Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

О.АҲМЕДОВ

17.02.2017


ИЛЛАТГА ҚАРШИ КУРАШМОҚ ЛОЗИМ

Биринчидан, гиёҳвандликка мубтало бўлиш киши ҳаётини бутунлай издан чиқаради. У ҳар тарафлама таназзулга юз тутади. Энг асосийси ва даҳшатлиси, гиёҳвандликка ружу қўйган кимса зарур пайтда ўзини ўзи бошқариш қобилиятидан маҳрум бўлади. Демак, у нима қилаётганини чуқур англаб етмайди ва гиёҳвандликка руҳий тобелик пайтида қандай топшириқ буюрилса, шуни бажаравериши мумкин. Айни шуни ҳисобга олиб, жиноятчи гуруҳлар уларни ўзларига қарам қилиб оладилар ва қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланадилар. Айниқса, диний экс-тремистик ва террористик тузилмалар учун бу усул кенг тарқалгани кўпчиликка маълум. 

 Гиёҳванд моддаларни узоқ вақт истеъмол қилганда шахс борган сари инқирозга учрайди,  атрофдагиларга ҳамда яқинларига бефарқ бўлиб қолади, ақл-идроки пасаяди. Бундай инсонлар яхши хулқ ва одатларини йўқотади, тез-тез хавфли ҳаракатлар содир этади. Улар ОИТС инфекциясининг  ташувчилари ва асосий тарқатувчилари ҳамдир. Гиёҳвандларнинг пала-партиш ҳаёти, улар ўртасида инъекция воситаларининг умумфойдаланишда бўлиши каби ҳолатлар доимо ОИТСга йўлиқиш хавфини таъминлаб туради.

Шу боис ҳам гиёҳвандлик бутун дунёда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган энг долзарб  муаммолардан бири ҳисобланади ва бундай моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жуда юқоридир.

Гиёҳванд оиласида, жамиятда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлиб қолади, ҳаётий муҳим масалаларни идрок қилиш, масъулиятни ҳис этиш, фикрлаш қобилиятларини йўқотади. Гиёҳванд ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, оиласи, болаларига нисбатан меҳр-оқибатсиз бўлиб қолади. Бундай одам, содда қилиб айтганда, фақат қиёфаси билан инсон, аслида эса ҳар нарсага тайёр зараркунанда бир махлуқ, холос.

Шундай экан, гиёҳвандлик иллатига қарши барча бирдек курашиши, унинг йўлига ишончли ғов қўйиш учун барча бирдек жон куйдириши лозим. Ёшларни бу бало-қазодан асраб-авайлаш, уларни санъат, адабиёт, спортга ошно қилиб, баркамол инсонлар этиб тарбиялаш бунда энг яхши воситадир. Бинобарин, маънавий дунёси ва сиёсий-ҳуқуқий билим доираси кенг ёшлар ёт ғоялар таъсирига берилмайдилар, гиёҳвандлик ва шу каби иллатлар домига тушиб қолмайдилар.

О.АҲМЕДОВ, Қамаши туман бош имом-хатиби.

Report typo