Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

02.10.2018


ИЛГАРИ ТАЙЁРИНИ ОЛИБ КЕЛАРДИ, ЭНДИ ЎЗИ ТАЙЁРЛАЯПТИ

Бошданоқ қандолат маҳсулоти ишлаб чиқарган экан-да, деб ўйлашингиз мумкин. Аксинча, ишбилармон унинг савдосига асосий эътибор берган. Дастлаб Тошкент шаҳридан ширинликлар олиб келиб, уларни вилоятимиздаги савдо дўконларига улгуржи тарқатиш билан шуғулланган.

Яқин-яқингача шундай йўл тутган ёш тадбиркор бу маҳсулотларни ўзимизда тайёрлашни йўлга қўйса, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам анча манфаатли бўлиши ҳақида бош қотирди. Ускунаси билан қизиқди. Қараса, сотиб олишга қурби етади. Қунт қилса, тайёрлаш жараёни ҳам унчалик мураккаб эмас. Натижада алоҳида цех ташкил этиб, кенг кўламда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга киришди.

- Илгари вафлининг бир килосини фалон сўм олиб, унинг устига яна миндириб сотардим, энди эса бунга ҳожат ҳам йўқ, - дейди Аброр Расулов. – Маҳсулотимни мақбул нархда таклиф этаяпман. Бу дегани, таннарх пасайишига ҳам эришдим. Айни вақтда 2 турдаги ширинликни тайёрлашни ўзлаштирдик. Вафлининг 6 хилини, мармеладнинг 2 хилини ишлаб чиқараяпмиз. Бир кунда цехимиздан 300-350 килограммгача тайёр маҳсулот чиқади. Сифати ҳам ёмонмас. Бу эса харидорларга ҳам жуда маъқул келмоқда. Бозоримиз ҳам кенгайиб бораяпти. Яқинда қўшни вилоятга ҳам маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйдик. Фаолиятимиз асосида 7 та янги иш ўрни яратдик.

Ёш ишбилармон ширинликларга талаб катта эканидан ҳамкорларни маҳсулот билан узлуксиз таъминлаш бироз қийин кечаётганини айтади. Ишга тушганига ҳали ярим йил ҳам бўлмаган корхона цехи қувватини оширишга қарор қилган. Тижорат банкидан 184 миллион сўм кредит олди. Бунга қўшимча технологиялар харид қилинди. Тез орада эса яна бир янги маҳсулот – қиёмли печенье ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжал қилинган. Ташаббуси муваффақиятли амалга ошса, тадбиркор қўшимчасига яна 7-8 кишининг бандлигини таъминлай олади. 

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Report typo