Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маданият
  • II ХАЛҚАРО МАҚОМ САНЪАТИ АНЖУМАНИНИ ЮҚОРИ САВИЯДА ЎТКАЗИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

Н.ХЎЖАЕВ

01.03.2019


II ХАЛҚАРО МАҚОМ САНЪАТИ АНЖУМАНИНИ ЮҚОРИ САВИЯДА ЎТКАЗИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

Унга кўра, ўзбек миллий мақом санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, унинг ноёб намуналарини кенг тарғиб этиш, ёш авлод қалбида санъатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятида мақом санъати нуфузини янада ошириш мақсадида Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани иккинчи марта 2020 йил сентябрь ойининг биринчи ярмида бўлиб ўтиши белгиланди.

Фармойишда анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тегишли "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиши, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб республика ва жаҳон миқёсида анжуман тарғиботини ташкил этиб, унинг доирасида ўтказиладиган танлов шартлари ва илмий-амалий конференция мавзусини эълон қилиб бориши қайд этилди.

Ўз навбатида 2020 йил 1 июнга қадар республикамиз ҳудудларида мақом ансамблларининг концерт дастурлари, "Ёш мақом ижрочилари", бастакорлар ўртасида "Мақом йўлида яратилган энг яхши асар" каби номинациялар бўйича республика танловлари ҳамда таниқли мақомшунос олимлар, тажрибали мақом ижрочилари иштирокида ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади.

Шунингдек, хорижий ҳамда маҳаллий мусиқашунос ва мақомшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонлар иштирокида "Мақом санъатини ривожлантириш истиқболлари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Шаҳрисабз шаҳридаги Мақом музейи эса ушбу санъатга оид тарихий, илмий-ижодий манбалар, қадимий ва замонавий чолғу асбоблари ва бошқа янги экспонатлар билан бойитилади.

Таниқли мақомшунос олимлар, мақом бастакорлари ҳамда ҳофиз ва созандаларининг ибратли илмий, ижодий фаолияти тўғрисида туркум ҳужжатли фильмлар яратилади.

Вилоят ҳокимлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Шаҳрисабз шаҳрининг туризм салоҳиятини ошириш, инвестицияларни фаол жалб қилиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида замонавий сервис хизмати кўрсатиш имкониятларини ўзида жамлаган, барча қулайликларга эга замонавий бинолар, хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, меҳмонхоналар қурилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминлайди.

Анжуман бадиий ва ижодий жиҳатдан юқори савияда ўтиши учун хорижий давлатлардаги халқаро санъат фестиваллари ташкилотлари ҳамда марказлари билан мунтазам ижодий ҳамкорлик олиб борилади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo