Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

12.10.2021


"Илон, сени огоҳлантираман, бутун заводингни тартибга сол!"

Калифорния суди маслаҳат кенгаши Tesla компаниясига собиқ қора танли ходими даъвоси асосида у иш жойида ирқий камситишларга дуч келгани учун қарийб 137 миллион доллар тўлаш мажбуриятини юклади, дея хабар беради "Wall Street Journal" нашри. 

Қора танли Оуэн Диас исмли ходим 2015-2016 йилларда компаниянинг штатдаги заводида лифтёр бўлиб ишлаган. Жабрланувчининг адвокатларидан бири Бернанд Александр сўзларига кўра, Диас у ердаги ювиниш хонасида бир неча бор ирқий камситувчи суратлар ва ёзувларни кўрган, бошқа ходимлар эса уни тана ранги сифатларидан келиб чиқиб атаган.

Суд маслаҳат кенгаши қарорига кўра, Tesla Диас учун ирқий душманлик иш муҳитини яратган ва камситишларни олдини олиш борасида оқилона чоралар кўрмаган.

Нашрнинг хабар қилишича, суд компанияга 6,9 миллион долларни собиқ ходимга етказилган маънавий зарар учун товон пули ва яна 130 миллион долларни жарима сифатида тўлаш мажбуриятини юклаган. 

"Бу суд мажлиси Tesla заводида нималар бўлганини юзага чиқарди. Илон Маск, сени огоҳлантираман, бутун заводингни тартибга сол!", дея Диаснинг сўзларидан иқтибос келтиради манба. 

Нашрнинг ёзишича, Tesla масъуллари айтилаётган камситувчи хатти-ҳаракатлардан хабардорлиги ва қора танли ходимларини ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўрмагани ҳақидаги айбловларни рад этган.

Компаниянинг ходимлар бўйича вице-президенти Валери Кейперс Воркман гапларига қараганда, қора танли ишчини ҳақоратлаш ҳолати ортидан   уларни ишга оладиган кадрлар агентлиги тегишли чоралар кўрган.

Tesla бош директори Илон Маск ҳозирча суд қарорига муносабат билдирмаган. Шунингдек, компания ҳукм юзасидан шикоят келтириши ёки келтирмаслиги ҳам номаълум.

Report typo