Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршид БОБОЕВ

11.10.2019


ИНТЕРНЕТГА БОҒЛАНИБ ҚОЛИШ НИМАСИ БИЛАН ХАТАРЛИ?

Статистик маълумотларга кўра, интернет сайтлардаги 49 фоиз  компьютер ўйинлари зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилади. Жаҳон бўйича 42 фоиз болалар ва ўсмирлар порнографик сайтларга қарам бўлиб қолган, уларнинг 8 фоизи буни ўз ота-онасидан яширмайди, 38 фоиз бола зўравонлик руҳидаги сайтларни, 26 фоиз бола миллатчилик характеридаги веб-саҳифаларни мунтазам кузатиб боради. Интернет тармоғида ёшлар учун кўплаб тижорий, ирқий, миллий, диний ва порнографик мазмундаги таҳдидлар мавжуд. Биргина француз сайтларидан ўрин олган порнографик суратлар сони ҳозирги кунда 300 мингдан зиёд.

Сўнгги йилларда террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб-ташвиқ қилишга қаратилган веб-сайтлар сони ҳам бир неча баробар ошган. Хусусан, 10 йил аввал бундай сайтлар сони 20 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда террористлар фойдаланадиган 7000 дан ортиқ интернет сайтлари мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатувчи порталлар ҳам ортиб бормоқда.

Бундай интернет сайтлари тўсатдан пайдо бўлади, вақт ўтгач йўқолади, мазмунини ўзгартирмаган ҳолда, тез-тез номланиб доменини  алмаштириб туради.

Ёшлар бундай оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак? Аввало, интернет тармоқларида диний ақидапарастлик, терроризм ғояларини ёйиш, "оммавий маданият" кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларни турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга асло бефарқ қарамаслигимиз керак. Қолаверса, ёшларда интернет маълумотларидан ўринли фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ёшларимизда ёт ғояларга, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас экан, ахборот хуружлари хавфидан асло қутула олмаймиз.

Таҳлиллар ёшлар иштирокидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти бекорчилик орқасида содир этилаётганини кўрсатмоқда. Шу боис ҳам уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш даркор.

Ҳаётимизда ҳар нарсанинг салбий ва ижобий томони бўлгани каби замонавий техника воситаларидан фойдаланишда ҳам меъёрга амал қилишни унутмайлик!

Хуршид БОБОЕВ,

вилоят ИИБ масъул ходими

Report typo