Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.МУРОДОВ

11.09.2017


ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАНЛАР УЧУН ИНГЛИЗ ТИЛИ ДАРСЛИГИ

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими ушбу фонднинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва баркамол авлод қилиб тарбиялаш ишларида, уларнинг ҳаётда    муносиб ўрин эгаллашига кенг имкониятлар яратишда ҳамкорликни кучайтириш” мавзусидаги танловида ғолиб деб топилганлардан. “Инглиз тили грамматикасига оид  Раймонд Мёрфининг “English Grammar In Use” номли қўлланмаси иккинчи жилдини брайл ёзувида чоп эттириб тарқатиш” деб номланган лойиҳани амалга ошириш учун ташаббускорга фонд томонидан  24,5 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу жамиятнинг вилоят бўлими бу каби лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга. Бундан олдин ҳам 2 та лойиҳа Жамоат фонди томонидан ғолиб деб топилиб, уларнинг амалга оширилиши кўзи ожизлар учун анчагина қулайликларни яратганди. Масалан, 2010 йилда “Катта ёшли кўзи ожизларни брайл ёзуви саводига ўргатиш – улар ижтимоий реабилитациясининг гарови” деб номланган лойиҳа доирасида брайл ёзувини ўрганишни истаган 20 нафар кўзи ожиз киши тўлиқ саводини чиқарди. Улардан 2 нафари Қарши давлат университетига ўқишга ҳам кирди.

- Ҳаётда турли сабабларга кўра кўзи ожиз бўлиб қолган кишилар ҳам учраб туради, - дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими раиси Ҳақназар Пўлатов. – Махсус алифбо асосида ўқиш, ёзишни ўргатиш уларнинг ҳаётга, яшашга иштиёқини оширади. Биз бу тажрибани республикада биринчилардан бўлиб амалда қўлладик ва у тезда оммалашиб кетди. Сирдарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида ҳам бизнинг тажрибамиздан кенг фойдаланишаяпти.  

Қайд этиш жоиз инглиз тили грамматикасига оид  “English Grammar In Use” номли қўлланманинг иккинчи жилди ясси ёзувдан брайл ёзувига ўгирилиб, 60 нусхада китоб ҳолида чоп этилиб, республикадаги кўзи ожиз болалар интернат-мактаблари, кутубхоналари ва Ўзбекистон кўзи ожизлар  жамияти ҳудудий бўлимларига тарқатилиши кўзланган.

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлимининг 2013 йилдаги яна бир - “Қарши шаҳрида кўзи ожизлар учун спорт клуби ташкил этиш” лойиҳаси асосида барча қулайликларга эга бўлган замонавий спорт клуби қурилиб, фойдаланишга топширилганди. Бугун бу ерда жамиятнинг юзлаб спортсевар аъзолари ўзларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишмоқда.  

Шуни ҳам айтиш ўринлики, замонавий компьютер технологиялари асосида брайл алифбосидаги китобларни чоп этишга ихтисослашган матбаа корхонаси республика бўйича фақат Қарши шаҳрида мавжуд экан. “Мавҳумот оламига маълумот” тифлоахборот мажмуаси масъулияти чекланган жамияти кўзи ожизлар учун зарур бўлган шундай қўлланмаларни чоп этишда уларга яқиндан ёрдам бериб келади. 

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими ташаббускорларига шундай муҳим ва долзарб лойиҳани амалга ошириш асносида имконияти чекланган кишиларга янги имкониятлар яратиш борасидаги хайрли ишлари бардавом бўлади, деган ниятдамиз.

М.МУРОДОВ

Report typo