Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 март, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

28.02.2020


ИНТИЛИШ ЯНГИ МАРРАЛАРГА ЙЎЛ ОЧМОҚДА

Кичик бизнес

Тадбиркорлик ўз-ўзидан ривожланиб кетадиган соҳа эмас. Бунинг учун аввало пухта режа, ташаббускорлик ва доимий саъй-ҳаракат зарур. Шунингдек,  бозор талабидан келиб чиқиб, рақобатдош ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш,  фаолиятни босқичма-босқич кенгайтириб бориш керак.

Ана шу жараёнда мижозлар ишончини қозонган ва ўзига мустаҳкам пойдевор ярата олган субъектнинг янги марраларни забт этиши учун имконият пайдо бўлади. Буни Китоб тумани Алақуйлиқ маҳалласида фаолият юритаётган "Kitob art desing" хусусий корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, бир неча йил олдин уйда маҳалладошларнинг буюртмасига асосан кийим-кечаклар тикишдан иш бошлаган тадбиркор Муқаддас Муродова бугун ишини ҳар томонлама ривожлантиришга эришди. 

- Ўтган йили банкдан 200 миллион сўм кредит олиб, ушбу маблағ ҳисобидан тикув машиналари ва бошқа зарур жиҳозларни харид қилдик, - дейди у. - Ижарага бино олиб, керакли шарт-шароитларни ҳозирладик. Буюртмалар сонини кўпайтириб, ишлаб чиқариш ҳажмини оширдик.

Айни пайтда корхона ҳудуддаги кўплаб кичик бизнес субъектлари ва ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатган. Жумладан, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналардан бирини юмшоқ мебель жилдлари, ёпинчиқлар билан тўлиқ таъминлаётган бўлса, бир қатор меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари учун махсус иш кийимлари, чойшаблар ва бошқа тикувчилик буюмларини тайёрлаб беришни уддаламоқда. Бироқ жамоа бу билан чекланиб қолмоқчи эмас. Мижозлар сонининг ошиб бориши  ва молиявий имкониятларнинг кенгаяётгани ишни янада ривожлантиришга имкон яратмоқда. 

- Корхонамизда етти нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган, - дейди Муқаддас Муродова. - Тўғриси, бугунги кунда яна ўндан ортиқ янги иш ўринлари яратишимиз мумкин. Бироқ, ижарага олган жойимиз бунга ҳозирча имкон бермаяпти. Шу боис  ер олиб бино қуриш ишларини бошлаганмиз. Насиб этса, шу йил ёзда икки қаватли, замонавий ишлаб чиқариш биносини барпо этиб, фаолиятимизни яна икки-уч баробар кенгайтирмоқчимиз. Шундан сўнг болалар учун ёзги ва қишки кийимлар  тайёрлашни ҳам ўзлаштирамиз.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo