Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 январь, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

08.01.2021


Инвесторларнинг бири 30 минг, бошқаси 30 миллион доллар сармоя киритган

Нишон тумани ҳокимлиги инвестиция ва ташқи савдо бўлими маълумотларига кўра, Афғонистон Ислом Республикаси сармоядорлари билан биргаликда тузилган “Nishan chickens” МЧЖ қўшма корхонаси пахта тозалаш корхонасига тегишли, узоқ йиллар давомида фаолият кўрсатмасдан бўш турган бинони ижарага олди. 10 минг дона жўжа боқишга мослашган мазкур бино тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, гўшт йўналишида товуқ етиштириш лойиҳаси йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда бу ерда 12 та янги иш ўрни яратилган. Инвестор шу пайтгача 30 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган бўлиб, жорий йилда бу кўрсаткични 70 минг долларга етказиш ниятида.

“Индорама-агро” кластер хорижий корхонаси эса ўтган йили 30 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритгани эътиборга молик.

Қолаверса, “Jayra ton” МЧЖ қўшма корхонасининг чорвачилик ва боғдорчиликни (писта, бодом) ривожлантириш лойиҳаси учун 90 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Шунга монанд, 2020 йилда тумандан 501 минг долларлик саноат маҳсулотлари, 2 миллион 228 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга йўналтирилган. Ҳудудда 2020 йил бошида 5 та экспортёр корхона фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 13 тага етган.

“Нишон кўзгу”, “Ўзбекистон” фермер хўжаликлари, “Oydin charm eksport” хусусий корхонаси, “Nishan chickens” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ҳамда “Mega star export” МЧЖ сингари экспортёрлар Латвия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Хитой, Афғонистон давлатларига бройлер товуқлари, қовун-тарвуз, пиёз, ўрик, мош, ловия, нўхат, фасол, карам, жийда ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишган.

Туман ҳокимлигига кўра, бу борада жорий йилда ҳам режалар анча салмоқли. Хусусан,  ҳиндистонлик хамкорлар билан биргаликдаги “Medicare LTD” корхонаси бўш турган бинони олиб, 150 ўринга мўлжалланган диагностика маркази ва даволаш клиникаси ташкил қилиш арафасида. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 1 миллион 200 минг АҚШ долларига тенг.

“Талимаржон махсус монтаж” хусусий корхонаси 500 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя эвазига Россия Федерацияси сармоядорлари билан томат пастаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш заводи қуриш ҳамда завод учун ишлаб чиқариш ускуналари олиб келиш юзасидан дастлабки келишувга эришди. Шу йил охиригача лойиҳанинг дастлабки ишлари бошланади.

Умуман, ушбу йилда туманга 9 миллион 700 минг АҚШ долларилик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши кутилмоқда.

Report typo