Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

22.05.2020


ИИВ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИГА ЎҚИШГА КИРИТИБ ҚЎЙМОҚЧИ ЭДИ

Қилмиш-қидирмиш

Шу кунларда олий ўқув юртига, ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириш истагидаги ўғил-қизлар жуда кўп. Албатта, бу жараёнда билим ҳал қилувчи роль ўйнайди, бироқ ҳали-ҳануз пул, таниш-билиш воситасида талабалик бахтига эришаман, деб ўйлайдиган ёшлар ҳам йўқ эмас. Бундан турли фирибгарлар, қинғирликни касб қилган олғир кишилар унумли фойдаланиб қолишга уриниши-да бор гап.

Қарши тумани Потрон қишлоғида яшовчи, 1985 йилда туғилган Жаҳонгир Джабборов ҳам оддий қишлоқ аёли  қизи билан ИИВ Қашқадарё академик лицейида юрганини кузата туриб, улар ўз тузоғига илинишига негадир ишонди.

Китоб тумани Алақўйлиқ қишлоғида яшовчи Дилноза Элмуродова қизи Гулнигорнинг ички ишлар соҳасига қизиқишидан келиб чиқиб, ҳужжатларни қабул ҳайъатига топшириб чиқишаркан, нотаниш бир кишининг “Мен вилоят ички ишлар бошқармасида ишлайман, исмим Жаҳонгир, қизингизни 2500 долларга лицейига ўқишга киритиб қўяман”, деган гапидан ҳайратга тушди.

Бир неча йиллардан буён қўшимча дарсларга қатнаб, фан сирларини мукаммал ўрганиб келаётган қизининг билимига ишонган она бу шахс фирибгар эканини кўнгли сезиб, чора кўриш учун ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бўлимига мурожаат қилди.

2020 йил 20 май куни Жаҳонгир Джабборов ўзи айтган 2500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни Дилноза Элмуродовадан олган вақтда қўлга олинди ҳамда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Вилоят ички ишлар бошқармасидан хабар беришларича, айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар, ички ишлар органларига ишга ёки ўқишга кириш истагида бўлсангиз, вилоят ИИБ кадрлар бошқармасига мурожаат этишингиз сўралади. Кўча-кўйда дуч келган нотаниш кишилар гапига ишониб, фирибгар тузоғига тушиб қолманг!”, дейилади бошқарма ахборотида.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo