Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 ноябрь, душанба. 2019 йил                         Махсус версия RU

Собир НАРЗИЕВ

05.11.2019


ИМКОНИЯТ БЎЛСА, ФОЙДАЛАНГАН ЮТАДИ

Бизнес ва тараққиёт

Маҳаллий ишлаб чиқариш имконияти бўлса-да, айрим товарларни хориждан импорт қилиш мамлакат иқтисодиётини ташқи бозорга қарам қилиб қўяди. Бу борада тегишли қувватлар йўлга қўйилмагани ҳам  валюта четга чиқиб кетиши, зарур иш ўринлари яратилмай қолишига асос бўлади. Хуллас, импортнинг ортиб кетиши иқтисодиёт учун яхши эмас.

Шундай экан, мавжуд салоҳиятдан фойдаланиб, замонавий ишлаб чиқаришни шу ерда, юртимизда ташкил этиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ. Бошқача айтганда, бу жараён маҳаллийлаштириш деб аталади ва импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришни кўзда тутади.  Демак, қатъий ривожланиш йўлидан бораётган мамлакатимиз учун бу жуда муҳим. Шу боис ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш давлат йўли билан қўллаб-қувватланаяпти. Иш кучи, технология ва хом ашё мавжуд экан, мазкур имкониятдан самарали фойдаланиш ҳеч қачон зарар қилмаган.

Аҳамиятлиси, айрим маҳаллий тадбиркорлар бу талабни тўғри англаб, моҳиятини тушуниб иш кўрмоқда. Шу йўналишда истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариб, аҳолига импорт ўрнини босувчи, шу билан бирга, рақобатдош маҳсулот таклиф эта олишаяпти. Қарши шаҳридаги "Asian golden oil" масъулияти чекланган жамияти ҳам шулардан биридир.

Ушбу тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини 2017 йилда бошлаган. Корхона ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бунинг учун ишлаб чиқариш жараёнига хорижий технологиялар кенг жалб қилинган.

- Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ маҳсулотимиз қисқа фурсатда ички бозордан ўз ўрнини, харидорини топиб улгурди, - дейди корхона иш бошқарувчиси Алишер Ирисов. - Албатта, мазкур қувватни ташкил этишнинг ўзи бўлмади. Хитойдан қиймати қарийб 2 миллион АҚШ долларига тенг ускуналар олиб келинган. Ишлаб чиқариш майдонини бунёд этишга ҳам катта маблағ сарфланди. Асосан кунгабоқар донидан ўсимлик ёғи тайёрлаймиз. Корхонамизда йилига 18 минг тонна хом ашёни қайта ишлаш имкони бор. Шундан 7 минг тоннадан зиёд ёғ ва 10 минг тонна атрофида шрот маҳсулоти олинади. Бир кунда эса ўртача 50 тонна кунгабоқар донини қайта ишлаймиз. Ички бозорда ушбу йўналишда импорт товарлар кўплигига қарамасдан, маҳсулотимиз сифат борасида улар билан бемалол рақобатлаша олаяпти. Нафақат воҳамиз аҳолиси, балки Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро вилоятлари харидорларини ҳам маҳсулот билан мунтазам таъминлаяпмиз. Лойиҳа амалга ошгани натижасида 55 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлганини ҳам алоҳида қайд этиш керак.

Мутасаддининг айтишича, бугунги кунда хом ашё - кунгабоқар дони асосан хориждан олиб келинади. Негаки ўсимлик ёғи тайёрлаш учун зарур бўлган хом ашё юртимизда кам топилади. Шундай бўлса-да, корхонада маҳсулот таннархини пасайтириш, унинг ҳамёнбоплигини таъминлашга эришилаяпти. Ҳам харидоргир, ҳам рақобатбардош маҳсулот таклиф этилмоқда. Яна бир жиҳати, хом ашёни шу ерда, маҳаллий шароитда етиштириш имконияти ҳам кўздан кечирилган. Келгусида бу борада жиддий иш олиб бориш мақсад қилинган.

Шунингдек, талаб кўплигини ҳисобга олиб, тадбиркорлик субъекти томонидан ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. Бу бўйича аллақачон лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга кўра қўшимча  дастгоҳлар келтирилиши зарур. Дастлабки ҳисоб-китобга қараганда ишлаб чиқариш ҳажми ҳозиргидан яна икки-уч баробар оширилади. Шунга мос тарзда янги иш ўринлари ҳам яратилади.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Report typo