-бирини тез-тез йўқлаб турар, биргаликда улфатчиликни авж олдирарди.

Бу гал ҳам Жонибек Раҳимов Бойсундан Деҳқонободга меҳмон бўлиб келган эди. Божаси Одил Хўжабердиев билан биргаликда ҳар сешанба куни туманнинг Оққишлоқ қишлоғида бўладиган мол бозорига боришди. Бозорда икки божа ўтириб, роса улфатчилик қилди. Спиртли ичимликларни ҳаддан ортиқ кўп истеъмол қилиши натижасида айниқса Жонибек Раҳимов ўзини идора қила олмайдиган аҳволга келиб қолганди.

Энг ачинарлиси, уларни олиб кетиш масъулияти Одил Хўжабердиевнинг вояга етмаган ўғли - Икромнинг зиммасига тушди.

Икром аввалига Жонибекни олиб кетишга уринди. Аммо бозордан ҳеч қанча узоқлашмасдан туриб у ерга йиқилди ва ўрнидан турмай қўйди. Шундан сўнг Икром бозорга қайтиб кириб, отасини етаклаб чиқди. Иккаласи Жонибекни ҳушёр қилишга уринар, аммо фойдаси бўлмаётган эди. Шу пайт  Одил Хўжабердиевнинг амакиваччаси - 1980 йилда туғилган Асрор Ҳамидов келиб қолди. У ҳам Жонибекни ўрнидан турғизмоқчи бўлиб, силкилашга тушди, сўнг юзига сув сепди, аммо бари бефойда эди. Жонибек ўрнидан турмади, қайтага ғулдираганча Асрорни ҳақоратлашга тушди. Асрор эса уни силкилашда давом этар, ўзини ҳақорат қилаётганидан жаҳли чиқиб, гоҳида юзига шапалоқ тортиб юборса, гоҳида турли жойидан ушлаб, судрамоқчи бўларди. Буни кўриб турган Одил Хўжабердиевнинг сабри чидамади.

- Сен нега божамни урмоқчи бўлаяпсан, - деди у Асрорга қараб. - Бор кет, уни ўзим олиб кетаман, йўқол бу ердан.

Бундай муомала қони қайнаб турган Асрорга ёқмади. У  амакиваччаси билан жанжаллашиб қолди. Сўнг бир-бирини ҳақоратлашга ўтишди. Одил Хўжабердиев маст, қаршилик қиладиган аҳволда эмасди. Буни билган Асрор аввалига унинг юзига мушт туширди, сўнг дуч келган жойига уриб тепа бошлади. Одамлар тўпланиб, уларни ажратиб олишганида Одил Хўжабердиев оғир аҳволда эди. Дарҳол тез ёрдамга қўнғироқ қилишди, уни шифохонага олиб борди. Аммо кўрилган тиббий чораларга қарамай, у шу куни олган жароҳатлари таъсирида ҳаётдан кўз юмди.

Жаҳлини жиловлай олмай, яқин қариндошининг қотилига айланган Асрор Ҳамидовнинг эса қўлларига кишан урилди.

Айни пайтда Асрор Ҳамидовга нисбатан юритилган жиноят иши бўйича тергов-суриштирув ҳаракатлари якунланиб, иш судга ўтказилган. Демак, унинг қилмишига қонуний баҳони ҳам суд беради.

Б.АБДУЛЛАЕВ,

вилоят ИИБ тергов бошқармаси катта терговчиси, капитан

Report typo