Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

02.08.2018


ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАР РЎЁБИ ҚАНДАЙ КЕТАЯПТИ?

Тадбир шу йил 21 июнь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтган, тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида божхона органларига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Унда тадбиркорлар, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 10 га яқин инвестор иштирок этди.

Таъкидланганидек, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини тобора ошириш, мамлакатимизда чет эл сармоядорларининг муваффақиятли бизнес юритишига кенг шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хорижлик ишбилармонлар учун қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими яратиб берилган. Албатта, бу ҳолат соҳада сифат ўзгаришлари ясалишига ҳам хизмат қилмоқда.

- Ҳозирги кунда вилоятимизда 20 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда, - дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Маҳмадалиев. – Уларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида Нидерландия, Туркия ва Жанубий Корея каби мамлакатлар сармоядорлари ҳам фаол қатнашмоқда. Бинобарин, чет эл капиталисиз иқтисодиётни жадал ривожлантиришга эришиш қийин. Чунки шу орқали мамлакатимизга энг сўнгги технологиялар олиб кирилиши таъминланади. Натижада импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами ошади. Шундай экан, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўпроқ енгиллик ва қулайлик тақдим этиш талаб қилинади. Бугунги тадбирда ҳам асосий эътиборни шу масалага қаратдик. Лойиҳаларни амалга оширишда божхона иши, шунингдек, бошқа жиҳатлар билан боғлиқ  масалаларни ҳал этиш, мавжуд муаммоларни атрофлича ўрганиш ва ечиш, тадбиркорларни тегишли имтиёз ва имкониятлардан хабардор қилиш кун тартибидан асосий ўрин эгаллади.

Давра суҳбатида инвестиция лойиҳалари ижроси қандай кетаётгани ҳам кўздан кечирилди. Билдирилишича, Қарши туманидаги “Lt Textile” хорижий корхонаси томонидан илгари сурилган йирик истиқболли лойиҳанинг иккинчи босқичини ишга тушириш бўйича ишлар жадал давом этмоқда. Бу жараёнда келгусида тармоққа 100 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий сармоя жалб қилиниши кўзда тутилган. Бунинг самарасида корхонада ип-калавадан мато тўқиш қуввати ташкил этилади. Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering Co., Ltd” компанияси бош пудратчи сифатида Ғузор туманида GTL заводини қуриш ишларини бажармоқда. Бу мамлакатимиз нефть-газ саноати равнақи учун энг муҳим лойиҳалардан бири сифатида баҳоланади. Қолаверса, тадбирда Қарши шаҳридаги “Qarshi leather” қўшма корхонаси ташаббускорлигидаги терига ишлов беришни кўзда тутувчи лойиҳанинг кейинги босқичи ҳолатига ҳам баҳо берилди.

Давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимиз божхона қонунчилигида жорий этилган янги тартиб-таомиллар, енгилликлар билан ҳам яқиндан таништирилди. Инвесторлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олди.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo