Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 октябрь, якшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ИНСОН ТАРАҚҚИЁТ ЧЎҚҚИЛАРИ САРИ КЎТАРИЛИШНИ ХОҲЛАСА, ЎЗИДАГИ ЁВУЗЛИК УСТИДАН ҒАЛАБА ҚИЛМОҒИ ЗАРУР

Б.ЎКТАМ

13.10.2020


ИНСОН ТАРАҚҚИЁТ ЧЎҚҚИЛАРИ САРИ КЎТАРИЛИШНИ ХОҲЛАСА, ЎЗИДАГИ ЁВУЗЛИК УСТИДАН ҒАЛАБА ҚИЛМОҒИ ЗАРУР

Сараланган сатрлар

Қирғиз адиби Чингиз Айтматов "Кассандра тамғаси" романида умуминсоний муаммоларга теран фалсафий назар ташлайди. Бу ҳақда Одил Ёқубов шундай ёзади: "Роман воқеаси ўта шиддатли психологик можаролар ва тўқнашувлар заминига қурилган. Ер курраси ахлоқий муаммолар синаб кўриладиган полигонга айланган. Инсоният ҳалокат ёқасига бориб қолган. Бу ҳалокат ташқаридан келган эмас, балки бани одамнинг хатти-ҳаракатлари, мунофиқлиги, худбинлиги, ахлоқсизлиги оқибатида юзага келгандир. Дунё бедаво дардга чалинган, агар инсоният ижтимоий хасталиклардан фориғ бўлмас экан, интиқом муқаррардир".

Ўйлаймизки, сараланган лавҳалар романни ўқиб чиқишга бўлган рағбатни бир қадар оширади.

* * *

Баъзида ўйлаб қоласан киши - ҳар доим тақдирдан олдинроқ одим ташлаш, ҳаётнинг мазмун-мундарижасини фаҳмлаб олиш илинжида машаққатлар чекиш, яъни   бугун ҳам, эртага ҳам, минг йилдан кейин ҳам ҳеч қачон ҳеч кимга юз кўрсатмайдиган ўша абадий муаммо кетидан сарсон-саргардон елиб-югуриш жонингга тегиб кетади. Бироқ келажак ҳақидаги ана шу фикрлар тўқнашувидан бош тортиб кўр-чи, ўзингни ўзинг кемириб емасанг, умидсизланиш касалига мубтало бўлмасанг, эндигина уфқда қорайиб кўринган нарсанинг сир-асрорини билиб олиш ҳаваси пайдо бўлмаса, мен кафил. Биз келажакнинг қиёфасини аниқ тасаввур қила олмасак, бутун интилишларимиз самарасиз бўлиб қолаверади.

* * *

Роберт Боркнинг фикрига қараганда, ҳозирги инсоният бутунлай янги муаммоларга дуч келади, бордию бирдан қуёш совиб қолса, ёки аксинча, янада қизиб кетса борми, ҳамма жойда ҳамманинг бошига мислсиз кўргиликлар, интиқомлар тушгани каби, инсониятни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган синовлар кутади. Инсоният ана шу янги муаммолар мағзини чақар экан, ўзининг фожеий ҳалокатини англаб етишигина кифоя қилмайди. Балки, энг муҳими  -  бу туйғу омон қолишнинг янги усулларини қидириб топиш ва тараққиётнинг янги йўллари ҳамда шаклларини аниқлашга туртки бўлмоғи даркор, бу эса, ўз навбатида, янгича ҳаёт тарзига, янгича тафаккур қилишга олиб келмоғи лозим.

* * *

Ҳамма жойда бола туғишга қарши оммавий чиқишлар тобора кўпаймоқда, кишининг ғашига тегадиган гаплар айтиб, парламентларда декларацияларга зўр беришмоқда, эркаклар билан тенг ҳуқуқлилик ҳаракатларида, майдонларда ва кўчаларда, издиҳомларда бақириб-чақиришмоқда... Кўпгина мамлакатларда одам зотини давом эттириш эрки заифлашиб қолиши уёқда турсин, балки таг-томири билан суғуриб ташланган. Бу ҳол ҳаётнинг боши берк кўчага кириб қолганлигидан нишона эмасми?

* * *

...бирон киши томонидан қилинган ёвузлик шу кишининг жисмонан йўқолиши билан, ҳаёти сўниши билан тугамайди, балки генетик ўрмонда азалий уруғ шаклида сақланиб қолиб, эҳтимол бўлмиш икс соатни кутади ва белгиланган вақтда портлайдиган минага ўхшаб ўзини намоён қилади.

* * *

Қўлга чироқ олиб ўтмиш чангалзорлари ичра аллақачонлар чириб кетганларнинг мурдаларини қидириш шарт эмас, шу маънода бизларга кўп нарсаларни айтиб бера оладиган давр - Сталингитлер даври ёки, аксинча, Гитлерсталин даври ҳали кўпларнинг хотирасидан кўтарилмаган. Ана шу икки ярим бир бутун шахс инсоният учун шу қадар қимматга тушдики, жаҳон статистикаси орадан кўп йиллар ўтганига қарамасдан ўзаро урушда, қонли жаҳон урушида қурбон бўлганларнинг умумий сонини ҳамон ҳисоб-китоб қилолмаётир, ўшанда физиологик жиҳатдан бир бутун махлуқнинг иккита калласи ҳаёт-мамот учун жангга кирган эди. Большевизмсиз фашизмнинг бўлиши мумкинмиди? Сталинсиз Гитлернинг бўлиши мумкинмиди ва аксинча? Айрим-айрим туғилган, лекин жаҳаннам тоғорасида бирга чўқинтирилган Сталингитлер ва Гитлерсталин номини эшитганда ХХ асрда яшаётганларнинг нақ юраги чиқиб кетай дейди.

* * *

...инсонга абадийликнинг битмас-туганмас ҳаракатини ўзида мужассамлаштирган ақлий афзалликлар ато қилинган ва инсон омон қолишни истаса, тараққиётнинг чўққилари сари кўтарилишни хоҳласа, у ўзидаги Ёвузлик устидан ғалаба қилмоғи зарур.

* * *

...бизга, одам боласига қанча ҳуқуқ берилган бўлса, биз шунча бурчдормиз. Биринчи галдаги бурчларимиз: турмушни, ҳаётни уйғунлаштириш, такомиллаштириш, бизнинг барча орзу-ниятларимиз, амалиётимиз шу жумлага киради. Ҳаётнинг уйғунлашиши! Бироқ бу соҳада қанча буюк ва айни вақтда бўлмағур фикрлар туғилади, ўзларимизда деярли ҳар қадамда қанчадан-қанча ҳасадгўйлик, ичиқоралик, разиллик юз кўрсатади, ахир уйғунлик дегани ўз нафсини тийиш, маънавий ахлоқсизликка қарши кураш демакдир.

* * *

Нимаики хаёлимизга келса, бошимизга тушса, барини сўз билан изҳор қиламиз. Инсон қўли билан нимаики яратилибди, бари сўзнинг амалга жорий қилинишидир. Кўприк дарё устига қурилмасдан олдин сўз эди. Ундан ҳам муҳими, сўз - абадийликнинг ўзимиздаги имкониятидир. Биз ўламиз, лекин сўз қолади... Биз ана шу сўзда изтироб ила югуриб еламиз, сўзларда - баъзан қанот боғлаб абадийликка учамиз, баъзида сўз бизни хачир каби етаклаб олиши муқаррардир.

* * *

Вулқон қанча қўрқинчли бўлмасин, у лавани отиб чиқаради-да сўнгра тиниб-сўниб қолади. Одамларнинг ёвузли шамоллари эса тиним билмайди.

* * *

Ҳаёт ўзи қачон кризис ҳолатида бўлмаган? Кризис ҳар доим, ҳамма замонларда бўлган. Ҳар доим кимдир ўзини таҳлика остига қўйиб бошқаларни ўз ортидан эргаштирган. Шу маънода кризис одамларни эргаштириш, ишонтиришнинг зарурий шартидир.

* * *

Ҳаётда шундай юксак дақиқалар бўлади: йиллар давомида тўпланиб, кун сайин бойиб борган фикрлар бирдан яшин янглиғ ялт этиб юз беради. Бунга, албатта қўшимча шарт-шароит - оиладаги иноқлик, ўзининг илмий доирасида тан олинганлиги, яъни инсоннинг кундалик ҳолатига, иш қобилиятига ҳар куни таъсир этадиган ҳамма нарса ёрдам беради, буни эса жуда оддий қилиб айтганда бахт дейдилар. Буни кундалик турмуш бахти деса ҳам бахтнинг баҳоси тушиб кетмайди.

* * *

Филофей кашфиёти шуни кўрсатдики, кўрсатганда ҳам шафқатсизлик билан очиб ташладики, одамлар бутун тарих давомида, авлоддан авлодга мунтазам суратда бир-бирларини қийнаб жонларини олиб келишган, оқибатда инсоният яшаб келган дунё кўп нарса йўқотган; ўзларининг тарихий такомил топиш йўлида қўлга киритиши мумкин бўлган жуда кўп ютуқлардан маҳрум бўлишган.

* * *

Турмушнинг тузилишида, айтиш мумкинки, ҳаёт диалектикасида мантиққа тўғри келмайдиган бир хусусият - абадий фожиа яшаб келади: мутафаккир жамият қонунларини кашф этади, жамият бўлса худди ана шу хизматлари учун уни муртад деб эълон қилади, кейинчалик эса худди ана шу кашфиётларни қурол қилиб олади. Инкор орқали кўз очилади.

* * *

Агар инсоният қурол ихтиро қилмасдан ва уруш нима эканини билмасдан ривожланса нима бўларди? Ўшанда одам ҳозиргидай мавжудот бўлармиди, цивилизациямиз  ҳозиргидай аҳволда яшармиди ёки ерда бутунлай бошқа бир жамият ҳукм сурармиди ва инсон сифат жиҳатдан бутунлай ўзгача бўлармиди? Наҳотки тараққиётнинг шундай йўли азалдан ёпиқ бўлса?

* * *

Коинот миқёсида инсон умри пашшанинг умридай гап. Бироқ инсонга тафаккур ато қилинган, шу нарса унинг умрини узайтиради. Лекин акси ҳам бўлади - кескин қисқартиради ҳам.

* * *

О, ҳокимларнинг марҳаматига, саройдагиларнинг меҳрибонлигигаю  тўраларча ҳозиржавоблигига одам боласи нақадар тез кўникади.

* * *

Виждонлилик даъвосини қилганларнинг қатъий нуқтаи назаридан  бошқа ҳеч вақоси бўлмаслиги мумкин ва уларнинг ҳужумкорлиги шундан. Бироқ виждон, энг аввало, ички мустақилликни талаб қилади, акс ҳолда уни эски-туски нарсалар каби бозорда сотиш ва сотиб олиш мумкин бўларди. Сирасини айтганда дунёда виждон тушунчасидан ҳам кўра сийқаси чиққан нарса бўлмаса керак.

* * *

Қуёш тагида тобора кўпроқ жой олиш учун орзуманд бўлган инсоннинг ваҳшиёна нафсини қондириб, ўзгартириб бўлмайди, агар одамларнинг иштаҳаси шундай бўлаверса борми, кўп ўтмасдан одамларга қуёш ҳам озлик қилади, лекин яна ҳам хавфлиси шуки, у, яъни инсон бошқа кишилар устидан тағин-да кўпроқ ва тағин-да кучлироқ ҳукмронлик қилиш касалига мубтало бўлади.

* * *

Фан ютуқлари бизнинг обрўйимизни ўз кўз ўнгимиздагина эмас, балки жамият назарида ҳам юксакликка кўтарган эди. Бироқ, фан билан виждоннинг бир-бирига қанчалик мос келмаслигига, кўпгина ҳолларда фан билан жиноят бир-бири билан боғланиб кетганлигига мисоллар топиш учун XX асрда узоққа бориш шарт эмас.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo